Жаҳон | 17:53 / 07.05.2025
1322
3 дақиқада ўқилади

АҚШ суди Pegasus жосуслик дастурини яратган Исроил компаниясини 170 млн доллар жаримага тортди

Ушбу дастур WhatsApp мессенжеридаги заифликлардан фойдаланиб, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритган. Жабрланганлар орасида журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва дипломатлар ҳам бор.

Фото: Getty Images

АҚШ суди Pegasus жосуслик дастурини ишлаб чиққан Исроилнинг NSO Group компанияси зиммасига WhatsApp ва унга эгалик қилувчи Meta компаниясига компенсация сифатида қарийб 170 миллион доллар тўлаш мажбуриятини юклади. Ушбу дастур орқали мессенжердаги заифликлардан фойдаланилган ҳолда аккаунтлар ва мобил телефонлар бузиб кирилган, деб хабар беради Politico.

WhatsApp NSO Group’га қарши 2019 йил октябрда даъво киритган. Унда айтилишича, ўша йилнинг апрел-май ойларида NSO Group 1,4 мингта мобил телефонга Pegasus дастурини ўрнатиш учун WhatsAppʼдаги заифликдан фойдаланган. Хусусан, жосуслик дастури билан журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда Баҳрайн, БАА ва Мексика дипломатларининг қурилмалари зарарланган.

2024 йил декабрда Калифорния округ суди Исроил компаниясини телефонларни бузиб кириш ишида айбдор деб топганди.

Meta компанияси хабарида таъкидланишича, компания NSO Group’нинг WhatsAppʼга ҳужум қилишини тақиқловчи суд қарорига эришади. Компания, шунингдек, Исроил компаниясидан оладиган пулларни рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи ташкилотларга ўтказиб беради.

Суд қарорига изоҳ берган NSO Group яна бир бор Pegasus’га нисбатан танқидларни рад этиб, ушбу дастур «жиддий жиноятлар, жумладан, террорчилик ҳаракатларининг олдини олишда муҳим рол ўйнаши ва ваколатли давлат органлари томонидан масъулият билан фойдаланилиши»ни маълум қилди.

Pegasus — Исроил махсус хизматларидан чиққан шахслар томонидан асос солинган NSO Group компанияси маҳсулоти. Улар Pegasus’ни дунё бўйлаб фақат ҳукумат мижозларига сотишини таъкидлаб келади. Дастурчиларга кўра, Pegasus террорчиларни кузатишга мўлжалланган, аммо ҳукуматлар ундан мустақил журналистлар ва мухолифатга қарши фойдаланмоқда. Жосуслик дастури телефонда маълумотлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг апрелида Испания Олий суди Исроил NSO Group компаниясининг Pegasus жосуслик дастуридан фойдаланган ҳолда бош вазир Педро Санчес ва бошқа испан сиёсатчиларининг телефонлари бузиб кирилгани эҳтимоли бўйича терговни қайта бошлаган эди.

Мавзуга оид