Жаҳон | 18:26 / 07.05.2025
3170
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Покистонга сув етказиб беришни тўхтатди

Энди Ҳиндистоннинг суви мамлакат манфаати учун оқади, деди мамлакат бош вазири.

Фото: Reuters

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Покистон билан давом этаётган можаро фонида Ҳиндистон сувлари мамлакат манфаати учун ишлатилишини айтди.

Тадбирлардан бирида Моди Покистон билан давом этаётган кескинлик фонида «Ҳинд дарёси сувлари тўғрисидаги» шартномага оид баҳсли масалани кўтарди, деб хабар берди NDTV.

Матбуотда бу мавзуда жуда кўп муҳокамалар бўлганига диққат қаратган Моди, «Ўтмишда Ҳиндистоннинг ҳаққи бўлган сув мамлакат ташқарисига оқиб кетаётган эди. Энди Ҳиндистоннинг суви мамлакат манфаати учун оқади, мамлакат манфаати учун сақланади ва мамлакат манфаати учун фойдаланилади», деди.

Бош вазир ўз нутқида Покистон номини тилга олмади.

Панжоб ирригация департаментининг юқори мартабали расмийси Ҳиндистон Покистонга сув етказиб беришни тўхтатганини тасдиқлади, деб хабар берди Dawn нашри.

«Ҳинд дарёси сувлари тўғрисидаги» шартнома - Ҳиндистон ва Покистон ўртасида 1960 йил 19 сентябрда Қарочи шаҳрида Жаҳон банки воситачилигида имзоланган битим. У Ҳимолой тоғларидан бошланиб, баҳсли Кашмир ҳудудидан оқиб ўтувчи Ҳинд ҳавзасининг олти дарёси сувларининг тақсимланишини тартибга солади.

Шартномага мувофиқ, Покистон учта ғарбий дарё: Ҳинд, Желум ва Ченаб устидан назоратни қўлга киритди. Ҳиндистон учта шарқий дарёлар устидан назоратни қўлга киритди: Рави, Беас ва Сутлеж.

Шунингдек, шартнома Ҳиндистонга ғарбий дарёларнинг сувларидан суғориш ва истеъмол қилинмайдиган мақсадларда, масалан, гидроэнергетика ва навигация учун чекланган тарзда фойдаланиш имконини беради.

2025 йил апрелида Ҳиндистон Кашмирда 26 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактдан сўнг шартномани тўхтатди. Ҳиндистон икки давлат муносабатларининг кескин ёмонлашувига олиб келган ҳужумда Покистон гуруҳларини айблади.

Бунга жавобан Ҳиндистон Ченаб ва Желум дарёларида, жумладан, Пакал Дул, Киру, Квар ва Ратле лойиҳалари бўйича гидроэлектр иншоотлари қурилишини жадаллаштиришга киришди. Салал ва Баглиҳор тўғонларидаги сув омборлари сиғимини ошириш ишлари ҳам бошланди.

Покистон бу ҳаракатларни ўзининг сув хавфсизлигига таҳдид деб билади ва сув оқимини тўсиб қўйиш ёки бошқа томонга буриш бўйича ҳар қандай уриниш босқинчилик ҳаракати сифатида кўрилишини маълум қилди.

Шартноманинг тўхтатилиши Покистоннинг Ҳинд дарёсига қарамлигини ҳисобга олиб, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳалари учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Халқаро экспертлар можаро авж олиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда ва давлатлар ўртасида мулоқотни қайта бошлашга чақирмоқда.

Мавзуга оид