Жаҳон | 13:32 / 07.05.2025
2491
8 дақиқада ўқилади

Покистонга ҳужум қилган Ҳиндистон, геноцидга шерикликда айбланган АҚШ ва Германиянинг янги канцлери – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳиндистон Покистон ҳудудига ракета зарбалари берди, Покистон жавоб қайтарди

Ҳиндистон томони «Синдур операцияси»ни бошлаб, Покистон ҳудудидаги объектларга ракета зарбаларини йўллади.

7 майга ўтар кечаси Кашмирнинг Покистонга қарашли қисмида портлашлар юз берди. Гувоҳларнинг айтишича, ярим тундан кейин Музаффаробод шаҳри атрофига ракета зарбалари берилган. Портлашлардан кейин шаҳарда электр энергияси таъминоти узилган.

Ҳиндистон ҳукумати Покистондаги «террорчилик» инфратузилмаларига қарши зарбалар берганини маълум қилди. Таъкидланишича, Ҳиндистон «Синдур операцияси» доирасида тўққизта объектга ҳужум қилган. Маълумотларга кўра, ҳинд томони «ер-ер» синфидаги баллистик ракеталардан фойдаланган.

«Ҳиндистон Қуролли кучлари террорчилар лагерларига аниқ зарбаларни амалга оширди. Покистон ҳарбий объектлари ҳужумга учрамади», — дейилади Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги хабарида.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф «айёр душман Покистоннинг беш ҳудудига қўрқоқларча ҳужумлар уюштиргани» ва Исломобод бунга жавоб беришини айтди. Бу ҳақда сиёсатчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзган.

Шарифнинг сўзларига кўра, Покистон «Ҳиндистон томонининг бу уруш актига қатъий жавоб беришга тўлиқ ҳақли». Унинг таъкидлашича, бундай жавоб «аллақачон берилган». Бундан ташқари, Шаҳбоз Шариф маҳаллий вақт билан чоршанба куни эрталаб соат 10:00 га белгиланган Покистон Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирди.

Покистон армиясининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ходими Аҳмад Шарифга кўра, Ҳиндистон ҳужумлари натижасида саккиз киши ҳалок бўлган, 35 киши жароҳатланган ва икки киши бедарак йўқолган. «Ҳиндистон бу қўрқоқ ҳужум орқали эришган вақтинчалик бахт доимий қайғу билан алмаштирилади», деган Покистон расмийси.

Шунингдек, Покистон ҳаво кучлари Ҳиндистоннинг 5 қирувчи самолёти ва дрони уриб туширилганини, Кашмирдаги бўлиниш чизиғи бўйлаб Ҳиндистон пости вайрон қилингани ҳақида хабар берди. Ҳиндистон армияси бу даъволарни тасдиқламади.

Конгрессмен АҚШни Фаластиндаги «геноцидга шерикликда» айблади

АҚШ Вакиллар палатасининг Демократик партиядан аъзоси Рашида Тлаиб Қўшма Штатларни «геноцид»га шерикликда айблади.

X ижтимоий тармоғида чоп этилган баёнотида Тлаиб Исроил ҳукуматининг қарорига кескин муносабат билдирди.

«Исроил 64 кундан бери инсонпарварлик ёрдамининг Ғазога киришига тўсқинлик қилмоқда. Уруш жиноятчиси Бинямин Нетаняху бутун Фаластин аҳолисини мажбуран чиқариб юбориш, этник тозалаш, Ғазони бутунлай вайрон қилиш ва уни аннексия қилишни назарда тутувчи режани ошкор қилди», — деб ёзади у.

Тлаибнинг сўзларига кўра, Исроил бошиданоқ бу йўлни танлаган. «Қўшма Штатлар бу геноциднинг шериги», деб таъкидлади сиёсатчи.

Аввалроқ Исроил ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси Ғазо секторидаги «ҳудудларни тўлиқ босиб олиш» ва улар устидан «барқарор назорат» ўрнатишни назарда тутувчи “Ҳамас ташкилотини йўқ қилиш» бўйича оператив режани тасдиқлаган эди.

Гап мақсадли рейдлар ҳақида эмас, балки «ҳудудларни тўлиқ босиб олиш ва улар устидан барқарор назорат ўрнатиш ҳақида» кетмоқда.

Фридрих Мерц Германия канцлери этиб сайланди

Немис консерваторлари етакчиси Фридрих Мерц Бундестагда такрорий овоз бериш натижаларига кўра Германиянинг янги канцлери этиб тасдиқланди.

Такрорий овоз бериш жараёнида Мерц учун 325 нафар депутат овоз берди, сайланиш учун камида 316 овоз талаб этиларди. Парламентнинг 289 нафар аъзоси унинг номзодига қарши чиққан. Бир депутат бетараф қолган, учта овоз ҳақиқий эмас деб топилган.

Парламентдаги овоз бериш жараёнидан сўнг, Мерц Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер ҳузурига борди, у «Христиан-демократик иттифоқ» ва «Христиан-социал иттифоқ» блоки раҳбарини расман янги канцлер этиб тайинлади. Мерц – II жаҳон урушидан сўнг Германия тарихидаги ўнинчи канцлерга айланди.

Шимолий Корея Россияга 15 минг меҳнат муҳожирини юборди

Шимолий Корея Россияга 15 мингга яқин ишчи юборди, деб ёзади The Wall Street Journal Жанубий Корея разведкасига таяниб. КХДРдан кўплаб меҳнат муҳожирлари Россия Федерациясига талаба визаси билан кирган, деб ёзади нашр. Унга кўра, Сеулдаги разведка бошқармаси бу маълумотни 30 апрель куни қонун чиқарувчиларга тақдим этган.

Ҳозирда шимолий кореялик ишчилар асосан Россиянинг Узоқ шарқида ишламоқда, бироқ Россия бизнеси ва расмийлар шимолий кореялик муҳожирлар тез орада йирик шаҳарларга, жумладан, Москвага етиб боришидан умидвор. Маҳаллий иш берувчилар шимолий кореяликларни кам маош эвазига кунига 12 соат ишлашга тайёр эканликлари учун қадрлашади, дея хабар беради WSJ.

The Wall Street Journal шунингдек, Россия расмийларининг маълумотларига таяниб, 2024 йилда Россияга кирган Шимолий Корея фуқаролари сони ўтган йилга нисбатан 12 баравар кўп бўлганини ёзди. Шу билан бирга, БМТ Хавфсизлик Кенгаши кореялик меҳнат муҳожирларидан хорижда фойдаланишни тақиқлайди, бироқ Россия ва Хитой бу тақиқни бир неча бор бузган, дейди америкалик журналистлар.

ЕИ Путинга Украинага ҳарбий ёрдамни икки баравар ошириш билан таҳдид қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Владимир Путинни урушни тезда тугатишга кўндира олмаса, Европа Иттифоқи давлатлари Украинага ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада ошириши мумкин, деди Европа Иттифоқи мудофаа комиссари Андрюс Кубилюс. Унинг сўзларига кўра, ЕИ ва АҚШ ҳозиргача Киевга йилига 40 миллиард еврога яқин ҳарбий ёрдам кўрсатган, бироқ бу маблағларни тўғридан тўғри украиналик ишлаб чиқарувчилардан арзонроқ қурол сотиб олишга йўналтириш орқали самаралироқ фойдаланиш мумкин. «Бу худди шу 40 миллиард евро эвазига Украина оладиган қуроллар миқдорини амалда икки баробарга оширади. Бизнинг қўллаб-қувватлашимизнинг ҳақиқий қиймати 80 миллиард еврогача кўтарилади», деб ёзди Кубилюс Х ижтимоий тармоғида.

Европа комиссарининг эслатишича, Европа Иттифоқи мамлакатларида Украинага ёрдам беришнинг янги воситаси бор — улар Киев учун ҳарбий харидларни молиялаштиришда мудофаа кредитларидан фойдаланишлари мумкин. “Тинчлик орқали куч” формуласи амалда айнан шундай ишлаши мумкин.

Трамп Марк Карни билан учрашиб, яна бир бор Канада АҚШ 51-штатига айланиши мумкинлигини айтди

АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Канада бош вазири Марк Карни билан учрашди. Америка президенти яна бир бор Канада АҚШнинг 51-штатига айланиши мумкинлиги ва воқеаларнинг бундай ривожи «кўплаб афзалликлар»ни тақдим этишини таъкидлади.

«Кўчмас мулк соҳасидан биласизки, шундай жойлар бўлади, ҳеч қачон сотилмайди», — дейди Марк Карни Трампнинг бу мавзудаги баёнотига жавобан.

Америка президенти эса «ҳеч қачон ҳеч қачон демаслик кераклигини» қайд этган. Шу билан бирга, у Канада бош вазири билан ушбу масалани муҳокама қилиш ниятида эмаслигини билдирган.

Доналд Трамп бир неча бор Канадага АҚШга қўшилишни таклиф қилган. Оттаванинг Вашингтон билан муносабатларига масъул Канада молия вазири Доминик Леблан Америка етакчиси «бу ҳеч қачон содир бўлмаслигини билса-да, шу орқали одамлар орасида саросима пайдо қилмоқчи» эканини айтганди.  

Мавзуга оид