Жаҳон | 11:42 / 07.05.2025
5070
4 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодиров истеъфо сўраши ҳақида гапириб, кейин «уни нотўғри тушунишгани»ни айтди

Рамзан Қодиров интернетнинг ўзбек фойдаланувчилари орасида жуда машҳур шахс. Шу боис унинг атрофидаги навбатдаги воқеага эътибор қаратамиз. Бугун навбатдаги марта Қодиров ишдан кетаркан деган гап чиқди. Фарқи шундаки, бу гал шунчаки одатий миш-миш эмас, истеъфо ҳақида Қодировнинг ўзи гапирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Истеъфо сўрайман»

Олдиндан айтиб қўяй, Рамзан Қодиров ўз каналида селфи видео икки миллиондан ортиқ ўқувчиларига мен истеъфога чиқяпман, деб айтгани йўқ. Бунақа демаса ҳам керак. Лекин Қодиров чиндан истеъфога чиқишни сўрагани ҳақида гапирди.

Охирги кунларда Рамзан Қодиров ҳақида турли миш-мишлар тарқалган, Россиядаги мустақил нашрлар Чеченистон раҳбари касалхонада тунаб қолаётгани ҳақида ёзганди. Шу гаплар фонида Чеченистон давлат нашрларида Қодировнинг гаплари эълон қилинди. «Чечня сегодня» нашрининг ёзишича, «Ғалаба дарахти» акциясида қатнашган Қодиров журналистларнинг миш-мишлар ҳақидаги саволига жавоб берган.

«Мен ҳам эшитдим, ҳар хил гаплар ёзишяпти. Қайтанга мен вазифамдан озод қилишларини сўрайман. Бошқа одамда бошқача ташаббуслар, ўз қараши бўлади. Умид қиламан, менинг сўровимни қабул қилишади», деб Қодировнинг сўзларини келтирган чечен давлат нашри.

Шунингдек, постда Қодиров Владимир Путиндан қандай маслаҳат олгани ҳам ёзилган. Чеченистон раҳбарининг айтишича, Путин унга жаҳли чиққанда ётиб ухлашни маслаҳат берган. «Мен шундай қиламан ва ҳаммаси яхши бўлади», деган Қодиров.

Навбатдаги миш-мишлар

Рамзан Қодиров бежизга бу гапларни айтиб чиқмади. Куни кеча Чеченистон ҳақида хабарларни фаол ёритувчи «Новая газета. Европа» нашри Чеченистон раҳбари охирги вақтларда Грознийдаги «Аймед» клиникасида тунаб қолишни одат қилгани, Грознийдан ташқаридаги узоқроқ масофага махсус тиббий вертолётда бораётгани, Қодировга ошқозоности бези некрози ташхиси қўйилгани ҳақида ёзди. Шунингдек, нашр охирги вақтларда Чеченистондаги одатда Қодиров қатнашадиган тадбирларда ҳукумат раҳбари Магомед Даудов иштирок этаётганига эътибор қаратган.

«Мени нотўғри тушунишди»

Бироқ Рамзан Қодиров истеъфога чиқаркан, бу ҳақда ўзи айтибди, деган муҳокамалар бир кунга ҳам чўзилмади. Чеченистон раҳбари кечга бориб икки миллиондан ортиқ ўқувчиси бор каналида уни бошқача тушунишгани ҳақида пост ёзди.

«Кўпчилик менинг истеъфо ҳақидаги гапларим маъносини тушунмабди. Чеченистон раҳбари вазифасида ишлаш-ишламасликни мен ҳал қилмайман. Ҳа, мен сўрашим ёки таклиф қилишим мумкин, лекин бу борада қарорни фақат бир киши – олий бош қўмондон Владимир Путин қабул қиладилар. Мен аскарман, буйруқ бўлдими – бажараман», деб ёзди Қодиров ўз каналида.

Чеченистон раҳбари постга видео ҳам илова қилди. Унда Қодиров турли учрашувларда Путин билан қучоқлашгани акс этган. Видеода Қодировнинг ўғиллари Путин билан учрашгани кўринган кадрлар эътиборни тортади. Охирги вақтларда Рамзан Қодиров 17 ёшли ўғли Адамни ўзининг сиёсий вориси сифатида қараётгани ҳақида гаплар кўпайган. Қодиров бу ўғлига ўз қўриқлаш хизмати раҳбарлиги вазифасини ҳам ишониб топширган.

Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз. Муҳим нимадир содир бўлса, албатта, сизга хабар берамиз. Kun.uz'дан узоқлашманг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид