Жаҳон | 00:31
4963
2 дақиқада ўқилади

«Ғалаба асосан биз туфайли қўлга киритилган». Трамп 8 майни расман Ғалаба куни деб эълон қилди

Оқ уйдаги чиқиши давомида Трамп Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган америкаликларга «ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш керак»лигини таъкидлади.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп 8 май санасини Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба куни деб эълон қилиш ҳақида фармойиш берди. Бу ҳақда 7 май куни Оқ уй сайтида эълон қилинган прокламацияда сўз боради.

«Қурбон бўлган америкалик аскарларсиз бу урушни ютиб бўлмас эди ва бугунги дунё бутунлай бошқача кўринишга бўларди», — дейилади Трампнинг прокламациясида. У, шунингдек, АҚШ «ўз юрти, эркинлик ва Ғарб цивилизацияси омон қолиши учун жонини фидо қилган ҳар бир инсоннинг хотирасини эъзозлашини» таъкидлади.

Оқ уйдаги чиқиши давомида Трамп АҚШ Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган америкаликларга «ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиши керак»лигини маълум қилди.

«Бу ҳафта дунё бўйлаб Иккинчи жаҳон уруши иттифоқчилари байрам қилади, бироқ Қўшма Штатлар ҳеч қачон ушбу ғалабани тўлақонли нишонламаган, гарчи ғалаба асосан биз туфайли қўлга киритилган бўлса ҳам. Сизга ёқадими-йўқми — биз бу урушга киришган ва ютганмиз, бизга бунда кўплаб буюк инсонлар ва иттифоқчилар ёрдам берган. Аммо ҳеч ким бизнинг бу урушдаги етакчи куч бўлганимизни инкор этмайди, деб ўйлайман. Биз эса бу ғалабани нишонламаймиз», — дейди Трамп.

Аввалроқ Трамп 11 ноябр – Америка миллий фахрийлар куни (Буюк Британияда уни Хотира куни сифатида нишонлашади) Биринчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба куни деб ўзгартирилишини эълон қилганди. Трамп буни Қўшма Штатларнинг Германия империяси устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини тўғри баҳолаш зарурати билан изоҳлаган.

Мавзуга оид