Жаҳон | 14:55
2859
2 дақиқада ўқилади

Украина Россиянинг «сулҳнинг биринчи кечаси»даги ҳужумлари ҳақида маълум қилди

Кремль томонидан эълон қилинган ўт очишни тўхтатишнинг биринчи кечасида Украина Қуролли кучлари россияликлар Суми вилояти йўналишида бомбалар учиргани ҳақида хабар берди. Липецк вилоятида дрон ҳужуми таҳдиди эълон қилинди.

Фото: Gleb Garanich/REUTERS

Россия президенти Владимир Путин уч кунга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатганига қарамай, Украина армияси 8 май, пайшанбага ўтар кечаси Россия Федерацияси томонидан ҳужумлар содир этилгани ҳақида хабар берди. Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг Telegram канали Россия тактик авиацияси томонидан Суми вилояти йўналиши бўйича бошқариладиган ҳаво бомбалари учирилгани, шунингдек, «фронт яқинидаги вилоятларда ҳаво қуролларидан фойдаланиш таҳдиди» ҳақида хабар берган. Ҳозирча бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Шу билан бирга, бугун тунда Украина осмонида бирорта ҳам рус дрони қайд этилмаган. Украина дронларининг Россия Федерацияси ҳудудларига оммавий ҳужумлари ҳам тўхтатилди, фақат алоҳида УУА ҳақида хабар берилган. Хусусан, Липецк вилояти губернатори Игор Артамонов 8 майга ўтар кечаси вилоят ҳудудига дрон ҳужуми хавфи борлигини маълум қилди.

Нижний Новгород аэропорти «парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» Москва вақти билан соат 04:30 дан ёпилди, деб хабар қилди Федерал ҳаво транспорти агентлиги. Бир кун олдин, Украина учувчисиз учоқларининг Москва ва Россия Федерациясининг бошқа ҳудудлари йўналиши бўйича амалга оширган оммавий ҳужуми натижасида Россия аэропортлари ишида катта узилишлар юзага келди ва камида 60 минг йўловчи зарар кўрди.

Путин Ғалаба куни шарафига эълон қилган ўт очишни тўхтатиш келишуви уч кун давомида – 8 май куни Москва вақти билан соат 00:00 дан 11 май Москва вақти билан 00.00 гача амал қилади. Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Киев қисқа муддатли ўт очишни тўхтатиш келишувини қабул қилмаслиги ва камида 30 кунлик сулҳни таклиф этаётганини билдирганди.

Мавзуга оид