Жаҳон | 16:53 / 09.05.2025
5742
2 дақиқада ўқилади

Путин ва Си Жинпинг «Украина инқирози»ни муҳокама қилди

Хитой ТИВга кўра, Москва тинчлик музокараларини бошлашга тайёрлигини тасдиқлаган.

Россия ва Хитой раҳбарлари 8 май куни Кремлда бўлиб ўтган музокаралар чоғида «Украина инқирози» масаласида фикр алмашган. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг 9 май куни эрталаб эълон қилинган баёнотида айтилади.

Хабарга кўра, Си Жинпинг Россия-Украина уруши мавзусига тўхталиб, «умумий, кенг қамровли, қўшма ва барқарор глобал хавфсизлик концепсияси»ни илгари сурган.

ХХР раиси, шунингдек, «барча мамлакатлар хавфсизлигининг қонуний манфаатлари жиддий қабул қилиниши ва инқирознинг асосий сабаблари бартараф этилиши керак», деган фикрни билдирган. Унинг сўзларига кўра, Хитой тинчлик саъй-ҳаракатларини олқишлайди ва Москва ва Киев ўртасида ҳар икки томон учун мақбул келишувга эришилишига умид қилмоқда.

Ўз навбатида, Россия президенти Владимир Путин Россия олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тинчлик музокараларини бошлашга тайёрлиги ҳамда адолатли ва мустаҳкам тинчлик келишувига эришишга умид қилишини айтди, дейилади Хитой ТИВ баёнотида.

Кремл эса Россия-Хитой музокаралари ҳақида берган хабарларида томонлар урушни тўхтатиш мавзусини муҳокама қилгани ҳақида тўхталмаган.

Мавзуга оид