Фан-техника | 18:33 / 09.05.2025
1386
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ҳайвонлар овозини инсон тилига ўгирувчи дастур бўйича иш бошланди

Технология уй ҳайвонини қачон оч қолгани, ноқулайлик ҳис қилаётгани ёки эътиборни хоҳлашини тушунишга ёрдам бериши таъкидланмоқда.

Фото: Shutterstock

Хитойнинг Baidu компанияси ҳайвонлар овозини инсон тилига ўгирадиган сунъий интеллект таржимони устида иш бошлади.

Технологиянинг патенти South China Morning Post журналистлари томонидан топилди ва тавсифга кўра, тизим товуш сигналлари, тана тили ва ҳайвонлардаги биологик ўзгаришларни талқин қилиш учун машинадан фойдаланади.

Технология ҳали доктор Дулиттл услубидаги мулоқотни даъво қилмайди, лекин уй ҳайвонини қачон оч қолгани, ноқулайлик ҳис қилаётгани ёки эътиборни хоҳлашини тушунишга ёрдам беради. Таржима турли омилларга асосланади – овознинг оҳангидан тортиб тана ҳолати ва хулқ-атворидаги ўзгаришларгача.

Бу ҳайвонлар учун таржимон яратиш бўйича биринчи уриниш эмас. Масалан, Япониянинг итлар овозини талқин қилувчи қурилмаси Time нашри томонидан 2002 йилнинг энг яхши ихтироларидан бири деб топилган.

Бироқ, ҳозиргача бундай лойиҳалар мукаммал даражага етолмади. Агар Baidu ўз лойиҳасида муваффақият қозонса, бу уй ҳайвонлари эгалари учун ҳақиқий ютуқ бўлиши мумкин.

Мавзуга оид