Ўзбекистон | 19:53 / 10.05.2025
5308
6 дақиқада ўқилади

Танқидга тоқатсизлик белгиси ёхуд жамоатчиликнинг кўзи қандай мойланмоқда?

Қишлоқ хўжалиги соҳасига ёпишган яна бир дард бор: ОАВда чиққан материалларга нисбатан ҳокимият ва бошқа идоралар томонидан кўр-кўрона муносабатлар эълон қилиб, муаммони ёпишга уриниш. Ана шундай ҳолатлардан бири бўкалик деҳқонлар дарди ва Тошкент вилоят ҳокимлиги уни қандай “ёпгани” мисолида таҳлил қилинди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жорий йил 16 апрел куни Kun.uz сайтида касаначи оилаларнинг ерлари тортиб олинаётгани, кўплаб оилалар ҳақ-ҳуқуқи учун курашиши самара бермаётгани ҳақида материал эълон қилинганди.

Унда Тошкент вилоятининг Бўка туманида касаначи аёлларга 5 йил аввал 25 гектар ер бўлиб берилгани, оилалар у ерда 100 мингдан ошиқ тут кўчатлари ўтқазишгани, энди эса тутзор улардан олиб қўйилиб, аукционда сотилаётгани айтилганди.

Жорий йил 18 апрел куни Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот котиби ҳокимликнинг вазиятга муносабатини эълон қилди.

Мазкур муносабатни Фермерлар кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров ёлғон, кўр-кўрона жамоатчиликни чалғитиш деб баҳолайди. Журналист Шокир Шарипов ва Чорихон Қодиров навбатдаги таҳлилда давлат ташкилотлари матбуот хизматларининг ОАВда чиқаётган танқидий материалларга кўр-кўрона ёндашувини таҳлил қилди.       

Ш.Шарипов: Чорихон ака, ўтган кўрсатувда биз сиз билан бирга Бўкадаги вазиятни ёритган эдик – касаначиларнинг ерларини ноқонуний олиб қўйишаётганини. Кейин билсак, ҳокимиятнинг ўзига хос “муносабати” чиқибди...

Ч.Қодиров: Шундай. Кўрсатув чиққанидан кейин фермер хўжалиги номига ҳокимият туҳмат қилиб турибди, “белгиланган ер майдонига ўзбошимчалик билан тут кўчатлари эккан, тузилган шартнома қоидаларига амал қилмаган, ердан бошқа мақсадларда фойдаланиб келган”, деб. Бизнинг ҳимоямиздаги фермер хўжалигига туҳмат қилингани учун қараб туролмаймиз.   

Бу фермер хўжалигининг ери 2019 йил 18 январдаги туман ҳокимлигининг 182-сонли ноқонуний қарори билан мақбуллаштириш вақтида ноқонуний захирага олиб қўйилган. Бу ораликда фермер хўжалиги 2020 йил 3 ноябрга қадар фаолият юритмаган – ери йўқ эди. 2020 йил 17 декабрда Тошкент вилояти маъмурий апелляция суди қарори билан фермернинг ҳуқуқлари тикланган. 2021 йилдан бошлаб фермер далага киришига рухсат берилди. Шу ораликда фермер фаолият юритмаган! Икки йил ўтиб, биз матбуот хизматининг бунақа “муносабатини” олиб турибмиз... Нима эмиш, “фермер фючерс шартномаларини бажармагандан сўнг жавобгарликдан қочиш ва ўз хатоларини яшириш мақсадидаги хўжаликка қарашли ер майдонининг ноқонуний тут кўчатлари экилган қисмини ихтиёрий тарзда давлат захирасига топширган”. Ёлғонни қаранг! Танқидий мақоланинг таъсирини қасддан йўқ қилиб юборишмоқчи булар.

Тошкент вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати эса Бўка тумани ҳокимлиги нима деган бўлса, ўрганмасдан, текширмасдан “муносабат” билдириб юборган.

Ш.Шарипов: Бу каби муносабатнинг оқибати нима бўлади?

Ч.Қодиров: Мен Тошкент вилояти ҳокими бўлганимда нима асосга кўра бундай расмий муносабат билдирганлардан сўрардим. Махсус инспекция тузардим. Чора кўрардим.

Президент оммавий ахборот воситаларида чоп қилинган танқидий мақолаларга нисбатан тўғри, адолатли муносабат билдиришни талаб қилган. Бугун прокуратура органлари матбуот хизмати ёлғон хабар тарқатса, эртага ички ишлар, кейин ҳокимликлар... Халқ кимга ишонсин? Президент администрацияси кимга ишонсин?

Бундай ёлғон ахборот, ёлғон муносабат, ёлғон хабар берганларга чора кўриш керак. Ўртоқ Мирзаев, матбуот хизматингиз айнан сизнинг юзингиз, Тошкент вилояти ҳокимлигининг юзи. Битта ёлғон расмий муносабат билан бутун бошли Тошкент вилояти ҳокимлигининг нуфузи тушибди.

Тошкент вилояти прокуратураси вазиятни юзаки ўрганган. 100 мингдан ошиқ кўчатни ўзининг маблағлари эвазига беш йилдан бери парвариш этиб келган фуқаролар манфаатини ким ҳимоя қилади? Прокурорлик назорати қаёқда қолди?

Kun.uz мақолани эълон қилиб, орқасидан қувмайди деб ўйлашган. Прокуратура ходимлари бу ҳолатда ўз хатоларини англаши керак: 321-қарор билан 352-қарор орасида бир ҳафталик фарқ бор... Шу фарқдан келиб чиқиши керак. Шундагина маълум бўлади. Бир ҳафта ўтиб, рўйхат ўзгартирилган. Коррупция аломатлари кўзга ташланиб турибди.  

Ш.Шарипов: Келинг, масалани кенгроқ оламиз, бу тенденцияни касаллик десак ҳам бўлади, “ёлғон муносабатлар касаллиги деб”, ким бу билан шуғулланиши керак? Қандай барҳам берамиз бу касалликка? Нега қўрқмасдан кўр-кўрона ёлғон хабар беришяпти?

Ч.Қодиров: Бош прокурор топшириғи бор: оммавий ахборот воситаларида чоп қилинган ҳар қандай танқидий мақолалар атрофлича ўрганилсин ва қонуний муносабат билдирилсин, деган топшириқ, буйруқ. Республика бош прокурорининг айнан шу соҳада назорат қилувчи бўлими ҳам бўлса керак. Оммавий ахборот воситаларида чоп қилинган танқидий мақолага нисбатан юзаки муносабат билдирган ҳар қандай ходим текширилиши керак.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Мавзуга оид