Ўзбекистон | 19:00
1260
13 дақиқада ўқилади

E-Huquqshunos тизими қуйи бўғиндаги давлат идораларининг ишини енгиллаштирди

Адлия вазирлиги томонидан “Unicon-Soft” билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тизим орқали давлат органлари ва ташкилотларининг қуйи бўғинида юридик масалалар бўйича иш юритуви тўлиқ рақамлаштирилиб, қоғозбозликка барҳам берилди. Натижада қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифати ошиб, қонунларга мувофиқлиги таъминланди, жараён автоматлашгани боис инсон омили туфайли келиб чиқадиган хатоларнинг олди олинди, узлуксиз техник қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилгани ҳисобига иш юритиш осонлашди, демоқда фойдаланувчилар

Адлия вазирлиги Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бош маслаҳатчиси Мусохон Меҳмоновнинг таъкидлашича, E-Huquqshunos электрон тизимини жорий этилгунча бўлган даврда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик тусдаги ҳужжатларни қайта ишлаш, уларга ҳуқуқий хулоса тайёрлаш, талабнома ва даъво аризаларини юритиш каби жараёнлари мувофиқлаштирувчи яхлит платформа мавжуд бўлмаган. Бу эса юридик хизматлар ходимлари томонидан амалга оширилган ишларни етарлича баҳолаш, ходимлар фаолиятини таҳлил қилишга имкон бермаган.

“Давлат органлари томонидан ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар лойиҳаларини иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, республика миқёсида ҳуқуқни бир хил қўллаш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган. Шу мақсадда давлат органи ва ташкилотларида юрисконсульт лавозими, юридик хизматлар фаолияти йўлга қўйилган эди. Бироқ, турли объектив ва субъектив омиллар давлат органлари ва ташкилотларининг туман даражасидаги бўлинмаларига талаб даражасида юридик хизмат кўрсатиш имконини бермади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5168-сонли қарори қабул қилиниши ортидан юқоридаги муаммо ўз ечимини топди. Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди.

Бу эса қуйи бўғиндаги давлат органлари ва ташкилотларига сифатли ва профессионал ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, иш юритувидаги ҳужжатларни бирхиллаштириш имконини берди. Бундан ташқари, шу пайтгача юридик хизмат билан таъминланмаган 21 мингдан ортиқ давлат органи ва ташкилотининг туман (шаҳар) бўлинмалари, давлат умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалари қамраб олинди”, дейди Мусохон Меҳмонов.

Бугунги кунда давлат идораларининг ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнлари E-huquqshunos” электрон тизими орқали амалга оширилмоқда. Натижада юридик хизмат кўрсатиладиган қуйи бўғиндаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, уларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш, давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш амалиёти шакллантирилди.

“E-huquqshunos” тизими қуйидаги имкониятларни тақдим этмоқда:

  • 20 та вазирлик ва идораларнинг қуйи бўғинлари, давлат тасарруфидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникаларга масофадан туриб марказлашган, сифатли ва профессионал юридик хизматлар кўрсатилмоқда;
  • электрон тизимга шартнома, буйруқ ва бошқа юридик тусдаги ҳужжатлар киритилган ҳамда улардан эркин фойдаланиш мумкин, бу эса юридик маълумотга эга бўлмаган ходимларга қулай ҳисобланади;
  • ташкилотлар ҳамда юридик хизмат кўрсатиш марказлари ўртасидаги муносабатлар тўлиқ электрон шаклда амалга ошириляпти;
  • тизимда кўрсатилаётган юридик хизматлар бўйича электрон статистика ва бошқа ҳисоботларни олиш автоматлаштирилди;
  • талабнома, даъво аризаларини ишлаб чиқиш ва юритиш бевосита тизимнинг ўзида амалга оширилади;
  • қабул қилинаётган ҳужжатларнинг лойиҳаларида коррупциявий омилларга йўл қўйилмаяпти;
  • юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга нисбатан ўтказиладиган текширишларда масофавий тарзда иштирок этиш ҳамда уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бера олади;
  • Адлия вазирлиги томонидан электрон тизим орқали туман (шаҳар)ларида юридик хизмат кўрсатиш марказларида ишлаётган ҳар бир ходимнинг фаолиятига баҳо берилиши учун имконият яратилган.

Мусохон Меҳмоновга кўра, юқоридаги масалалар 2021 йилгача катта муаммо бўлган, айнан “E-huquqshunos” электрон тизими жорий этилиши натижасида уларга ечим топилган.

Таъкидлаш керакки, “UNICON-SOFT” МЧЖ томонидан “E-huquqshunos” тизимига уланган республикамизнинг 208 та туман ва шаҳарларидаги давлат органлари ва ташкилотларига улар жойлашган ҳудуднинг ўзида зарур техник хизматлар ва кўмак кўрсатилиб келмоқда. Бунинг учун бутун республика миқёсида олти юз нафардан ортиқ ходим бириктирилган.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистондаги давлат тасарруфидаги барча умумтаълим мактаблари, давлат мактабгача таълим ташкилотлари, кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникаларга “E-huquqshunos” тизими орқали марказлашган юридик хизмат кўрсатиб келиняпти. Шу пайтга қадар ушбу муассасаларнинг масъул ходимларини тизимдан тўлақонли фойдаланишга ўргатиш мақсадида мунтазам равишда ўқув семинарлари ўтказилди, фойдаланувчиларнинг тизимдан эркин фойдаланиши жараёнида юзага келадиган тушунмовчиликларни зудлик билан ҳал қилувчи механизм ишга туширилди.

Бевосита рақамларга тўхталадиган бўлсак, “E-huquqshunos” тизими орқали 2024 йил давомида республикадаги барча юридик хизмат кўрсатиш марказларга жами 8 854 540 та ҳужжат келиб тушган (мазкур рақам 2023 йилга нисбатан 13 фоизга кўп). Шундан ижобий хулосалар – 8 360 320 та (2023 йилга нисбатан 14 фоизга ошган), салбий хулосалар – 87 237 та (2023 йилга нисбатан 43 фоизга камайган).

Келинг, энди ҳужжатларнинг электрон шаклда юритилиши натижасида нималар тежаб қолинаётганини ҳисоб-китоб қилиб кўрсак. “E-huquqshunos” тизими орқали ҳужжатлар электрон шаклда юборилиши натижасида 2024 йил давомида тизим орқали қабул қилинган ва кўриб чиқилган 8 854 540 та ҳужжат ўртача уч варақдан иборат бўлган деб олинса, тахминан 27 174 094 варақ (135,87 тонна) қоғоз сарфланишининг олди олинган (лекин кўпинча ҳужжатлар бир ёки икки варақдан иборат бўлмаслиги, аксар ҳужжатларнинг иловалари бўлиши, шунингдек, қоғоз шаклида ҳужжатлардаги камчиликларни улар бир неча марта чоп этилиши инобатга олинса, тежаб қолинган қоғоз миқдори бундан анча кўп экани ойдинлашади).

1 варақ қоғозни принтердан чиқариш учун тахминан 0,01 кВт-соат энергия сарфланади деб ҳисобласак, 27 миллион варақдан кўпроқ қоғозни чоп этиш учун 271 мВт-соат электр энергияси тежалиши мумкин. Бугунги кунда давлат идораларида энг кўп фойдаланиладиган учтаси бирда принтернинг катриджи ўртача 1600 варақ қоғоз учун мўлжалланган бўлиб, 27,1 млн варақ қоғозни чоп этиш учун катрижларни қарийб 17 минг марта буёқ билан тўлдириш талаб этиларди.

Шу билан бирга, электрон шаклда ҳужжатлар билан ишлаш орқали транспорт харажатлари, архивлаш ва сақлаш билан боғлиқ инфратузилма талаблари ҳам қисқарган. Бу орқали давлат бюджетига ва фуқароларга қўшимча моддий фойда келтирилган. ​

Тизим фаолиятини такомиллаштириш юзасидан Адлия вазирлигидан “UNICON-SOFT” МЧЖга мунтазам равишда таклифлар келиб туради. Ана шу таклифлар асосида 2023 йилда “E-huquqshunos” электрон тизимининг янада такомиллашган, қўшимча имкониятларга ва қулай интерфейсга эга янги талқини ишлаб чиқилди. Жорий этилган янгиликлар мазмун-моҳияти барчага тушунарли бўлишини таъминлаш мақсадида юридик хизмат марказлари ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатиладиган ташкилот ходимлари учун “E-huquqshunos” электрон тизимидан фойдаланиш бўйича видеоқўлланмалар тайёрланиб, тизимга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, ташкилотлар томонидан юридик хизмат кўрсатиш ҳуқуқий хулосалари устидан электрон тизими орқали шикоят бериш ва аппеляция тартибида кўриб чиқиш механизми жорий қилинди. Механизмга кўра, апелляция тартибида кўриб чиқилган шикоятларни асосли ёки асоссиз эканлигини тасдиқлагандан сўнг марказларга тизим орқали жавоб хати жўнатилади. Ташкилотлар шикоятларга берилган жавоб хатларидан норози бўлган тақдирда тизим орқали тўғридан-тўғри Адлия вазирлигига мурожаат қилиш имкониятига эга.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги таклифи асосида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ва юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ўртасида хабар алмашиш учун онлайн “чат” яратилди. Мазкур чат ёрдамида тизим фойдаланувчилари ўзаро ёзишиши, файллар алмашиши мумкин.

“Дастлабки даврда юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 12 турдаги давлат органлари ва ташкилотларининг туман даражасидаги бўлинмаларига хизмат кўрсатилган бўлиб, электрон тизимнинг имкониятлари ҳам айнан шу 12 та ташкилотга мосланган эди. Бугунги кунда эса марказлар томонидан ўртача 100 дан ортиқ ташкилотларга хизмат кўрсатилмоқда.

Ташкилотлар сонининг кўпайиши тизимнинг қувватини ошириш, унда мавжуд ҳужжатлар лойиҳаларининг турини кўпайтириш тақозо қилди. “E-huquqshunos”нинг янгиланган талқинида ана шу масалалар ўз ечимини топди”, дейди Мусохон Меҳмонов.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан “E-huquqshunos” электрон тизимида ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш Meta усулига ўтказилмоқда. Бу орқали давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари юридик тусдаги ҳужжат лойиҳасини тўлагигача ишлаб чиқмайди. Балки лойиҳа бўйича керакли бандларнигина тўлдиради. Қолган жараёнлар автомат равишда амалга оширилади.

Бунда ташкилот томонидан ходимнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) киритилганда керакли барча маълумотлар автомат равишда шакллантирилади. Қолаверса, тизим Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини тугатганлиги тўғрисидаги диплом маълумотлар базаси – “diplom.edu.uz” тизими, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Ягона миллий меҳнат “my.mehnat.uz” тизими, “Давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини бошқаришга оид фаолиятини рақамлаштириш ахборот тизими – hrm.argos.uz, ФҲДЁ маълумотлар базаси билан интеграция қилинган бўлиб, мазкур қулайликлар туфайли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда уларга хулоса беришга сарфлаётган вақт тежалишига хизмат қилмоқда.

Марғилон шаҳар адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Қаҳрамон Ғиёсов “E-huquqshunos” электрон тизими ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунларга мувофиқлигини тез ва осон кўриб чиқиш имконини бераётганини таъкидлайди.

“Электрон тизим орқали юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар билан масофавий ишлаш йўлга қўйилган. Платформада фойдаланувчиларнинг барча ҳаракатлари рўй-рост кўриниб туради, бу эса ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, электрон тизимга ўтилиши натижасида давлат органлари ва ташкилотларида қоғоз сарфи анчагина қисқарди.

“E-huquqshunos” орқали юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тез, осон ва қонуний кўриб чиқиш имконияти яратилди. Барча жараён шаффоф бўлгани ҳисобига марказ ходимларининг давлат органлари ва ташкилотларининг юридик ҳужжат лойиҳалари асоссиз равишда салбий хулоса бериш ёки рад қилиши мониторинг йўли билан бартараф этилмоқда.

Айниқса, тизимнинг янгиланган талқинида ҳужжат лойиҳалари барча ходимларга тенг тақсимланади. Натижада бу меҳнат самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда. “E-huquqshunos”нинг янгиланган талқинида лойиҳаларга илова қилинган ҳужжатларни сақламасдан ҳам кўриб чиқиш мумкин. Бу эса иловаларни кўриб чиқишга сарфланадиган вақт тежалишига олиб келди.

Ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқиш муддати дастур томонидан автомат равишда белгиланади. Муддати ўтадиган лойиҳалар алоҳида ранглар билан белгилаб қўйилган бўлиб, бу орқали муддатларни ўтказиб юборилишининг олди олинди”, — дейди Қаҳрамон Ғиёсов.

“Мактабгача таълим ташкилотида ишлайман. Илгари текширув келганда ҳужжатлардаги камчиликлар, ҳужжатларни юритишдаги тушунмовчиликлар сабаб кўплаб муаммоларга дуч келардик. “E-huquqshunos” электрон тизими орқали мушкулимиз осон, оғиримиз енгил бўляпти.

Тизим фойдаланувчилар учун анча қулай қилиб ишланган. У орқали оворагарчиликларга барҳам берилди. Бундан жуда мамнунмиз”, — дейди Марғилон шаҳар 25-сонли МТТ директори Зулфияхон Отажонова.

“E-huquqshunos” электрон тизимини ташкилотлар фаолиятида самарали жорий этиш, ходимларга тизимдан фойдаланишни кўллаб-қувватлаш мақсадида республикамизнинг 14 та ҳудуди, шунингдек, ҳар бир туман (шаҳар)ларида “UNICON-SOFT” МЧЖ ҳудудий филиаллари ишга туширилган бўлиб, бунинг натижасида 1 000 дан зиёд ишчи ўринлари яратилган. Ҳар бир ташкилотга алоҳида масъул ходим бириктирилган бўлиб, ташкилотлардан келиб тушган таклиф ва эътирозлар тезкор кўриб чиқилиши механизми йўлга қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, “E-huquqshunos” электрон тизими орқали республиканинг 208 та туман (шаҳар)идаги давлат ташкилотлари малакали юридик хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлмоқда. Бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли талқинлар ва инсон омили билан боғлиқ хатоларга йўл қўйилишининг олдини олмоқда, республика миқёсида ҳуқуқ бир хилда қўлланишини таъминламоқда. Барча жараёнлар рақамлаштирилгани фойдаланувчиларнинг ҳам вақти, ҳам нақдини тежамоқда.