“Биз уларга қўшила олмаймиз”. Халқ демократик партияси парламентда ўзини мухолифат деб эълон қилди
Қонунчиликка кўра, ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партия фракцияси ўзини мухолифат деб эълон қилиш ҳуқуқига эга. ХДП айнан шу имкониятдан фойдаланган ҳолда, мухолифат мақомини расман қабул қилди ва фаолиятини янада қатъийроқ сиёсий позиция билан олиб боришини маълум қилди.

Фото: Халқ демократик партияси
Ўзбекистон сиёсий саҳнасида муҳим воқелик рўй берди — Халқ демократик партияси (ХДП) расман ўзини парламентда мухолифат деб эълон қилди. Бу ҳақда партия етакчиси Улуғбек Иноятов Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида расмий баёнот берди.
Баёнотда таъкидланишича, улар бу қарорга парламентда шаклланган "Тараққиёт блоки" ва ҳукуматнинг иқтисодий ва ижтимоий сиёсатдаги айрим йўналишлари билан келиша олмагани туфайли келган. Тараққиёт блоки бир ҳафта аввал ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партиялари орасида тузилган эди.
Жумладан, стратегик компанияларнинг хусусийлаштирилиши, пенсия тизимида бозор механизмларига ўтиш, коммунал тўловларда ижтимоий ҳимоя бўйича стратегиянинг йўқлиги, уй-жой қурилишида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларининг ҳанузга қадар ишлаб чиқилмагани ва солиқ ислоҳотларида табақалаштириш принципининг амалда йўқлиги партиянинг кескин танқидларига сабаб бўлди.
ХДП фракцияси энди қонун лойиҳалари бўйича муқобил таклифларини киритиш, ҳукумат дастурларини танқидий баҳолаш ва парламент назоратини кучайтириш каби вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шунга қўшимча, партия ижтимоий тенглик ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган ғоя ва ташаббусларини илгари суришда давом этишини таъкидлади.
Бироз олдинроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилган эди. Мазкур қонун ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси учун кенгайтирилаётган ҳуқуқ ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишни кафолатлайди. Халқ демократик партиясининг ўзини парламентда мухолифат деб эълон қилиши шу воқеалар фонида юз берди. Мухолифат сифатида фаолият юритиш имконияти парламентда турли фикрларни эркин билдириш, таклиф ва ечимлар орқали қонунларга таъсир ўтказиш имконини беради.
Мавзуга оид

14:00 / 25.10.2024
ХДП ўз сайловолди ташвиқотини уйма-уй давом эттиряпти

10:00 / 20.10.2024
Ижтимоий давлатга самарали ижтимоий ҳимоя сиёсати орқали эришамиз!

20:09 / 06.09.2024
Халқ демократик партиясининг XIV қурултойи бўлиб ўтди

19:20 / 26.06.2023