Жаҳон | 19:47 / 13.05.2025
1433
2 дақиқада ўқилади

Мисрда 5 нафар ўзбекистонлик мамлакатда бўлиш қоидаларини бузгани учун ушланди

Улардан бири Мисрда қонуний асосда бўлиб турганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этганидан сўнг қўйиб юборилган.

Фото: AFP/Getty Images

Қоҳирадаги полиция бўлимларида Мисрда бўлиб туриш қоидаларини бузган ўзбекистонликлар ҳибсда сақланаётгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси хабар берди.

Сўнгги вақтларда Мисрда бўлиб турган кўплаб хорижликлар, жумладан, таълим олиш мақсадида келганларга нисбатан маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан уларнинг мамлакатда қонуний яшашлари юзасидан фаол текширув тадбирлари амалга оширилаётгани кузатилмоқда.

Қайд этилишича, элчихона вакиллари томонидан Қоҳира шаҳри Наср шаҳарчасида жойлашган масъул полиция бўлимларига қўшимча ташрифлар ва мулоқотлар амалга оширилган. 13 май ҳолатига кўра, кўплаб хорижликлар қаторида 5 нафар ўзбекистонлик мамлакатда бўлиш қоидаларини бузгани сабабли ушлаб турилгани аниқланди.

Шу билан бирга, 1 нафар Ўзбекистон фуқаросининг Миср ҳудудида қонуний асосда бўлиб турганини тасдиқловчи аниқ ҳужжатлари тақдим этилганидан сўнг вақтинча сақлаш марказидан чиқаришга эришилган. Қолган фуқароларнинг ҳолати юзасидан маҳаллий қонунчилик доирасида ўрнатилган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши ва қарор қабул қилиниши таъкидланмоқда.

Элчихона томонидан тегишли тезкор ҳуқуқий ёрдамни амалга оширишни таъминлаш мақсадида бу каби текширув тадбирлари давомида ушланган фуқаролар юзасидан элчихонага кечиктирмасдан маълум қилиш тавсия этилади (боғланиш маълумотлари: +20233364516, +20233361723 ва Telegram: @shtabegypt).

Шунингдек, Ўзбекистон элчихонаси ватандошлардан Мисрда бўлиш қоидаларига қатъий амал қилишлари лозимлигини таъкидлади, улардан мамлакатда бўлиш ва ҳаракатланиш давомида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, яшаш учун рухсатнома (иқома) ёки талабалик карталарини (университет, институт ва ҳ.к.) доим ўзи билан бирга олиб юришларини сўради.

Мавзуга оид