Жаҳон | 15:43
3054
2 дақиқада ўқилади

Таганская уюшган жиноий гуруҳи раҳбари 25 йилга қамалди

Таганская уюшган жиноий гуруҳ раҳбари Игор Жирноклеев ва гуруҳнинг яна 9 нафар аъзоси 13 та модда бўйича айбдор деб топилди.

Фото: ТАСС

Москва шаҳар суди Таганская уюшган жиноий гуруҳи аъзоларини кўплаб моддалар, жумладан Дед Ҳасан номи билан танилган криминал авторитет Аслан Усоянни ўлдиришда айбдор деб топиб, 22 йилдан 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда 12 май, душанба куни суд залидан ТАСС агентлиги мухбири хабар берди.

Ҳакамлар ҳайъати жиноий гуруҳ раҳбари Игор Жирноклеев ва уюшган жиноий гуруҳнинг яна 9 нафар аъзосига нисбатан жорий йилнинг март ойида айблов ҳукмини чиқарган эди. Жирноклеев 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд қарорига кўра, у дастлабки 12 йилни қамоқхонада, қолган муддатини қаттиқ тартибли колонияда ўтказади. Ҳимоячи Игор Жирноклеевнинг ҳукми устидан шикоят қилади, деди унинг адвокати Марк Каверзин РИА "Новости"га. Уюшган жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси, Гриша Таганский лақабли Григорий Рабинович юраги билан боғлиқ муаммолар туфайли тергов изоляторида вафот этди ва унга нисбатан жиноий таъқиб қилиш тўхтатилди, деб ёзади ТАСС.

Жиноий гуруҳ аъзолари 13 та модда бўйича айбдор деб топилди. Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренконинг хабар беришича, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 7 кишини ўлдириш, одам ўлдиришга ёрдам бериш ва суиқасд қилиш, одам ўғирлаш, товламачилик, талон-торож қилиш, ўғирлик, кўчмас мулк билан фирибгарлик ҳамда ижтимоий нафақа олиш, ўқотар қуролни ноқонуний эгаллаш, сақлаш ва олиб ўтиш, товламачилик, талончилик каби жиноятларда айбланган. 

Таганская уюшган жиноий гуруҳи Россиядаги энг қадимги жиноий гуруҳлардан биридир. Тергов маълумотларига кўра, Игор Жирноклеев уни 1991 йилгача тузган. Гуруҳ 2019 йил январида Жирноклеев ва уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳибсга олинганидан кейин тугатилган.

Мавзуга оид