Ўзбекистон | 17:13
2453
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон дарёсидан электр токи ёрдамида балиқ овлаган шахслар озодликдан маҳрум қилинди

Қизилтепа туманида яшовчи 4 нафар шахс электр токидан фойдаланган ҳолда Зарафшон дарёсидан қарийб 400 дона балиқ овлаган. Улар орасида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган балиқ тури ҳам бор. Суд ҳукми билан балиқчилар озодликдан маҳрум қилинди. Улардан 6,3 млрд сўм моддий зарар ундириш ҳам белгиланди.

Фото: Навоий вилояти Экология бошқармаси

Навоийда тақиқланган воситалар ёрдамида балиқ овлаган шахслар жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Қизилтепа туманида яшовчи Ш.Ғ., З.А., М.О. ва Б.С. электр токидан фойдаланган ҳолда Зарафшон дарёсидан балиқ овлашган. Улар 2024 йилнинг 23 сентябр куни тунда Зарафшон дарёсининг Навбаҳор тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан электр қармоқда 399 дона балиқ ушлашган. Балиқлар орасида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 46 дона “Туркистон мўйловдори” (шимбалиқ, қаяз) ҳам бўлган.

Балиқчилар Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Навбаҳор тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида ушланган. Улардан 2 дона резина қайиқ, 4 дона автомобил аккумулятори, 2 дона электр қармоқ садоги ва 2 дона электр токини кучайтириб берувчи ускуна ашёвий далиллар сифатида олинган.

Фуқароларнинг қилмиши оқибатида табиатга 6 млрд 324 млн сўм миқдорда моддий зарар етказилгани ҳисобланган.

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг 2025 йил 14 апрелдаги ҳукми билан Ш.Ғ., З.А., М.О. ва Б.С. Жиноят кодексининг 202-моддаси (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) 3-қисмининг “г, е, ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг судланувчилардан табиатга етказилган 6 млрд 323 млн сўм зарар солидар тартибда ундирилиши белгиланган.

Мавзуга оид