Жамият | 14:20
23407
3 дақиқада ўқилади

Боғотдаги ҳодиса: аслида нима бўлган?

Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги уйлардан бирида ғаройиб ҳодиса кузатилди: 12 май куни ярим тунда уйнинг даҳлиз қисми қулаб тушган. Хонадонда ёнғин содир бўлмаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода уй даҳлизи тешилиб қолгани, ички деворларга эса айтарли зарар етмагани кўринади.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Боғот туманидаги уйлардан бирига астероид тушган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги видео лавҳа тарқалди. Унда ҳодисадан олдин кучли зарба овози эшитилгани айтилади. Видеода уйнинг кириш қисми, яъни даҳлизи тешилиб қолгани ва шифти қулаб тушганини кўриш мумкин.  

Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, расмий баёнот бериб, хонадонга астероид тушганини рад этди.

Бошқарма баёнотида айтилишича, 12 май куни соат 3:39 да Боғот тумани Юксалиш маҳалласидаги уй даҳлизининг тахминан 10 кв м том қисми қулагани тўғрисида хабар келиб тушган. Ҳодиса содир бўлган манзилда ИИБ ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус лаборатория хизматлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар давомида ҳодиса жойида ҳеч қандай фазо жисмлари ёки портлаш хусусиятига эга мосламаларнинг қолдиқлари аниқланмаган. Шунингдек, ўрганишларда хонадонда 2 та пропан газ баллони борлиги маълум бўлган.

Вилоят ФВБ осмон жисми тушганини рад этиб, ҳодисанинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида махсус экспертиза тайинланганини маълум қилган. Айнан қандай предметлар экспертиза учун олингани хабарда айтилмаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га билдиришича, дастлабки маълумотларга кўра хонадонда пропан газ чақнаши содир бўлган ва тартиб бўйича экспертиза тайинланган. Уй эгалари ташқарида ухлашгани сабабли тан жароҳати олганлар бўлмаган.

Тармоқларда тарқалган яна бир видеода уйнинг ичкари деворларига деярли зарар етмагани, фақатгина шифти тешилиб тушгани кўринади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби буни чақнаш турлича бўлиши, жумладан зарба кучи пастдан юқорига йўналган бўлиши мумкинлиги билан изоҳлади.

“Ҳозир мутахассислар билан гаплашдим, портлаш тури ҳам ҳар хил бўлади: чақнашда газ қаерда тўпланишига қараб зарба кучи ён томонга ёки осмонга бўлиши мумкин. Бу ҳолатда газ газ баллондан сизиб чиққан ва хонага тўлган, кейин чақнаш бўлган”, дейди вазирлик матбуот котиби.

Уй эгалари осмондан бирор жисм тушганини тахмин қилишган.

«Космос-482» қулаши билан боғлиқ бўлиши мумкинми?

10 май куни Россиянинг «Космос-482» космик қурилмаси Ҳинд океанига қулади. У ҳали коинотдалигида тахмин қилинган қулаш нуқталари орасида Ўзбекистон ҳудуди ҳам бўлиб, бунинг эҳтимоли 0,3–0,5 фоизга баҳоланганди.

Kun.uz Боғотдаги хонадонга ушбу космик объектнинг бирор парчаси қулаган бўлиши мумкинми, деган савол билан «Ўзбеккосмос» агентлигига мурожаат қилди. Агентлик матбуот котиби Нодирбек Муқимов бу эҳтимолдан йироқ эканини, жумладан «Космос-482»нинг 480 кгли асосий модули парчаланмасдан бутун ҳолатда океанга тушганини билдирди. Шунингдек, агентлик уйга бошқа космик жисм қулагани ҳам ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид