Жаҳон | 20:40 / 14.05.2025
14007
5 дақиқада ўқилади

Трамп маъмуриятида Украинага нисбатан муносабат ўзгарди

Энди АҚШдагилар тинчлик йўлидаги асосий тўсиқ – Зеленский эмас деб ўйлашмоқда.

Anna Moneymaker / Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Украинага нисбатан муносабатини ўзгартира бошлади, деб ёзади Британиядаги Financial Times газетаси 14 май кунги материалида.

7 май куни Вашингтонда бўлиб ўтган ташқи сиёсат форумида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнсдан Украина ҳақида сўрашганида, дипломатлар у одатдагидек Киевни танқид қилишини кутишган, аммо «мутлақо бошқа гапларни эшитишган». Вэнс Россиянинг Украинадаги урушни тўхтатиш учун қўйган талаблари ҳақида гапириб, шундай деганди: «Бизнинг фикримизча, улар жуда кўп нарсани сўрашмоқда». Эртаси куни Вэнс Fox News телеканалига берган интервюсида бу фикрни такрорлади ва «Россия ҳали босиб олмаган ҳудудини унга беришларига умид қила олмаслиги»ни қўшимча қилди.

Газетанинг ёзишича, Америка расмийлари Россия президенти Владимир Путинга нисбатан тобора кўпроқ тоқатсизлик кўрсатмоқда, чунки «тинчлик йўлидаги энг катта тўсиқ [Украина президенти Володимир] Зеленский эмас, балки Россия етакчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида шубҳа кучаймоқда». АҚШ Путинни Россия-Украина урушида ўт очишни тўхтатишнинг асосий тўсиғи деб ҳисоблай бошлади, чунки Россия президенти муросага бормаяпти, деб ёзади FT.

«Америкаликларда шундай оддий ғоя бор эди – келинг, Россияни мафтун қилайлик, Зеленскийга босим ўтказайлик ва биз келишувга эришамиз. Маълум бўлишича, Россияни мафтун қилишнинг ўзи етарли эмас экан», – деди немис дипломати, Германиянинг АҚШдаги собиқ элчиси Волфганг Ишингер. У Вэнс Россия ҳақидаги фикрини ўзгартирганидан, АҚШ ва Европа позициялари яқинлашганидан хурсандлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, Ишингер Америка вице-президенти «кейинги мантиқий қадамни қўймагани» ва Россияга нисбатан «мурватларни бураш» вақти келганини айтмаганига ҳам эътибор қаратади.

Кузатувчилар фикрича, Россиянинг муросасизлиги Доналд Трампни ғазаблантирмоқда. «Унинг сўзларида афсус сезилиб турибди. Эҳтимол, у ҳаддан ташқари кўп нарса бергани ва эвазига ҳеч нарса олмаганини тушунади», – дейди АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол.

2006-2009 йилларда АҚШнинг Украинадаги элчиси бўлиб ишлаган яна бир америкалик дипломат Уилям Тэйлорнинг фикрича, Путин «АҚШнинг дўсти эмаслиги»ни Трамп англаб етган. «Унга ишониб бўлмайди... у жиддий музокаралар олиб бормаяпти, деган тушунча пайдо бўлган», – деди Тейлор.

«Путин ҳамкорлик қилишга тайёр эмаслигини Трамп аниқ кўриб турибди. Аммо бунинг оқибати Путинга сезиларли босим бўлишига ишончим комил эмас», – дейди АҚШнинг 46-президенти Жо Байденнинг Миллий хавфсизлик кенгашидаги Россия бўйича бош маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Карнеги фонди ходими Эрик Грин.

АҚШ ва Украина муносабатлари феврал ойида Оқ уйнинг Овал кабинетида икки давлат президентлари Доналд Трамп ва Володимир Зеленский ўртасида тортишув бўлиб ўтганидан бери ҳозиргача нормаллашди. Financial Times муносабатлар қайта йўлга қўйилишига томонлар имзолаган фойдали қазилмалар тўғрисидаги битим кўп жиҳатдан ёрдам берганини қайд этади. Украина расмийларининг фикрича, келишув туфайли АҚШ Украина мудофаасини қўллаб-қувватлашда давом этиши эҳтимоли юқори. «Энди Трамп ўйинда», – дейди Украина расмийларидан бири.

Шу билан бирга, «Трамп ҳақиқатан ҳам Украинага хайрихоҳлик билдира бошладими ёки Россияни бўйсунмагани учун жазолашга тайёрлигини кўрсатмоқдами», дея савол қўяди нашр. Ғарбнинг кўплаб етакчилари, шунингдек, Трампнинг махсус вакили Кит Келлог Путиннинг Россия ва Украина ўртасида тўғридан тўғри музокаралар олиб бориш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмаслик таклифини танқид қилди (Ғарб ва Украина буни талаб қилмоқда), аммо Трамп «Путиннинг гамбитини юқори баҳолади».

Экспертлар фикрича, Россия Трампнинг Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш масаласида сабри тугашини кутмоқда. «Путин узоқ давом этадиган ўйин қилади ва вақт унинг томонида деб ҳисоблайди. У Трампнинг қизиқиши йўқолишини, америкаликлар ҳарбий ёрдамни тўхтатишини, бунинг натижасида Украина армияси заифлашишини кутмоқда», – деди АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол.

Бошқалар фикрича, сўнгги ҳафталарда Трампнинг Украинадан воз кечиш хавфи камайган. Трамп Украина муаммосини олдиндан ҳал қилмасдан туриб, ўзининг асосий мақсадларидан бири – Россия билан муносабатларни қайта тиклашга эришиши қийин бўлади, деди Халқаро алоқалар кенгаши ходими ва Миллий хавфсизлик кенгаши аппаратининг Россия бўйича собиқ катта директори Томас Грэм. «Ўртага жуда кўп нарса тикилган. Ҳа, у Украинадан воз кечиши мумкин, аммо агар шундай қилса, бу муваффақиятсизлик бўлиб кўринади», – дейди Грэм.

Мавзуга оид