Ўзбекистон | 15:28
915
2 дақиқада ўқилади

Малайзия Ўзбекистон фуқароларини вақтинча иш билан таъминлашни режалаштирмоқда

Ўзбекистон элчихонасида Малайзиянинг JLM Group of companies рекрутинг компанияси директори Анандан Лингам Наиду билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот давомида Малайзияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни Куала-Лумпур шаҳрида муносиб иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Хорижий компания раҳбарига Ўзбекистонда хавфсиз ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Анандан Лингам Наиду хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича республикада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.

Томонлар Малайзияда меҳнат фаолиятини олиб бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни меҳмонхона ва ишлаб чиқариш соҳаларида иш билан таъминлаш, уларга тегишли рухсатномаларни ўз вақтида расмийлаштириш ва муносиб иш шароитларни яратиш йўналишида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

JLM Group компанияси 1995 йилда ташкил этилган. Компания Малайзиядаги йирик меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, савдо марказлари, ресторанлар, электротехника ишлаб чиқарувчи корхоналарга ходим ва малакали мутахассисларни жалб қилиш билан шуғулланади.

Мавзуга оид