Жаҳон | 09:51
1770
2 дақиқада ўқилади

Мерц: Нетаняҳу ХЖС ордерига қарамай, Германияга ташриф буюриши мумкин

Исроил бош вазири Германияга келиш имкониятига эга бўлиши керак, деди Германия канцлери Фридрих Мерц. Унинг сўзларига кўра, Нетаняҳу, аммо бундай ташрифни ҳали режалаштирмаган.

Фото: Getty Images

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан ҳибсга олиш учун ордер берилганига қарамай, Германияга ташриф буюриши мумкин. Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц 14 май, чоршанба куни Берлинда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича айтиб ўтди. «Исроил бош вазири Германияга келиш имкониятига эга бўлиши керак», дея Welt газетаси ўз сайтида Фридрих Мерцнинг сўзларидан иқтибос келтирган. Канцлернинг аниқлик киритишича, Нетаняҳунинг Германияга ташрифи ҳозирча режалаштирилмаган.

«У (Бенямин Нетаняҳу) бутун минтақадаги ягона демократик мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган бош вазиридир. Бу бош вазир Германияга келиш имкониятига эга бўлиши керак», — деди Германия ҳукумати раҳбари. «Биз буни қандай қилиб амалга оширамиз, агар бу режалаштирилган бўлса, биз сизга бу ҳақда ўз вақтида хабар берамиз».

Welt'нинг эслашича, Германия Бундестагига 23 февралда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловлар куни ўша пайтдаги консерватив ХДИ/ХСИ блокидан Германия канцлери лавозимига номзод бўлган Фридрих Мерц Бенямин Нетаняҳуга қўнғироқ қилиб, агар Германияга ташриф буюрса, ХЖС ордери асосида ҳибсга олинмасликнинг «йўллари ва воситалари топилади» деб ваъда берган эди. Ўша пайтда бу Германия социал-демократик партияси (ГСДП) ва Сўл партиянинг норозилигига сабаб бўлди.

Маълумот учун, Германия ХЖСнинг Рим статутини ратификация қилган ва 2002 йилдан бошлаб ХЖСнинг тўлиқ аъзоси сифатида суд буйруқларини ижро этиш мажбуриятини олган.

Мавзуга оид