Жаҳон | 12:15
2135
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Украина товарларига божларни қайтариш ниятида

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин Европа Иттифоқи Киевга ёрдам бериш мақсадида Украина товарларига божларни олиб ташлаганди. Энди Брюссел уларни қайтармоқчи.

Фото: kovel media

Британиянинг The Financial Times газетаси 14 май, чоршанба куни манбаларга таяниб ёзишича, Европа Иттифоқи бир неча ҳафта ичида Украина товарларининг ЕИга божсиз импортини бекор қилади. Нашр манбаларига кўра, Брюссел 2022 йилда Россия қуролли босқинидан сўнг Киев учун эркин савдо келишувидан ташқари жорий қилинган имтиёзли божсиз режимни тўхтатмоқчи. Ушбу режим Украина товарларининг аксарият қисмини Европа Иттифоқига божсиз олиб киришга рухсат беради. Режим уч ҳафтадан кейин, 6 июнда тугайди.

Полша шундай ташаббус билан чиққанидан кейин Европа Иттифоқи Киев билан махсус савдо битимини бекор қилишга қарор этди ва бунда ўз деҳқонлари манфаатларини кўзда тутяпти. Брюссел умумий савдо келишуви янгиланаётган вақтда ўтиш чораларини жорий қилишни режалаштирмоқда. Дипломатлар The Financial Times'га ўтиш бўйича таклиф Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бож олинмайдиган квоталар сони кескин қисқартирилишини ва йиллик божсиз квотани 12 ойлик квотага бўлишни назарда тутишини айтди.

Нашр манбаларига кўра, ўтиш даври чоралари Украинадан етказиб бериладиган маккажўхори, шакар, асал ва парранда гўштига энг катта таъсир кўрсатади. Шундай қилиб, маккажўхори учун бож олинмайдиган квоталар 4,7 миллион тоннадан 650 минг тоннагача, парранда гўшти учун квота 57,1 минг тоннадан 40 минг тоннагача, шакар учун эса 109 минг тоннадан 40,7 минг тоннагача камаяди.

Мавзуга оид