AI марказига айланмоқчи бўлган БАА, Путиндан хафа бўлмаган Трамп ва Ғазо бўйича режа – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазони эркин ҳудудга айлантириш режаси ва тугамаётган бомбардимонлар
Қатарга ташрифи давомида АҚШ президенти Доналд Трамп амирликдаги ал-Удейд ҳарбий базасига етиб келди. АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий базасидаги тадбирда АҚШ ва Қатар ҳарбийлари ҳам қатнашди.
У ўз чиқишида Ғазо бўйича режаларини айтган. «Менда Ғазо учун жуда яхши ғоялар бор: уни "freedom zone" — яъни эркинлик зонасига айлантириш. АҚШ бу ишга аралашиб, Ғазони шунчаки эркин ҳудудга айлантириши керак», — дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Al-Jazeera нашри.
«Менда ҳаво суратлари бор — деярли бирорта бино бутун қолмаган. Бу ерда сиз бирор нарсани сақлаб қолишга уриняпсиз дейиш ҳам қийин. Агар зарурат бўлса, АҚШ бу ҳудудни ўз назоратига олса, уни эгалласа ва эркинлик зонаси қилса, мен бундан фахрланардим», — деган Трамп Қатардаги сафари давомида.
Трамп жорий йил бошида ҳам Ғазо устидан узоқ муддатли АҚШ назоратини ўрнатиб, уни Яқин Шарқнинг Riveria'си сифатида қайта қуриш фикрини илгари сурган эди.
Трамп Яқин Шарқда юрган вақтда Исроил Ғазо секторининг турли ҳудудлари: аҳолининг уйлари, кўчирилган фаластинликларнинг чодирларига, шифохоналар ва тинч аҳоли тўпланган жойларни бомбардимон қилишдан тўхтамаяпти.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги бир суткада Ғазодаги шифохоналарга 82 нафар ҳалок бўлганларнинг жасади ва 152 киши жароҳатлари билан келтирилган.
2023 йил 7 октябрда Исроилнинг Ғазодаги босқинчилик уруши бошланганидан бери ҳалок бўлганлар сони эса 53 мингдан ошиб кетди.
Путин Истанбулга келмади. Трамп ва Зеленскийнинг муносабати
АҚШ президенти Доналд Трамп Путин билан кўришмагунича тинчлик музокараларида ҳеч қандай тараққиёт бўлмаслигини айтди.
«Путин ва мен учрашмагунимизча ҳеч нарса бўлмайди», деди Трамп журналистларга. Трамп Украина билан музокаралар учун Туркияга борган Россия делегацияси таркибига Путин киритилмаганидан хафа эмаслигини қўшимча қилди, деб ёзди CNN. У Россия делегацияси таркиби ҳақида ҳеч нарса билмаслигини таъкидлади.
Аввалроқ Доналд Трамп Туркияга боришга тайёрлигини айтганди, бироқ Владимир Путин музокараларда иштирок этишдан бош тортгач, бу ғоядан воз кечди.
Украина президенти Владимир Зеленский эса ўз ваъдасида туриб, Туркияга келди ва президент Эрдўған билан учрашди. У Путин келмагани учун Анқарадан Истанбулга музокараларга ўзи бормаслигини айтди.
«Россиянинг музокаралардаги делегацияси даражаси анча паст. Аммо Трамп ва Эрдўғанга ҳурмат кўрсатиб, урушни тугатиш йўлида ҳеч бўлмаганда дастлабки қадамларга эришиш учун Украина делегациясини Истанбулга юборишга қарор қилдим.
Украина делегациясининг биринчи рақамли мандати — ўт очишни тўхтатиш. Агар Путин музокарага, урушни тугатишга тайёр бўлса, ҳеч қандай шартсиз учрашайлик. Биз бутун дунё бўйлаб унинг орқасидан қувиб юролмаймиз», деди Зеленский.
Истанбулдаги музокаралар бугун - 16 майга кўчирилган. Музокараларда Украина делегациясига мудофаа вазири Рустем Умеров, Россия делегациясига эса Путиннинг ёрдамчиси Мединский раҳбарлик қилмоқда.
БАА-АҚШ: Қурол эмас, кўпроқ AI технология
АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистони ва Қатарга ташрифидан сўнг, 15 май куни Яқин Шарқ сафарининг сўнгги бекати сифатида БААга келди. Уни БАА Президенти Шайх Зоид Ал Наҳаён шахсан кутиб олди ва Трампга Зоид ордени топширилди. Трамп БААда Саудия ва Қатардан олган ваъдаларидан ҳам каттароқ инвестиция олишга келишган.
Хусусан, БАА томонидан келгуси 10 йилда АҚШга 1,4 триллион доллар умумий инвестициялар йўналтиришини маълум қилди. Ташриф давомида имзоланган янги АҚШ–БАА шартномасининг умумий қиймати эса 200 миллиард доллар. Шунингдек, Boeing, GE Aerospace ва Etihad Airways ўртасидаги 14.5 миллиард долларлик йирик авиасозлик битими имзоланди.
Қўшниларидан фарқли БАА АҚШдан кўпроқ қурол эмас, балки AI — сунъий интеллект технологияларини олмоқда. Келишувларни АҚШ AI сиёсатини юритаётган Девид Саcкс олиб бормоқда. OpenAI асосчиси Сем Альтман ва Nvidia раҳбари Женсен Ҳуанг ҳам музокараларда қатнашмоқда.
Ташриф давомида имзоланган Абу-Дабида 5 гигаватт қувватли AI кампуси қурилиши бошланди. Бу — АҚШдан ташқаридаги энг йирик сунъий интеллект маркази бўлади. 500 минг дона Nvidia чипи йиллик ҳажмда БААга экспорт қилинади, бу орқали Яқин Шарқда йирик маълумот марказлари бунёд этилади.
Бундан ташқари, АҚШ ва БАА ўртасида технологик хавфсизлик бўйича келишув ҳам имзоланди, AI Infrastructure Partnership (AIP) доирасида 2025 йилда $30 миллиард капитал ва $100 миллиард қарз маблағларини сафарбар қилиш режалаштирилмоқда.
AI'га алоқадор келишувлар жозибали туюлса ҳам Вашингтондаги кўп расмийларда хавотир уйғотмоқда. Улар бу технология Хитойга ўтиб кетиши, энг кучли AI дата марказлари эса АҚШ ўрнига Яқин Шарқда пайдо бўлишидан хавфсирашмоқда. Байден маъмурияти илгари БААга шунга ўхшаш таклифни рад этган эди.
Бундан ташқари, Трамп номидаги 80 қаватли янги минора Дубайда — Бурж Халифа яқинида қурилиши режалаштирилмоқда.
Британия ва Германия ҳамкорликда янги қурол яратади
Буюк Британия ва Германия узоқ масофага мўлжалланган янги қурол яратиш устида ҳамкорликда иш олиб боришини маълум қилди. Ушбу қурол 2 минг километрдан узоқ масофада жойлашган нишонларни яксон этишга мўлжалланган. Икки давлат мудофаа келишувига асосан яратилган қурол «мамлакатда шу пайтга қадар яратилган энг илғор тизимлардан бирига» айланади.
Буюк Британия мудофаа вазири Жон Ҳили ҳамда унинг германиялик ҳамкасби Борис Писториус янги лойиҳа ҳақида Берлинда ўтказиладиган учрашувда эълон қилади. Британия ҳукумати лойиҳани ишга тушириш муддати ва бюджетига оид тафсилотларни ошкор этмаган.
Россия федерал бюджетнинг деярли учдан бир қисмини махфийлаштирди
Россия ҳукумати россиялик солиқ тўловчиларга 20 триллион рублдан кўпроқ зарар келтирган Украинадаги уруш учун улкан ҳисобни «сояда» яшириб, яширин бюджет харажатларини оширмоқда, деб хабар берди The Moscow Times рус хизмати.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида федерал ғазнадан махфий бандларга 3,6 триллион рубль сарфланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан махфий харажатлар 1,1 триллион рублга ошди. Натижада махфийлаштирилган харажатлар «ижтимоий сиёсат»дан кейин иккинчи энг катта бюджет бандига айланди. Улар соғлиқни сақлаш харажатларидан 7 баравар ва таълим харажатларидан деярли 9 бараварга ошди.
Эрон АҚШ иштирокида уран бўйича консорциум тузишни таклиф қилди
The New York Times эронлик манбаларга таяниб ёзишича, Эрон Вашингтоннинг Теҳрон ядровий дастурини чеклаш талабига муқобил равишда араб давлатлари ва АҚШ сармояси ҳисобига уранни бойитиш бўйича қўшма корхона ташкил этишни таклиф қилди.
NYT манбалари тушунтирганидек, таклиф консорциум яратишни ўз ичига олади, унинг доирасида Эрон уранни қурол даражасидан паст даражада бойитади ва уни араб мамлакатларига фуқаролик мақсадларида фойдаланиш учун юборади.
Эронга уранни 3,67 фоизгача бойитиш имконини берувчи келишув 2015 йилги ядровий келишувга ўхшаш бўлади, бироқ асосий фарқ қўшимча назорат учун жойларда бошқа мамлакатлар вакилларининг иштирок этишидир, деб ёзади нашр. Эрон расмийларининг таъкидлашича, 15 йилга мўлжалланган олдинги келишувдан фарқли ўлароқ, қўшма корхона режаси очиқ бўлади.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи 11 май куни Уммонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Трампнинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткоффга бу ғояни айтди, деб хабар берди Эрондаги тўрт манба. Уиткоффнинг матбуот котиби Эдди Васкеснинг айтишича, бу «ҳақиқатга тўғри келмайди». Унинг сўзларига кўра, бу таклиф «ҳеч қачон биринчи ўринга чиқмаган ва муҳокама қилинмаган».
Мавзуга оид

13:58 / 15.05.2025
Истанбулга боришни рад қилган Путин, Трампнинг Қатардаги триллионлик келишувлари ва Ғазодаги шифохонага зарба – кун дайжести

14:23 / 14.05.2025
АҚШ ва Саудиянинг $600 миллиардлик келишуви, ярадорларга тўлган Ғазо, санкциялар ечилаётган Сурия ва Покистонга ультиматум – кун дайжести

13:23 / 13.05.2025
ҲАМАС озод қилган америкалик аскар, тарқатиб юборилган курдлар партияси ва Хитой билан савдо урушини музлатган АҚШ – кун дайжести

13:53 / 12.05.2025