Ўзбекистон | 12:05
1527
6 дақиқада ўқилади

Деҳқонларга иссиқ ҳавода экинларни парваришлаш бўйича тавсиялар берилди

Шу кунларда республикада ҳарорат ўртача меъёрдан +8...+10 дарада юқори даражада, яъни +41...+43 даражагача иссиқ бўлмоқда.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Бундай об-ҳаво шароитида қишлоқ хўжалиги экинлари ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай экан, жазирама иссиқнинг стрессли таъсирини юмшатиш учун агротехник тадбирларни илмий асосда ўтказиш зарур.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермерлар ва деҳқонларга қатор тавсияларни берди.

Жумладан, даладаги ишларни эрталаб соат 10:00 гача бажариш, соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган иссиқ вақт оралиғида эса ишларни тўхтатиш, дала шароитида ишлаётганлар учун қуёшда қолган пластик идишлардаги сувдан фойдаланмаслик, тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик айтилди.

Пахтачиликда

Ғўзани жазирама иссиқ ва сув танқислигига чидамлилигини ошириш учун биостимуляторлар, суспензиялар, аммиакли селитра билан озиқлантириш, томчилатиб суғориш, ва қатор ораларига маҳаллий ўғитлар билан мулчалаш тавсия этилади. Биостимуляторлар ва суюқ ўғитлар (бор, молибден, рух, мис, темир, марганец, кобальт, азот, фосфор) билан баргдан озиқлантириш, шунингдек, зараркунандаларга қарши махсус препаратлар қўллаш зарур.

Дала четидаги ариқ, зовур, тут дарахтлари атрофлари бегона ўтлардан тозаланиб, 2-3% ИСО қайнатмаси билан ишлов берилиши керак. Сув сепиш машиналари ёрдамида дала атрофида микроиқлим яратиш ҳамда зарарли ҳашаротларнинг кўчишини олдини олиш муҳим.

Эгатлаб суғориладиган майдонларда ўғитлар 2-4 чинбарг ҳолатида 50 кг/га азотли, шоналаш даврида эса 75 кг/га азотли ва 50 кг/га калийли ўғитлар билан озиқлантириш тавсия қилинади. Тунда суғориш, тупроқ намлигини сақлаш ва сувнинг беҳуда буғланишини камайтиришга ёрдам беради. Интенсив технологияда парваришланаётган ғўза майдонларида томчилатиб суғориш 3-4 соат давомида 100-120 м³/га миқдорида тез-тез амалга оширилиши керак.

Ғаллачиликда

Марказий ва шимолий ҳудудларда ғалланинг ўртапишар ва кечпишар навларини экилган майдонларни тунда шарбат усулида суғориш тавсия этилади. Тоғ ва тоғ олди ҳудудларида эса, ҳаво ҳарорати 30°C дан ошмаган пайтларда, эрталаб соат 10:00 гача ёки кечқурун 17:00 дан кейин биостимуляторлар орқали баргдан суспензия усулида озиқлантириш зарур.

Шоличиликда

Ҳарорат 38–40°C дан ошганда тупроқни доимий нам ҳолда сақлаш, яъни сув сатҳи 5–10 см атрофида бўлиши лозим. Сув ресурсларини тежаш мақсадида ротацион суғориш ва тик қудуқ, зовур сувларидан фойдаланиш тавсия этилади.

Шунингдек, ўғитлаш ва стрессга чидамли моддалардан фойдаланиш муҳим:

Силикатли ўғитлар (калий-силикат) шолини иссиққа чидамли қилади ва ўсимлик ҳужайраларини мустаҳкамлайди.
Биостимуляторлар (эпин, тсиркон, мегафол) ўсимлик стрессини камайтиради.
Комплекс микроўғитлар (бор, марганетс, рух) фотосинтезни қўллаб-қувватлайди ва ўсишни рағбатлантиради.

Сабзавотчиликда

Сабзавотларнинг ўсиши ва ривожланиши ҳаво-тупроқ ҳароратига, фотосинтез интенсивлигига боғлиқ. Ҳарорат 25–35°C гача кўтарилганда фотосинтез жараёни кучаяди, лекин 40–50°C га етганда бутунлай тўхтайди. Помидор, қалампир, бақлажон, бодринг каби иссиқсевар ўсимликлар учун 20–30°C ҳарорат энг қулай ҳисобланади, аммо улар ўта иссиқликка чидамли эмас. Қовун, тарвуз, қовоқ, маккажўхори ва ловия каби экинлар эса 30°C да юқори ассимиляцияга эришади, лекин 40-45°C дан юқори ҳароратда ўсиш учун қулай муҳит бўлмайди.

Жазирама иссиқликдан ҳимоя қилиш учун тавсиялар

Тунда суғориш: ўсимликни тунда суғориш, намликка бўлган талабни тўла қондириш.

Қуёш нуридан ҳимоя қилиш: ўсимликларни қуёш нурларидан ҳимоя қилиш ва сунъий салқинлик ташкил этиш.

Агротехник тадбирларни тўғри вақтга жойлаштириш: кун исиган даврида чопиқ, бегона ўтлардан тозалаш каби тадбирларни амалга оширмаслик.

Иссиқлик стресси шароитида ўсимликларнинг етарли озуқа моддалари билан таъминланиши муҳимдир. Калий, фосфор ва азот билан барг орқали озиқлантириш ўсимликларнинг соғлом, тез ва самарали ўсишига ёрдам беради.

Узун муддатли юқори ҳарорат мева-узум навларининг ўсишини ва ҳосилдорлигини камайтириши мумкин. Бундай шароитда, томчилатиб суғориш усули ўсимликлар учун энг самарали усул ҳисобланади, чунки бу сувни аниқ ва самарали тақсимлаш, тупроқда намлик балансини сақлашга ёрдам беради.

Тавсия этилган чоралар

Томчилатиб суғориш: бу усул сувнинг самарали тақсимланишини таъминлаб, ўсимликлар стрессини камайтиради.

Ёмғирлатиб суғориш: мевали боғларда ёмғирлатиб суғориш усули, сувни ердан бир текис тақсимлаш ва минерал ўғитларни эриган ҳолда бериш имконини беради.

Суғориш вақтларини белгилаш: суғориш куннинг иссиқ вақтларида эмас, балки эрталаб ёки кечқурун амалга оширилиши, ҳар 3-5 кунда ҳар бир туп дарахтга 15–25 литр сув берилиши тавсия этилади.

Қўшимча ҳимоя усуллари:

Соябонлар (агроволокно, тўрлар): ўсимликларни ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилиш ва ҳароратни пасайтириш учун соябонлардан фойдаланиш мумкин.

Минерал ўғитлар: фосфор ва калийга бой ўғитлар ўсимликнинг иссиққа чидамлилигини оширади ва стрессга қарши курашишга ёрдам беради.

Барг орқали озиқлантириш: эпин, циркон каби биоўғитлар билан барглардан озиқлантириш ўсимликларни стрессга қарши мустаҳкамлайди.

Мева йиғиш вақти

Эрта тонгда йиғиш: меваларни эрта тонгдаги салқин даврда йиғиб-териб олиш тавсия этилади.

Мавзуга оид