Жамият | 22:23 / 17.05.2025
1948
2 дақиқада ўқилади

Шифокор чангли ҳавода амал қилиш керак бўлган тавсияларни берди

Имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик, айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик конъюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмаслиги кераклиги таъкидланди.

Фото: Kun.uz 

17 май куни Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида шамол тезлиги кучайиб, чанг-тўзон ҳодисаси кузатилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай шароитда амал қилиш керак бўлган тавсияларни берди.

«Бу вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарур, Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик конъюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмаслиги керак», деди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова.

Таъкидланишича, тўзонли ҳаво таркибида ўсимлик чанглари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини ошириши лозим.

Шу билан бирга, хоналарни нам латта билан тозалаб туриш, уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, бундай вазиятда нам сочиқларни осиб қўйиш, кондиционер ва ҳавони тозалаш тизимлари ҳам асқотади.

Деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кўпроқ сув ичиш, тез-тез душ қабул қилиш нафас олишни енгиллаштиради. Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб туриш ҳам самара беради.

Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни тез-тез алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлиши тавсия этилади.

«Агар ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда ва томоқда қичишиш ва қизариш, йўтал белгилари юзага келса, оилавий шифокорга мурожаат қилинг», дейилади хабарда.

Мавзуга оид