Жаҳон | 00:06
6802
2 дақиқада ўқилади

Украина учинчи F-16 қирувчи самолётидан айрилди

Учувчи катапултадан фойдаланишга мажбур бўлган. Махсус комиссия ҳозирда юз берган ҳолатни тергов қилишга киришган.

16 майга ўтар кечаси Россия қўшинларининг ҳаво ҳужумини қайтариш вақтида Украина Қуролли кучларининг (УҚК) F-16 қирувчи самолёти ноштат вазиятга дуч келган ва учувчи катапултадан фойдаланишга мажбур бўлган. Бу ҳақда УҚК Ҳаво кучлари қўмондонлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, учувчи самолётни турар-жой биноларидан четга олишга улгуриб қолган. Бу ғарбдаги шериклар томонидан Украинага етказиб берилган F-16’ларнинг учинчиси билан боғлиқ ҳалокат ҳисобланади.

«Учувчи катапултадан муваффақиятли фойдаланди ва қидирув-қутқарув гуруҳининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида эвакуация қилинди», — дейилади хабарда. Ҳалокат сабабини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузилган бўлиб, ҳозирда у вазиятни тергов қилишга киришган.

Америкада ишлаб чиқарилган F-16 қирувчиларининг дастлабки ўнтаси Украинага 2024 йил августда етказиб берилган эди. Ўшанда 2024 йил охирига қадар Киев яна 20 та шу каби ҳаво кемаларини қўлга киритиши, 2025 йил давомида эса Украина Қуролли кучлари таркибидаги F-16 қирувчилари сони 79 тага етиши маълум қилинганди. Президент Володимир Зеленскийнинг таъкидлашича, Россия авиациясига самарали қаршилик кўрсатиш учун Украинага камида 120-130 та F-16 қирувчи самолётлари талаб этилади.

Украина биринчи F-16’дан 2024 йил августда, ракета зарбаларини қайтариш вақтида айрилган эди. Ўшанда малакали учувчи Алексей Мес ҳалок бўлган. У Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бериш ғоясини халқаро майдонда фаол тарғиб қилганлардан бири эди. Шу куни Мес учта қанотли ракета ва битта дронни уриб тушиган. Ўлимидан кейин у Украина Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.

Иккинчи F-16 эса жорий йилнинг 12 апрелида қулади. Ҳодиса оқибатида 26 ёшли учувчи Павел Иванов ҳалок бўлди. У ҳам ўлимидан кейин Украина Қаҳрамонига айланган. 

Мавзуга оид