Жамият | 07:53
6758
5 дақиқада ўқилади

"Кўчамиз даҳшатли тутун билан қопланди" - Қўқонда аммиак сизиб чиққан ҳудуддан репортаж

16 май куни соат 20:30 ларда Қўқон шаҳридаги минерал ўғит ишлаб чиқарувчи Indorama Kokand Fertilizers & Chemicals корхонасида аммиак моддаси вагондан махсус идишга ўтказилаётган вақтда шлангда ёрилиш ҳосил бўлиб, атрофга аммиак сизиб чиқди. Бунинг оқибатида бир неча фуқаро заҳарланиб, шифохонага мурожаат қилган. Аҳоли заводдан доимий равишда бадбўй ҳид чиқиши, маҳалла ичида жойлашган корхонани бошқа ҳудудга кўчириб беришларини сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганини таъкидлади. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, завод атрофида яшовчи аҳоли ва корхона раҳбарияти билан суҳбатлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Заҳарли ҳид ҳалиям бор...

“Кеча тунда кўчамиз даҳшатли тутун билан қопланди. Кўзимиз ачиб, томоғимизга аччиқ таъм келаверди. Заводни маҳалла ичидан кўчирмасак бўлмайди. 1990 йилда кўчиш керак эди ўзи аслида. Шўрсув томонга кўчиришмоқчи эди.

Ўша пайтда нима бўлди, билмайман, кўчирмай қолдириб қўйишди. Шу билан яна ишлаяпти, ундан кейин Ҳиндистон сотиб олди. Дардимизни айтяпмиз, ҳеч ким қулоқ солмаяпти. Аҳолини, шаҳарнинг ярмини заҳарлаб юборди кеча аммиак чиқиб кетган пайтда, шабада шаҳар ичига юрган пайтда. Кечаги ҳолатдан саросимага тушиб қолдик. Айниқса ёш болаларга ачиндим ҳолатини кўриб.

Адҳам Ражабов

Завод атрофида одам зич яшайди. Ҳар куни шу заводнинг заҳарли ҳидини ютишга мажбурмиз. Ҳалиям заҳарли ҳид бор. Ҳид буткул йўқолмаган. Нафасимиз бўғилиб ўтирибмиз”, – дейди Адҳам Ражабов.

Аммиак ҳидидан ўзимни йўқотдим

“Завод девори ҳовлимиздан кўриниб туради, заводнинг орқа томонида яшаймиз. Аммиак ҳидидан мазам қочиб, шифохонага тушиб қолдим. Таксистман. Кўчада бўлган воқеани эшитиб, фарзандларимдан хавотир олиб, уйга қайтишда ҳолатим ёмонлашди. 

Соҳиб Яқубжонов

Тутун ҳидига чидаб бўлмас эди. Икки марта инфарктга чалинганман. Шунинг ҳисобигами, билмадим нафасим қисиб, оғир аҳволга тушиб қолдим.

5-6 йилдан бери заводдан аммиак ҳиди чиқиб туради. Тегишли идораларга ҳолат ҳақида кўп чиққанмиз. Натижа бўлмаган. Келиб ўрганишаверади, ҳеч нарса ўзгармайди. Бу завод халқнинг ичида бўлмаслиги керак, чекка томонга олиш керак. Акс ҳолда одамларни заҳарлайверади.

Мана, бугун иккинчи кун. Ҳозиргача ҳиди бор. Лекин катта бир ташкилот раҳбари чиқиб, одамлардан ҳолинг нима бўлди, деб сўрагани йўқ. Халқ билан умуман мулоқот йўқ. Завод атрофида мана, бизнинг маҳалламизнинг ўзида 200 дан ошиқ аҳоли бор. Бу чеккада 500 дан ошиқ аҳоли яшайди. У томонда эса мингдан ошиқ. Завод атрофида жами ҳисобласак, 5 000, 6 000 аҳоли яшайди”, – дейди Соҳиб Яқубжонов.

Ўртача 450-500 килограммгача аммиак моддаси чиққан

“Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан 21 минут давомида завод масъуллари билан биргаликда аммиак сизиб чиқиши ҳолати бартараф этилди. Атмосферага сизиб чиққан аммиак моддасини зарарсизлантириш ишлари олиб борилиб, махсус суюқликлар билан қайта ишланиб, зарарсизлантириш ишлари олиб борилди ҳамда соат 21:10 гача завод ҳудудида бартараф этиш ишлари якунланди.

Жаҳонгир Мелибоев, Фарғона вилояти экология бошқармаси Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи

Аммиак сизиб чиққандан кейин СЭС, экология ва гидромет лаборатория ходимлари томонидан маҳалла аҳолиси, завод атрофидан таҳлил натижалари олинди. Қўқоннинг ҳар бир бурчагидан, ҳудудлардан таҳлил натижаларини ҳам олдик, натижасини кутяпмиз. Ўртача 450-500 килограммгача аммиак моддаси чиққан”, – дейди Жаҳонгир Мелибоев, Фарғона вилояти экология бошқармаси Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи.

Завод одатдаги ҳолатига қайтди...

“Аммиакни Фарғона азотдан ёки Навоий азотдан оламиз. Корхонамиз минерал ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Сотиб олинган вагонда кеча соат 20:20 лар атрофида уланган жойда “утечка” кетиб қолган, техник носозлик бўлгани учун. Ташқарига 350-400 литр аммиак сизиб чиққан. Сув билан аралашиб, ҳосил бўлган масса атмосферага чиқиб кетиб қолган. 10-15 дақиқа ичида ҳолат бартараф қилинди.

Соҳибжон Маматов, заводнинг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари

Ҳозир корхона ўзининг одатдаги ҳолатига қайтган. Корхона ўзи асли 1934 йилдан фаолият кўрсатади. Бундай ҳолат аввал кузатилмаган эди. Бу биринчи марта бўляпти. Корхонада 600 нафарга яқин ходим ишлайди”, – Соҳибжон Маматов, заводнинг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари.

Равшан Собиров

Қўқон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Равшан Собировга кўра, аммиак ҳиди таъсирига тушиб қолган беморлар сони 20 нафардан ортиқ. Керакли муолажалардан кейин уларнинг уйларига кетиши учун рухсат берилган.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид