Ўзбекистон | 22:31 / 19.05.2025
1074
4 дақиқада ўқилади

19 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Сурхондарёда 2 минг доллардан ортиқ маош олаётган ўқитувчилар, яна тўрт ойга ёпилган «Довут ота» чегара пункти ва Тошкент метросини ТТЗгача олиб бориш режаси билан танишган президент — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Довут ота» чегара пункти яна 4 ойга ёпилди

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктининг ёпилиши 1 сентябрга қадар узайтирилди.

Қўшни давлат Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, мазкур қарор фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, назорат-ўтказиш пунктида қурилиш ва реконструкция ишларини жадаллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Бундан ташқари, май ойидан августгача Қозоғистон «Тажен» ва «Довут ота» пунктлари орасидаги нейтрал чизиқда йўл қуради. Ўзбекистон томонида ҳам шундай ишлар режалаштирилган.

Қурилиш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан Қозоғистон Ўзбекистон томонига чегарадан ўтиш чекловини яна 4 ойга — 2025 йил 1 сентябргача узайтириш таклифи билан расман мурожаат қилган. Таъкидланишича, Ўзбекистон ташаббусни қўллаб-қувватлаган.

2025 йил 1 февралдан бошлаб «Тажен»—«Довут ота» назорат-ўтказиш пунктлари орқали 3,5 тоннагача енгил, юк автомобиллари ва автобусларнинг ўтиши таъмирлаш ишлари туфайли вақтинча тўхтатилган эди.

Тошкент метроси ТТЗгача узайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёевга Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича режадаги лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.

Маълум қилинишича, метрополитенни Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган.

Бу бўйича аввалги муҳокамаларда президент лойиҳани маблағ ва қулайлик жиҳатидан мақбуллаштириш вазифасини қўйган эди. Шу асосида тайёрланган янги таклифга кўра, лойиҳани 2 босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Биринчи босқичда Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Мирзо Улуғбек туманининг Феруза даҳасигача мавжуд темирйўлга параллел равишда ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади.

Иккинчи босқичда у ердан Тошкент трактор заводи даҳаси шоҳ бекатигача йўналиш барпо этилади.

Ҳозирги кунда шу томондан пойтахт марказига бир кунда 47 мингта автотранспорт, жами 194 мингта йўловчи кириб келиши кузатилмоқда. Режалаштирилган янги йўналиш 85 минг йўловчини қамраб олиши кутиляпти.

2 минг доллардан ошиқ маош олаётган ўқитувчилар

Сурхондарё вилояти таълим бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Мамадиев видеоселекторда президент саволига жавоб бераркан, вилоятда 11 нафар ўқитувчи 2 минг доллардан кўпроқ маош олаётганини маълум қилди.

Президент ундан «Агар ҳаракат қилса, Сурхондарёда домла минг доллар олиши мумкинми-йўқми?» деб сўради. Бунга жавобан бошқарма бошлиғи ҳозирда Сурхондарёда 2 минг доллардан ортиқ маош олаётган 11 нафар ўқитувчи борлигини айтди.

«Ундан ташқари, 600 га яқин минг доллардан ортиқ оладиган ўқитувчиларимиз мавжуд. Бугунги кунда туман-шаҳар таълим бўлимлари ва мактабларнинг директорлари, уларнинг ўринбосарлари ва бошқармалар ходимларининг ҳам ойлигини ошириб бердингиз», – дейди Ҳусниддин Мамадиев.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев йиғилишдаги нутқида 8-12 млн сўм маош олаётган ўқитувчилар сонини айтиб ўтди.

«Малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош оляпти. Бундай ўқитувчилар охирги 2 йилда 10 баробарга кўпайган», — деди давлат раҳбари.

Президент боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашгани, янги ўқув йилидан мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7-10 миллион сўмдан ошишини таъкидлади.

Мавзуга оид