20 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистонга фуқаролари визасиз кира оладиган давлатлар сони ошди, эски лифтларни янгилашга ажратиладиган 855 млрд сўм, 18 ёшга тўлмаган ёшлар ишлаши мумкин бўлган касблар рўйхати ва президентнинг Венгрия ишбилармонлари билан учрашуви — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Шавкат Мирзиёев Венгрия ишбилармонлари билан учрашди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Будапештга расмий ташрифи 20 май куни Венгриянинг йирик компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувдан бошланди. Давлат раҳбари ўз нутқида расмий ташриф Венгрия ишбилармонлари билан учрашувдан бошланаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
Қайд этилишича, саноат кооперациясини кенгайтириш ва илғор технологиялар трансферини рағбатлантириш мақсадида Тошкент вилоятида Европа компаниялари учун махсус саноат зонаси ташкил этилмоқда. Ушбу ҳудудни бошқариш Венгриянинг «Инпарк» операторига берилади.
Тадбир якунида давлат раҳбари ҳузурида устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича битимлар алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Уч давлат фуқаролари учун визасиз режим
2025 йил 1 июндан Баҳрайн, Кувайт ва Ўмон фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланади.
Президент фармонига мувофиқ, 2025 йил якунига қадар:
республика ҳудудларига 15,8 миллион нафар хорижий туристларнинг сафарларини ташкил этиш, туризм хизматлари экспортини 4 млрд АҚШ долларига етказиш;
ички туризмни ривожлантириш ҳисобига 40 миллионта маҳаллий сайёҳларнинг ҳудудларга сафарларини ташкил этиш, қўшимча 378 та туроператор фаолиятини йўлга қўйиш туризм соҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди.
Шунингдек, 2025 йилдан ҳар йили 30 ноябрга қадар келгуси йил туризмни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилади. Ҳар йили ноябр ойининг 3-ҳафтасида Халқаро туризм ҳафталиги ташкил этилади.
2025 йил июн ойидан «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастурини амалга ошириш учун ҳар ой 2-ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари «Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни» этиб белгиланади.
Эски лифтларни янгилашга 850 млрд сўм ажратилади
Ўзбекистонда кўп квартирали уй-жойлардаги лифт ускуналарининг техник ҳолатини яхшилаш ва аҳолига хавфсиз шароит яратиш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қайд этишича, «Хавфсиз лифт» ягона идоралараро платформаси доирасида лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестри юритилади. Ушбу реестрга ташкилотларнинг лифтларни ўрнатиш ва таъмирлаш фаолияти учун берилган рухсатномалар, уларнинг амал қилиш муддати ҳамда хизмат кўрсатувчи мутахассислар тўғрисидаги маълумотлар киритилиши белгиланган.
Мамлакатдаги 5491 та кўп квартирали уйда жойлашган 13 798 та лифт ускунаси тўлиқ хатловдан ўтказилган. Хатлов натижасига кўра, фойдаланиш муддати ўтган 2001 та лифтни янгилаш ва 382 тасини таъмирлаш зарурлиги аниқланган.
Мазкур мақсадларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 854,6 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
18 ёшгача бўлганлар ишлаши мумкин бўлган касблар рўйхати тасдиқланади
Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари бўш вақтида меҳнат қилиши мумкин бўлган енгил турдаги ишлар ва касблар рўйхати тузилди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бу борадаги тегишли ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Рўйхатда 40 та ишлар ва касблар номлари келтирилган. Хусусан, ўқувчилар официант, сотувчи, сартарош, буюмларни қўлда тахловчи-қадоқловчи, деҳқон хўжалиги аъзоси, юкчи бўлиб ишлаши мумкин.
Бунда, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларнинг иш вақти фақат юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишлардан иборат бўлганда, улар учун юк кўтариш ва ташиш нормасининг чегараси 4,1 килодан оғир бўлмаслиги, шунингдек, улар аравача ва вагонетка ёрдамида юк ташишларига жалб этилмаслиги лозим.
16 ёшгача бўлган вояга етмаганлар иш вақтининг учдан бир қисми юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, қўлда юк кўтариш ва ташиш нормаларининг чегараси ўғил болалар учун — 6,5 кило, қиз болалар учун — 3,5 килодан оғир бўлмаслиги керак.
18 ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.
Мавзуга оид

22:31 / 19.05.2025
19 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:31 / 16.05.2025
16 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:05 / 15.05.2025
15 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:59 / 14.05.2025