Жамият | 20:52 / 20.05.2025
4533
5 дақиқада ўқилади

«Credit House» ишида 182 млрд сўм зарар аниқланди

Тошкент шаҳрида осон шартларда уй олиб беришни ваъда қилган «Credit House» ишида дастлабки тергов давомида 860 нафардан ортиқ фуқаро сўроқ қилингани маълум бўлди. Улар жабрланувчи сифатида эътироф этилган. Иш бўйича жами аниқланган зарар миқдори 182 млрд сўмни ташкил қилмоқда, дейилади ИИВнинг «Криминал» кўрсатувида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкент шаҳридаги қурувчи фирмалардан уй учун шартнома олиб, узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан харидорларга «сотиб» келган «Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» МЧЖга мингга яқин фуқаро алданган. Бу ҳақда ИИВнинг “Криминал” дастурида маълум қилинди.

2018 йилдан буён Тошкент шаҳрида фаолият юритиб келган «Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» МЧЖ мижозларга имтиёзли шартлар билан уй таклиф қилган. Дастлаб шартнома шартлари ўз вақтида бажарилган. Бироқ вақт ўтиши билан мижозлардан олинган пул қурувчи фирмаларга ўтказиб берилмагани муаммоларни юзага чиқарган.

«Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» МЧЖ 28 та қурилиш ташкилоти билан шартнома имзолаб, мижозларга 10 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан уй таклиф қилган. Бироқ ўша қурилиш ташкилотларига пулларнинг барчаси ўтказиб берилмаган.

Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ томонидан 2025 йил 5 феврал куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Маълум қилинишича, айни вақтда тергов Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилмоқда.

«Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» МЧЖларининг молия хўжалик фаолияти юзасидан тафтиш ташкил этилган. Тафтиш ишлари Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, солиқ ва молия тизими, банк ходимларидан иборат мутахассислар жамоаси томонидан олиб борилган. Дастлабки тергов давомида 860 нафардан ортиқ фуқаро сўроқ қилиниб, жабрланувчи сифатида эътироф қилинган. Жами аниқланган зарар миқдори эса 182 млрд сўмни ташкил этади.

«Жиноят иши қўзғатилганлиги ва фаол тергов тадбирлари олиб борилаётганлиги муносабати билан ҳисоб-китоб рақамларимиз тўхтатиб қўйилганди. Ҳозир менга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Қолган раҳбарлар ҳам терговга жалб қилинган. Шунга кўра, компаниянинг жорий фаолияти издан чиққан. Шу билан бирга, компания ўз фаолиятини ипотека компанияси тамойили асосида олиб борганини инобатга олсак, мижоз ўз квартирасини олиши учун биз қурувчига тўловнинг юз фоизини ўтказишимиз шарт. Мижоз 25 фоиздан 30 фоизгача тўлагани боис, қолган 70 фоизни биз кредит маблағлари ҳисобидан жалб қиламиз. Қурувчига тўловни амалга оширамиз ва кейинчалик мижоз бизга тўлайди ҳамда биз ушбу кредит линияларига хизмат кўрсатамиз. Ҳозирги вақтда бизнинг жорий фаолиятимиз тўхтаб қолганлиги сабабли биз амалда тузилган шартномаларнинг ёпилишини таъминлай олмаяпмиз. Ҳозирги бюджет квартира олган ва компанияга олдиндан мурожаат қилган мижозларнинг ойлик тўловлардан ташкил топган эди. Бу тўловлардан компаниянинг ташқи қарзга хизмат кўрсатиш ва кўчмас мулк сотиб олиш учун бюджетлари шакллантириларди. Аммо ҳозирги вақтда улар амалда блокланган ва компания бюджети фаол эмас. Одамлар шу йилнинг охиригача ўз квартираларини олишни кутмоқдалар. Мавжуд вазият туфайли буни умуман амалга ошириб бўлмайди», деган «Credit House» МЧЖ раҳбари Дмитрий Баженов.

Бу вазият юзага келишининг асосий сабабини «Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» вакиллари иккиламчи бозорга ўтиш билан изоҳлашган.

«2024 йил ноябр, декабр, январ ойларида иккиламчи бозор билан ишлаш «плани»ни Дмитрий берди ва ўша режа асосида ишлашни йўлга қўйдик. 130 нафар атрофида мижоз билан шартнома имзоладик. Лекин бизга банк кредит ажратиши керак эди. Йил охири бўлганлиги учун бизда кредит линияси очилмади ва 29 январда мижозлар томонидан эътирозлар бошланди», деган «Credit House» МЧЖ менежери Шоира Раҳимова.

Тергов жараёнида мурожаатчиларнинг 552 нафари билан 3 томонлама шартнома имзоланиб, улар томонидан «Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» МЧЖларига тўланган пуллар қурувчиларга ўтказилиб, қолган миқдордаги тўловлар фуқаролар томонидан тўғридан тўғри қурувчи ташкилотга тўланиши келишилган.

ИИВ ушбу шахслардан жабрланганлар бўлса ҳудудий ички ишлар органларига ёки 102 рақами орқали хабар беришлари мумкинлигини қўшимча қилган.

Kun.uz олдинроқ «Credit House» иши ва бунинг бошида турган Дмитрий Баженов ҳақида суриштирувлар эълон қилганди.

Мавзуга оид