Жаҳон | 20:07 / 20.05.2025
701
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда суд мажлисларини аудио ва видеога ёзиб олиш мажбурий бўлди

Садир Жапаров Қирғизистон Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, мамлакатда суд мажлисларини аудио-видео воситалар орқали ёзиб олиш мажбурий бўлди. Бундай ёзувларнинг мавжуд эмаслиги ишни қайта кўриш ёки бекор қилишга асос бўлади.

Фото: president.kg

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 20 май куни мамлакат Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Жапаровнинг матбуот хизматига кўра, мазкур қонун Қирғизистон парламенти — Жогорку Кенеш томонидан 2025 йил 3 апрель куни қабул қилинган.

Қонуннинг мақсади – эҳтиёт чоралар тизимида гаров институтининг ролини кучайтириш, уни самарали қўллашга хизмат қиладиган механизмларни ишлаб чиқиш ҳамда жиноят процессида видео-конференц-алоқа имкониятларини такомиллаштириш экани айтилмоқда.

Қонун орқали Жиноят-процессуал кодекси қуйидаги нормалар билан тўлдирилмоқда:

– суд тизимига «видео-конференц-алоқа» ва «трансляция (онлайн-трансляция)» тушунчалари киритилади;

– айбланувчининг суд мажлислари баённомалари (жумладан, аудио ва видео ёзувлари) билан танишиш, уларга эътироз билдириш ва суд мажлисини бевосита эфир орқали телевидение, радио ва/ёки Интернет тармоғида трансляция қилиш орқали ўтказишни сўраш ҳуқуқлари белгиланади;

– суд мажлисининг боришини аудио ва видео воситалар орқали мажбурий тарзда қайд этиш талаби жорий этилади;

– аудио ва видео ёзувларнинг мавжуд эмаслиги – суд қарорини ўзгартириш, қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш учун асослардан бири сифатида тан олинади;

– жиноятнинг оғирлигига қараб гаровнинг энг кам миқдорлари белгиланади.

Расмий релизда жиноят қонунчилигига киритилаётган ўзгаришлар қачондан кучга кириши, шунингдек янги тартиблар ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Мавзуга оид