Ўзбекистон | 17:58 / 21.05.2025
9325
7 дақиқада ўқилади

Трактордан “Камаз”гача: Жиззахда одамлар кутилмаган усулда чув тушириб кетилмоқда

26 ёшли йигит OLX платформаси орқали эски юк машиналарини топиб, олдиндан 5-10 млн сўм берган ҳолда насияга сотиб олган. Сўнгра уларни металлоломга топшириб, пуллаб юборган. Гувоҳлар бу уюшган гуруҳ эканини, жабрланганлар сони кўплигини айтмоқда. “Жиззах вилояти прокурорига кириб ҳолатни билдирдим, пинагини ҳам бузмади”, дейди жиноятга гувоҳ бўлган такси ҳайдовчиси. Алданганлар прокуратура ва ИИБнинг ҳаракатсизлигидан норози.

Жиззах вилоятида яшовчи, 1999 йилда туғилган Шоҳрух Абдуназаров кўплаб одамларни ҳеч ким кутмаган усулда чув тушириб кетган. Бу ҳақда Kun.uz’га ушбу шахсдан жабрланган бир нечта фуқаро маълум қилди. Улар прокуратура ва ИИБга қилинган мурожаатлардан иш чиқмаётганини айтмоқда.

Металлолом “бизнеси”

Бу фирибгарлик иши сотувга қўйилган оғир вазнли транспорт воситалари билан боғлиқ. Республиканинг турли ҳудудларида яшовчи фуқаролар OLX платформасига транспорт воситасини сотиш бўйича эълон жойлаштирган. Ушбу эълонлар орқали харидор сифатида келган Шоҳрух Абдуназаров савдолашиб, дастлабки тўлов сифатида маълум миқдорда пул тўлаган. Тўловнинг қолган қисмини кейинроқ келтириб бериш ҳақида тилхат ёзиб берган.

Насия савдога транспорт воситаси эгалари ҳам кўнган. Чунки сотувга қўйилган транспорт воситаларининг аксарияти эски, айримлари ҳатто яроқсиз ҳолда бўлган. Бундай эски транспортларга ҳа деганда харидор топилавермаслиги аниқ.

Шоҳрух Абдуназаров шу тариқа қўлга киритган трактор ва “грузовик”ларни олиб кетиб, металлоломга пуллаб юбораверган. Уларнинг эгаларига эса ваъда қилинган пайтда пулларни тўламаган.

Трактордан “Камаз”гача бор

Шоҳрух Абдуназаровга алданганларнинг аксарияти Жиззах, Сирдарё, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятидан бўлган. Уларнинг айримлари чув тушганини билгач, харидорни излаб боришган. Бироқ натижа чиқмаган.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманиданман. Шоҳрух Абдуназаров 2025 йил 2 март куни мендан “Камаз” олиб кетган. 55 млн сўмга савдо қилгандик. Олдиндан 5 млн сўм берган ва қолган пулни 29 март кунига қадар келтириб беришини айтган. Ўзи келишув бўйича олдиндан 10 млн сўм бериши керак эди, аммо 5 млн сўм бериб, яна 5 млн сўмни банк картамга ўтказиб юборишини айтиб кетган.

Аммо шу билан йўқ бўлиб қолди. Уни излаб бордим. Билсам “Камаз”ни металлоломга топшириб, сотиб юборган экан. Шоҳрух Абдуназаров яшайдиган маҳалла профилактика инспектори менга ўзингиз яшайдиган туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилинг, деди. Шундай қилдим, 3-4 марта чақиришди, қидирилмоқда, топсак қўнғироқ қиламиз, дейишди. Аммо ҳали жим”, дейди ўзини Ориф деб таништирган жабрланувчилардан бири.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида яшайман. Мендан 2025 йил 30 январ куни юк машинасини олиб кетган. 5 минг АҚШ долларига келишганмиз. Олдиндан 1000 долларини бериб, қолганини 25 февралгача беришини айтган. Тилхат ёзиб берган. Аммо йўқ бўлиб қолди.

Алдаб кетганини билиб, 26 феврал куни ИИБга ариза ёзганман. Аммо натижа бўлмади. Сўнгра Жиззах вилояти прокуратурасига ариза билан мурожаат қилдим. Жавоб хати келавермагач излаб борсам, аризамни Шароф Рашидов тумани прокуратурасига ўтказиб юборишганини айтишди. У ерга борсам Шароф Рашидов тумани ИИБга жўнатишганини билдиришди. ИИБда эса аризам уларга ҳали етиб бормаганини айтишди”, дея таъкидлайди Олим исмли яна бир жабрланувчи.

Ушбу жабрланувчининг қўшимча қилишича, уни май ойи бошида Шароф Рашидов тумани прокурорининг Бобур исмли ўринбосари қабул қилган ва ҳолат юзасидан чора кўрилишини айтган. Бироқ орадан 20 кун ўтганига қарамай бирор ҳаракат бўлмаган.

Ғаллаорол туманида яшовчи яна бир жабрланувчи Элмурод Холбўтаев эса 2025 йил 2 май куни Шоҳрухга “ЗИЛ” машинасини 37 млн сўмга сотганини, у дастлабки тўлов сифатида 2 млн сўм бериб, қолганини 10 кунда беришини айтиб кетганини билдиради. Аммо Шоҳрух Абдуназаров ушбу фуқарога ҳам келишув бўйича айтилган вақтида қолган суммани тўлаб бермаган.

Шоҳрух Абдуназаров ваъда қилинган муддат тугагач пулини сўрай бошлаган жабрланувчиларни гоҳ синглимни машина уриб кетди, гоҳ укам Россияда қамалиб қолди, деган турли баҳоналар билан алдаб юраверган.

Прокурор пинагини ҳам бузмади”

Шоҳрух Абдуназаровни киракашлик билан шуғулланувчи Толибжон Холмаматов исмли йигит 3-4 жойга олиб борган. Kun.uz ушбу фуқаро билан телефон орқали суҳбатлашди.

Толибжон Холмаматовнинг таъкидлашича, ушбу ишларни Шоҳрух Абдуназаровнинг ўзи ёлғиз қилмайди. Унинг ёнида Алишер ва Эркин исмли шериклари ҳам бор.

“Мен таксист сифатида айтган жойига олиб борганман ва хизмат ҳақимни олганман. Аммо улар бунақа иш қилишларини билмагандим. 3-4 жойга олиб борганимдан сўнг сезиб қолдим.

Улар 3 киши. Биттаси телефонда OLX платформасини кузатиб ўтиради ва “юк” топади. Масалан, битта “ЗИЛ” сотувга қўйилган ва нархи 40 млн сўм. Ўшанга қўнғироқ қилади ва “вариантга” берасизми, деб сўрайди. Машина турига, яъни катта-кичиклигига қараб дастлабки тўлов сифатида 5 ёки 10 млн сўм таклиф қилади.

Иккинчи одам пул тикади. Яъни ўша дастлабки тўлов пулини беради. Кейин Шоҳрух боради ва машина эгасини “фермерман, дала ишларини қиламан” каби гаплар билан алдайди. Сўнгра келишилган дастлабки тўловни бериб, қолганини 10-15 кун ёки 1 ойда беришини айтади. Тилхат ёзиб беради, видеога олиб қолиши мумкинлигини айтади. Агар юрадиган машина бўлса, битта ҳайдовчи топиб, олиб кетади.

Машиналарни Жиззахда 2 та жойга топширади: Ғаллаоролдаги металлолом сотиб оладиган жойга ва Жаззахнинг ўзидаги “чермет”га. Транспорт воситаси неча тонна чиқса, “металлолом” нархида сотиб юборади, бўлди. Менинг эшитишим бўйича 70-80 та эпизод бўлган буларда”, дейди Толибжон Холмаматов.

Таксистга кўра, у мижозларининг қилиб юрган ишидан хабар топгач Жиззах вилояти прокурори қабулига бориб, ҳолатни айтган. “Прокурорнинг олдига кирдим, ўзимизда, вилоятникига. Пинагини ҳам бузгани йўқ. Ўринбосарига учраштириб юборди. Жиддий қарамади”, дейди у.

Қўлловми ёки ўйлов?

Алданганлар бор, алдаганлар бор, транспорт воситалари олиб бориб топширилган жой ҳам аниқ. Аммо тегишли органлар мурожаат бўлса-да, Шоҳруҳ Абдуназаров ва унинг шериклари ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бермаган, ишни пайсалга солиб келган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаракатсизлиги уюшган гуруҳ учун гўёки қўллов бўлмоқда. Алданганларнинг таъкидлашича, гуруҳ айни кунларда ҳам фаолият юритяпти. Шоҳрух Абдуназаров чув тушганларни “қора рўйхат”га қўшиб қўйиш орқали улар билан алоқани узган. Гуруҳ фаолиятига тезроқ чек қўйилмас экан, жабрланувчилар сони янада ортиши мумкин.

Руслан Сабуров,
Kun.uz 

Мавзуга оид