Жамият | 19:58 / 21.05.2025
11938
4 дақиқада ўқилади

Яйпанда шундай ошхона бор: Ош салат, нон ва чойи билан 8 минг, шўрва эса 10 минг сўм

Фарғона вилоятининг Яйпан шаҳрида бир ошхона борки, овқат нархининг арзонлиги бўйича Ўзбекистонда ягона деса ҳам бўлади. Бир коса палов бор-йўғи 8 минг сўм. Шакароб, нон ва чойи бепул. Бир коса шўрва эса нон ва чойи билан атиги 10 минг сўм. Таомлари арзонлигидан беданалар сайраб турадиган шинам ва файзли тамаддихонадан одам аримайди. Баъзи вақтлари мижозлар кўплигидан бўш жой топиб бўлмайди. Емакхонага бир кунда 3 маҳал келадиган одамлар ҳам бор.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мўъжазгина ошхонани 40 йиллик ошпаз Қурбонали Тўхтабоев очган. Оилада 12-фарзанд бўлган Қурбонали ака аввалига ўзи яшайдиган хонадонда иш бошлаган. Мижозлари кўпайиб кетгач, автошоҳбекат қаршисидан ижарага жой олиб, янги бинога кўчади. Тез орада нархи арзон ва анча машҳур бўлган ошхона эл оғзига тушади. Бир коса ош бундан 8 йил аввал 3,5 минг сўм бўлган экан.

Қурбонали Тўхтабоев

“Кўпчилик гуруч, ёғ, сабзи қимматлаб кетди, нега ош нархини кўтармадингиз, деб кўп сўрашади. Бугун қимматлаган маҳсулот нархи қачондир тушиб қолар, деб овқатларим нархини кўтармаганман, кўтармайман ҳам. Бозордаги нарх-навонинг кўтарилиши мен учун аҳамиятсиз.

Озгина топганим баракали. 1 кг сабзи нархи 16 минг сўмга чиққанида ҳам ош нархини кўтармадим. Ишчиларимнинг уйида қора қозони қайнаяпти. Одамларни рози қилсам дейман. Энг муҳими шу. Кимдирда бор пул бошқаларда йўқ бўлиши мумкин-ку.

Аранг рўзғор тебратаётганлар ҳам бордир? Буни одамларнинг юзидан ўқиб оламан. Аллоҳга шукрки, 8 минглик ошимдан еб одамлар дуо қилиб кетишади. Шунинг ўзи мен учун катта нарса.

Ишимни жуда яхши кўраман. Турмуш ўртоғим ҳам мен билан бирга ишлайди. Ишчиларимга маош, ошхона эгасига ижара ҳақи тўлайман. Умуман жами харажатлардан ташқари бир-икки сўм даромад ҳам топаман. Кўпчилик ошхонамизни атрофдан эшитиб, нархларига ишонқирамай атай кўргани келишиб, ошимиздан еб кетишади. Фаолиятим туфайли кўпчилик танийди, ҳурмат қилади.

Бир кунда 3 маҳал келадиган мижозларим ҳам жуда кўп. Атай чойдан ичгани ҳам келадиганлар талайгина. Чойингиз жуда мазали деб қўйишади. Мазалилиги сабаби тонг саҳар соат 4:00 да келиб идишларга сув солиб, тагига ўт ёқаман. Ўтин то шомгача ўчмайди.

Кунига 30 кг қорақилтириқ гуручидан ош дамлайман. Гуруч килограммини 30 минг сўмдан сотиб оламан. Эрталаб соат 7:00 да ош пишиб тайёр бўлади. Энг олди мижозларим эса соат 6:00 дан келишни бошлайди.

Ёши улуғ отахонларга ака, кичикларни укажон деб, ҳурматини жойига қўйиб кузатиб қўйишга астойдил ҳаракат қиламан. Иложи борича уларнинг кўнглини олишга ҳаракат қиламан”, – дейди 53 ёшли Қурбонали Тўхтабоев.

Ёши улуғ отахонлар масжидда жума намозини ўқиб бўлиб яна Қурбонали аканинг чойхонасига келиб гурунг қилишни бошлашди. Кимдир палов еган, кимдир шўрва ичган, яна кимлардир эса атай чой ичишга келган. Отахонлар ошпаз ҳақига дуо қилишарди.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид