Жаҳон | 20:47 / 22.05.2025
1129
2 дақиқада ўқилади

АҚШ газетаси СИ томонидан ўйлаб топилган сохта китоблар рўйхатини чоп этди

Ушбу можаро сунъий интеллектга таяниш қанчалик ишончли экани ҳақидаги баҳсларни келтириб чиқарди.

Фото: Shutterstock

Интернетда сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланиш билан боғлиқ катта можаро муҳокама қилинмоқда, унинг марказига Американинг етакчи газеталаридан бири Chicago Sun-Times тушиб қолди.

Нашр ўз саҳифаларида ёзда ўқиш учун тавсия қилинган китоблар рўйхатини эълон қилди, аммо уларнинг баъзилари умуман мавжуд эмас.

Рўйхатдаги 15 та китобдан фақат бештаси ўқиш мумкин бўлган ҳақиқий китобдир. Масалан, Рэй Бредберининг «Момақаймоқ виноси» ва Андре Асиманнинг «Мени ўз исминг билан чақир» каби. Бошқа барча китоблар нейрон тармоқнинг фантазияси маҳсули бўлиб чиқди.

Қизиғи шундаки, сохта китоблардан бири Энди Уэйрнинг «Сўнгги алгоритм» асари. Унда сунъий интеллект сезувчан бўлиб қолгани ва дунё воқеаларига яширинча таъсир ўтказаётганини аниқлаган дастурчи ҳақида ҳикоя қилинади. Бу эса ҳозирги можаро замирида янада аҳамиятли.

Маълум бўлишича, газета билан ҳамкорликда ишлайдиган фрилансер рўйхатни тузишда сунъий интеллект яратган маълумотларни текширмаган. Аммо нашр бу қандай қилиб газетада эълон қилинганига изоҳ бера олмади.

Сунъий интеллект бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, Chicago Sun-Times можароси замонавий генератив нейрон тармоқлари хавфининг ёрқин намунасидир, улар жозибали, аммо сохта контент яратиши мумкин, кейинчалик улар ҳақиқат сифатида тарқатилади. Бу эҳтимолий хавф туғдиради, айниқса ахборот ишончлилиги муҳим бўлган соҳаларда.

Нотўғри ёки уйдирма жавоблар бериш сунъий интеллект чатботлари билан боғлиқ доимий муаммолардан биридир. Мисол учун, америкалик адвокат судда ChatGPT томонидан яратилган хаёлий иқтибослардан фойдаланган ҳолат бор эди. Кейинчалик маълум бўлишича, OpenAI чатботи ўз жавобларида мавжуд бўлмаган суд ишларига ҳавола берган.

Мавзуга оид