Жаҳон | 13:55
3744
11 дақиқада ўқилади

АҚШ осмонида «Олтин гумбаз», Ғарб дипломатларига ўқ узган Исроил ва Россия армиясидан қочганлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил аскарлари Ғарб дипломатлари ва журналистлар томонга ўқ узди

21 май куни Исроил аскарлари Ғарб давлатларининг юқори мартабали дипломатлари, фаластинлик расмийлар ва журналистлар иштирок этаётган делегацияни тарқатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узди. Делегация Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги шаҳар – Женинни айланиб чиқаётган эди. Бу ҳақда Фаластин маъмурияти ва ҳодиса жойидан олинган телевидение лавҳаларида маълумот берилди.

Ҳодиса натижасида ҳеч ким жароҳат олмаган, бироқ бу ҳолат Ғазо ва Ғарбий Соҳилда олиб борилаётган ҳаракатлар туфайли Исроил ва унинг халқаро ҳамкорлари ўртасидаги аллақачон таранглашган муносабатларни янада кучайтирди. Ўқ узиш воқеаси Буюк Британия, Франция ва Канада Исроилдан Ғазодаги урушни тўхтатишни талаб қилганидан икки кун, Британия эса Исроил билан савдо музокараларини тўхтатганидан бир кун ўтиб содир бўлди.

Ушбу уч давлат дипломатлари чоршанба куни Фаластин маъмурияти вакиллари билан бирга Женин шаҳрини кўздан кечираётган катта дипломатик делегация таркибида бўлган. Фаластин маъмурияти бу ташрифни Исроил ҳарбийлари томонидан қуролли гуруҳларга қарши амалиётлар баҳонасида шаҳарнинг бир четидаги ҳудуд эгаллаб олиниб, қисман вайрон қилинганини кўрсатиш учун ташкил қилган эди.

Исроил ҳарбийларининг баёнотига кўра, огоҳлантирувчи ўқлар делегация «тасдиқланган йўналишдан четга чиққани ва рухсат этилмаган ҳудудга киргани» учун узилган. Ҳарбийлар бу ноқулайлик учун афсус билдирган ва ҳодиса ўрганилаётганини айтган.

Бироқ Женин мэри Муҳаммад Жаррор бу даъволарни рад этди ва ташриф йўналиши Исроил томони билан келишилганини айтди.

АҚШ узра «Олтин гумбаз» ғояси

Доналд Трамп АҚШ узра умумий қиймати 175 миллиард доллар бўлган «Олтин гумбаз» номли янги ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш режасини маълум қилди. Оқ уйда ўтказилган брифингда сўзлаган АҚШ президенти янги тизимни «чет элдан келаётган ракета ҳужумларидан ҳимоя қилувчи ракета қалқони» деб атади.

Трампнинг сўзларига кўра, янги тизим гипертовушли, баллистик ва қанотли ракеталарни уриб тушира олади. У қуруқликда, денгизда ва коинотда жойлаштирилади. «Баъзи радарлар ва тутқичлар коинотга жойлаштирилади», — дея аниқлик киритди Трамп. Худди шу брифингда қатнашган АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетнинг аниқлик киритишича, янги тизим оддий ёки ядровий қурол бўлишидан қатъи назар, турли турдаги ракеталар ва дронларни тутиб олиш учун мўлжалланган.

«Олтин гумбаз» дастури раҳбари АҚШ космик кучлари бошлиғининг ўринбосари, генерал Майкл Гетлейн бўлади.

New York Timesʼнинг ёзишича, лойиҳа қиймати 175 миллиард долларга баҳоланмоқда, аммо Конгресснинг бюджет идораси фақат космик компонентлар учун 542 миллиард доллар керак бўлишини айтган. 2025 йилги АҚШ ҳарбий бюджетида лойиҳа учун 25 миллиард доллар ажратилган.

Тизимнинг техник тафсилотлари ҳали номаълум: уни ким қуради, қандай ишлайди, қанчалик самарали бўлади – буларнинг барчаси аниқлаштирилмаган. Трамп бу тизим уч йил ичида ишга туширилишини айтган, бироқ мутахассислар бунга кўпроқ вақт кетишини билдирмоқда.

Эрдўған: Ғазо ва Шимолий Кипр ҳақида

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 21 май куни Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида нутқ сўзлаб, Ғазо секторидаги аҳволни «замонавий даврнинг энг жиддий гуманитар фожиаси» деб атади ва бу ерда тинч аҳоли «ҳақиқий дўзах»ни бошдан кечираётганини айтди.

Эрдўған Исроилнинг «чегараси йўқ экспанционизмини» тўхтатишга чақириб, Фаластин, Ливан ва Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлади.

«Агар Ғазога гуманитар ёрдам етказилмаса, 14 минг чақалоқ ҳалок бўлиши мумкин. Туркий дунё тинчлик ўрнатиш, ёрдам етказишни таъминлаш, Ғазони қайта тиклаш ва узоқ муддатли тинчлик жараёнини бошлашда муҳим роль ўйнаши мумкин. Кипр, Қорабоғ, Босния ва бугунги Ғазодаги фожиалар бизни чегаралардан ташқарида кенгроқ фикрлаш зарурлигига яна бир бор ундайди», — деди у.

Туркия президенти, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда муҳим даражага етганини, бироқ Шимолий Кипрсиз «туркий дунёнинг оилавий суратлари» ҳеч қачон тўлиқ бўлмаслигини айтди.

«Бугунги саммитда ТРСКнинг Туркий академияга кузатувчи аъзо сифатида қабул қилинишини жуда муҳим қадам деб ҳисоблайман. Умид қиламанки, яқин келажакда биз Шимолий Кипрни ташкилотимизнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қиладиган кунлар келади», — деди Эрдўған.

Туркий давлатлар ташкилоти — туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2009 йилда Нахчивонда тузилган халқаро ташкилотдир. Унинг асосий мақсадлари қаторига туркий халқлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш киради. Ташкилотга Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон аъзо давлат, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи давлат мақомида.

Уруш бошидан бери Россия армиясидан 49 минг киши қочган бўлиши мумкин

Украинага кенг кўламли ҳужум бошланганидан бери камида 49 минг аскар ва зобит Россия армиясини тарк этган бўлиши мумкин. Бу маълумотлар «Важные истории» нашри томонидан эълон қилинди.

У иккита маълумотлар базасига таянган: 2022-2024 йиллар учун Жанубий ҳарбий округдаги ўз бўлинмасини рухсатсиз тарк этганларнинг рўйхати очиқланди, шунингдек Россия Федерациясида қочоқлик ва ўз бўлинмасини рухсатсиз тарк этганлик учун жиноий иш қўзғатилган шахслар рўйхати 2025 йил март ойида “Хочу жить” Украина ГУР лойиҳаси томонидан эълон қилинди.

«Важные истории», шунингдек, Россия Қуролли кучларининг 20-мотоўқчилар дивизиясидан қочиб кетганлар рўйхатини олди. Ушбу рўйхатдаги исмларнинг 65 фоизи Жанубий ҳарбий округ рўйхатидаги номларга тўғри келди. Унинг кўплаб иштирокчиларига, шунингдек, Россия ҳарбий гарнизон судларининг маълумотларига кўра, бўлинмани тарк этганлик учун ҳукм қилинган.

Қатарнинг Трампга совғаси етиб келди

Қўшма Штатлар Қатар ҳукумати томонидан совға қилинган Boeing 747 самолётини қабул қилди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги расмий вакили хабар берди. Президент Трамп бу самолётни ўзининг янги «Air Force One» (АҚШ президентининг расмий борти) сифатида ишлатмоқчи.

«Мудофаа вазири федерал қонун ва қоидаларга мувофиқ ҳолда Қатар томонидан тақдим этилган Boeing 747 самолётини қабул қилди. Эндиликда бу самолёт президент ташувларига мослаштириш учун хавфсизлик чоралари ва функционал талабларга риоя қилинган ҳолда модернизация қилинади», деган Пентагон матбуот котиби Шон Парнелл.

Авиация саноати мутахассисларининг ҳисоб-китобига кўра, ушбу самолёт қиймати 200 миллион долларга яқин бўлиши мумкин. Бироқ Пентагон вакиллари уни президент ташувлари учун яроқли қилиш катта ўзгартиришларни талаб қилишини тан олди. АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари вакили Трой Мейнкнинг айтишича: Фуқаролик самолётини президент ташувлари учун махсус ҳимояланган бортга айлантириш мураккаб жараён. Ҳозирда унинг хавфсизлик бўйича қандай ўзгаришларга муҳтожлиги аниқланяпти.

Трамп ушбу совға етиб келганини Оқ уйдаги чиқишида тасдиқлади ва уни «зўр нарса» деб баҳолади: «Қатар АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларига самолёт совға қилмоқда – бу жуда ажойиб», деган Трамп.

Аммо ушбу режа Конгрессда жиддий хавотир уйғотди. Сенаторлар орасида Трамп Пентагонга тезлик билан ишлаш босимини ўтказиши мумкинлиги, натижада самолётга зарур хавфсизлик тизимлари – масалан, ракеталарга қарши мудофаа ёки ядровий зарба электромагнит таъсиридан ҳимоя тизимлари – ўрнатилмаслиги мумкинлигидан хавфсираётганлар бор.

Бундан ташқари, Конгрессдаги икки партиядан ҳам айрим вакиллар Қатар ушбу совға орқали Трампга таъсир ўтказишга ҳаракат қилаётгани ёки самолётда махфий тинглаш қурилмалари бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Қатар Бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ал Сони эса бу даъволарни инкор этди:

«Биз буни пора сифатида бермадик. Бу икки давлат ўртасидаги дўстлик ва шериклик ифодаси. Мен бу совғани кимдир таъсир воситаси деб ўйлаётганини тушунмайман,» деган шайх ал Сони.

Пентагон маълумотига кўра, бундай самолётни сақлаш йилига 135 миллион доллар туради. Қатарнинг 2012 йилда ишлаб чиқарилган ушбу лайнерини ҳарбий даражадаги «Air Force One»га айлантириш камида 1 миллиард долларга тушиши мумкин. Бу эса Boeing компанияси ҳозирда ишлаб чиқарилаётган икки янги 747 самолётини тайёрлашдан ҳам қимматроқ ва узоқроқ муддат талаб қилиши мумкин.

Ҳозирда бу лайнер Сан-Антониодаги техник хизмат базасида турибди. Трамп маъмурияти уни қайта жиҳозлаш учун L3Harris компаниясини жалб қилишни режалаштирмоқда. АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари вакилининг сўзларига кўра, бу бўйича махфий шартнома тайёрланмоқда.

Зеленский: Россия урушни давом эттириш учун вақтни чўзмоқчи

Россия Қўшма Штатлар билан музокаралар орқали вақтни чўзишга ҳаракат қилмоқда, деди Володимир Зеленский. «Асосийси, тинчликка эришиш йўлидаги дипломатик саъй-ҳаракатлар мувофиқлаштирилган ва реал натижаларга қаратилган. Кўриниб турибдики, Россия уруш ва ишғолни давом эттириш учун вақтни чўзишга уринмоқда», деб ёзди Украина президенти X ижтимоий тармоғида. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳамкорлари билан Россия хатти-ҳаракатларини ўзгартириш устида ишламоқда. «Санкциялар муҳим ва мен уларни уруш учун масъул бўлганларга аниқроқ қилиб қўйган ҳар бир кишидан миннатдорман», деб таъкидлади Володимир Зеленский.

Унинг таъкидлашича, Россия ва Украина ўртасидаги уруш «аниқ ва реал таклифлар» зарур бўлган музокаралар столида якунланиши керак. «Украина ҳар қандай самарали музокара форматига тайёр. Ва агар Россия нореал шартларни қўйишда ва мумкин бўлган натижаларга путур етказишда давом этса, бу оғир оқибатларга олиб келиши керак», — деди Украина раҳбари.

Аввалроқ АҚШ ва Россия президентлари Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги телефон суҳбатларидан сўнг Зеленский Украина Қуролли кучларини Украина ҳудудларидан олиб чиқиб кетиш эҳтимолини рад этди. «Агар Россия қўшинларимизни еримиздан олиб чиқиш учун шарт қўйса, бу улар уруш тугашини истамаяпти, дегани. Чунки улар Украина буни қилмаслигини аниқ тушунишади», — деди у.

Мавзуга оид