Жаҳон | 09:26
2949
2 дақиқада ўқилади

CNN: Россия командирлари асирга олинган украиналик аскарларни ўлдиришга буйруқ беряпти

Америка телеканали Украина разведкаси томонидан тақдим этилган рус аскарлари ўртасидаги суҳбатнинг аудиоёзувини ва дрондан олинган видеони эълон қилди, унда асирга олинган украиналик аскарлар ўлдирилгани айтилмоқда.

Фото: Sputnik/imago images

21 май, чоршанба куни Американинг CNN телеканали унга Украина разведкаси томонидан топширилган аудио ва видео материалларни эълон қилди, улар эса, Украина расмийларига кўра, Россия қўмондонлиги аскарларга таслим бўлган украиналик аскарларни халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда қатл этиш ҳақида буйруқ бераётганининг қўшимча далилидир.

Аудиоматериаллар Россия Қуролли кучларининг номаълум зобити «Арта» ва «Белий» чақирув белгилари бўлган ўз қўл остидагиларига бир неча бор фақат украиналик аскарлар гуруҳи қўмондонини асирга олиб, қолганларини ўлдиришни буюрган суҳбатдир. Бу суҳбат, Украина разведкаси маълумотларига кўра, 2024 йил ноябрида, номаълум санада соат 12:05 дан 12:31 гача Запорижжя вилоятидаги Новодаровка қишлоғи яқинида ёзиб олинган.

CNN нашрида суҳбатнинг аудиоёзуви худди шу вақтда ва бир жойда дрондан олинган видеотасвирга қўйилган. Кадрларда украиналик олти нафар аскар ерда ётганини кўриш мумкин. Кейин улардан камида иккиси яқин масофадан отиб ташланади ва бири — эҳтимол қўмондон — олиб кетилади. Қатлни амалга ошираётганларнинг ҳаракатлари радио орқали берилган буйруқлар билан ҳамоҳанг эди.

Бу қотиллик Россиянинг 5-армияси 127-дивизиясининг 394-мотоўқчилар полки ҳужумкор бўлинмаси ҳарбий хизматчилари томонидан содир этилган, деб хабар қилди Украина хавфсизлик хизмати. СБУ Россия Қуролли кучларининг ушбу бўлинмасини бошқа жиноятларни ҳам содир этганликда гумон қилмоқда.

Мавзуга оид