Ўзбекистон | 22:24 / 23.05.2025
1206
5 дақиқада ўқилади

23 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Хоразмда металлоломга топширилган снаряд портлади, Ўзбекистон мактабларига британиялик ўқитувчилар жалб қилинади, Netflix Амир Темур ҳақида филм суратга олди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хоразмда металлоломга топширилган снаряд портлаб кетди

Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги металлолом йиғиш шохобчасида портлаш юз бергани маълум бўлди.

Kun.uz манбасига кўра, ҳодиса 11 апрел куни содир бўлган. Йиғиб келинган темир-терсаклар туширилаётганда улар орасида бўлган снаряд портлаб кетган. Оқибатда шу ерда ишловчи 31 ёшли фуқаро оғир тан жароҳати олиб, вафот этган.

Таъкидланишича, снарядлар Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ҳарбий хизматчилардан сотиб олинган.

Ижтимоий тармоқларда ҳам бу ҳодисага оид хабарлар тарқалди. Унда айтилишича, портлашдан сўнг воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва сапёрлар етиб борган. Ўрганиш жараёнида шохобчадан яна 30 га яқин снаряд топилган.

Интернетда тарқалган видеода марҳумнинг онаси ўғли оила боқувчиси бўлганини, унинг 2 фарзанди етим қолганини айтган. Она снарядларни сотган ва сотиб олиб шохобчага келтирган шахсларга қатъий жазо қўллашни сўраган.

Ҳозирда мазкур ишни Ҳарбий прокуратура ўрганаётгани, металлолом йиғувчи ва унга снарядларни сотган ҳарбий хизматчилар устидан тергов бошлангани, айримлари қамоққа олингани айтилмоқда.

Ўзбекистон мактабларига британиялик ўқитувчилар жалб қилинади

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида Буюк Британияда таҳсил олаётган «Эл-юрт умиди» жамғармаси совриндорлари билан учрашди.

Мулоқот давомида давлат раҳбарининг «Президент иқтидорли фарзандлари» ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти ва ёшлар учун яратилган янги имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Буюк Британияда таълим соҳасида фаолият юритувчи ҳамкорлар билан икки томонлама учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Тадбир доирасида Volunteer services overseas ташкилоти билан икки томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланди. Унга кўра, томонлар умумтаълим мактабларига хориждан малакали мутахассис ва волонтёрлар, хусусан, 500 нафардан ортиқ британиялик ўқитувчиларнинг жалб қилинишига келишиб олди.

Тошкентда уй-жойга инвестициялар даромадлилиги пасайди

2025 йил апрелда Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги 6,2 фоизгача тушди. Бунда мазкур даврда ижарадан келадиган ўртача даромад 10,9 фоиздан 8,5 фоизгача камайган бўлса, уй-жойларнинг ўртача нархи 2,4 фоиз арзонлади.

2024 йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳрида уй-жой харид қилиб, жорий йил апрел ойида ушбу уйни сотишга тўғри келган инвесторлар бир йил ичида уй-жойлар бозор қийматининг пасайиши сабаб уйни харид нархидан ўртача 2,4 фоиз камига реализация қилишга мажбур бўлишди.

Жорий йил апрел ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар ижарасидан олинадиган ўртача даромад пасайишда давом этди. Ўтган йилнинг апрел ойида ўртача даромадлилик 10,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг апрел ойига келиб ушбу кўрсаткич 8,1 фоизгача пасайди.

Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқорироқ бўлган 1 ва 2 хонали хонадонлар учун даромадлилик даражаси мос равишда 8,5 фоиз ва 6,3 фоизгача тушди.

Netflix Амир Темур ҳақида филм суратга олди

Netflix стриминг платформаси Амир Темурнинг ҳаёти ва ҳокимият сари йўли ҳақида ҳикоя қилувчи «Сўнгги фотиҳнинг юксалиши» номли филмни суратга олиш жараёнини якунлади.

Ижодкорларнинг сўзларига кўра, филм буюк саркарданинг юксалиши ҳақидаги эпик воқеани тарихий аниқлик ва давр муҳитига алоҳида эътибор билан ҳикоя қилади.

Филм режиссёри Жейкоб Шварц, сценарий муаллифи Мэтю Грин. Амир Темур ролини Кристиан Мортенсен, амир Ҳусайн ролини Маҳеш Жаду, Амир Темурнинг рафиқаси Ўлжой Туркон ролини ўзбек актрисаси Юлдуз Ражабова ижро этган.

Филмни суратга олиш жараёни 2022 йил охирида бошланган.

Ҳозир филм пост-продюсерлик босқичида. Суратга олиш ишлари Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлиб ўтган, филм премераси 2025 йил ёзи охирида бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид