Жаҳон | 23:27 / 23.05.2025
1957
2 дақиқада ўқилади

Ҳамбург марказий вокзалида аёл киши пичоқ билан одамларга ҳужум қилди. Камида 12 киши жароҳат олди

Жароҳат олганларнинг уч нафарини аҳволи оғир экани айтилмоқда. Гумонланувчи шахс полиция томонидан ушланган.

Фото: DPA

Ҳамбургдаги марказий вокзалда юз берган ҳужум оқибатида камида 12 киши жароҳат олди. Бу ҳақда маҳаллий полиция ва ўт ўчириш хизмати маълум қилди.

«Дастлабки маълумотларга кўра, бош вокзалда фуқаро пичоқ билан бир неча кишига жароҳат етказган. Гумонланувчи тезкор ходимлар томонидан ушланган», — дейилади полиция баёнотида.

AFP агентлигининг Ҳамбург ўт ўчириш хизмати вакилига таяниб маълум қилишича, ҳодиса оқибатида 12 киши жароҳат олган. Bild нашрига кўра, жароҳат олганларнинг уч нафари оғир аҳволда, яна уч нафари жиддий яраланган. Олти кишига енгил жароҳат етган.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 18:05 да поезд келишидан олдин платформада содир бўлган. Ҳужумни аёл киши амалга оширгани маълум қилинди. Унинг бу каби ҳаракатларига нима сабаб бўлгани номаълум.

Айрим жабрланувчиларга тиббиёт ходимлари поезд вагонларининг ўзида ёрдам кўрсатишга мажбур бўлган. Юз берган воқеа сабаб бош вокзалда поездлар қатнови бутунлай тўхтатилган.

Мавзуга оид