Ўзбекистон | 11:11
5967
2 дақиқада ўқилади

Музработ туманига янги ҳоким тайинланди

Туманга ҳоким этиб тайинланганига ҳали 1 йил ҳам бўлмаган Алишер Қурбонов лавозимидан озод қилинган. Унинг ўрнини бугунгача “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ директори вазифасида ишлаб келган Абдулла Маматқулов эгаллади.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Халқ депутатлари Музработ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов қатнашиб, Музработ туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар хусусида тўхталган.

Сессия давомида шу вақтга қадар Музработ тумани ҳокими вазифасини бажариб келган Алишер Қурбонов лавозимидан озод этилгани маълум қилинган. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ушбу лавозимга Маматқулов Абдулла Абдимўминович номзодини таклиф этган. Таклиф туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланган.

Абдулла Маматқулов 1985 йилда Олтинсой туманида туғилган. 2011 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини механик-технолог мутахассислиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖ директорининг ўринбосари, Бандихон тумани ҳокимининг ўринбосари, “Сурхондарёсувқурилишинвест” ДУК директори каби масъулиятли лавозимларда ишлаган. Тайинловга қадар “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ директори вазифасида фаолият юритган.

Музработ туманига 2024 йил сентябр ойи охиридан Алишер Қурбонов раҳбарлик қилиб келаётганди. Ҳоким этиб тайинланганига 1 йил ҳам бўлмаган Қурбоновнинг нега лавозимдан олингани аниқ эмас.  

Мавзуга оид