Ўзбекистон | 16:22
2097
6 дақиқада ўқилади

Бола кўзига телефон зарарини камайтириш учун нима қилиш керак? – офталмолог жавоб берди

Одамнинг кўзи туғилганидан бошлаб тахминан 20 ёшигача ривожланади. Мазкур жараён давомида кўз аста-секин катталашиб, шаклланади. Болаликдан телефон ва планшет каби қурилмалар билан ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказиш кўзга ортиқча юклама туширади. Бу эса визуал сигналларни танага етказувчи ушбу аъзонинг ўз ўқи бўйлаб чўзилишига олиб келади. Офталмолог Жамшиддин Сагдиевнинг Kun.uz мухбирига айтишича, бундай ўзгаришлар жарроҳлик амалиёти билан даволанадиган мураккаб муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Телефон ўзидан кўк нур (blue light) деб аталувчи тўлқинларни чиқаради. Ушбу нур қуёш нурлари таркибида мавжуд бўлса-да, сунъий манбалар, хусусан, LED экранлардан тарқалганда организмга салбий таъсир кўрсатади.

Смартфонга узоқ вақт давомида тикилиш кўз тўқималари, айниқса тўр парда (ретина)га босимни оширади, бу эса макула дегенерацияси (кўриш марказининг емирилиши) хавфини оширади. Бола кўзи ҳали тўлиқ шаклланмаган ва филтрловчи хусусияти заифроқ бўлиши туфайли катталарникига нисбатан кўк нурга таъсирчанроқ ҳисобланади. У экранга узоқ тикилганда кўзнинг табиий ҳимоя механизмлари, яъни ҳар 4-5 сонияда автоматик пирпираш, кўз суюқлиги ажралиши издан чиқади”, – дейди офталмолог.

Экранга тикилиб ишлаётган одамда кўзнинг пирпираш частотаси одатдагидан 60 фоизгача камроқ бўлади. Бу эса кўзнинг қуриши, қотиб қолиши, толиқиши ва мускулларнинг спазм ҳолатига тушишига олиб келади. 7 ёшгача бўлган болаларда ушбу ҳолат функционал бузилишларни юзага келтириши мумкин.

Инсон организми атроф-муҳитдан оладиган ахборотларнинг 70 фоизини айнан кўз орқали қабул қилади. Қолган 30 фоизи эшитиш, ҳид ва таъм билиш, сезиш ҳиссиётларига тўғри келади. Кўз тўғридан тўғри мия билан боғланган нерв толалари орқали маълумотларни қайта ишловчи мураккаб тузилма. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кўз саломатлиги фақат жисмоний эмас, ақлий ва руҳий саломатлик учун ҳам муҳим. Кўриш қобилиятининг пасайиши тафаккур, эслаб қолиш, концентрация ва реакция тезлиги каби кўникмаларга салбий таъсир қилади. Электрон қурилмалардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш оқибатида кўз олмаси зўриқиб, фокус қилиш қобилияти сусаяди, мияга ортиқча юк тушади. Натижада болалар тез чарчайди, ўқишга қизиқиш камаяди ва фикрлаш жараёни секинлашади”, – дейди Жамшиддин Сагдиев.

Шифокорнинг айтишича, телефонлардан тарқаладиган нурнинг энг хавфли таъсирларидан бири миянинг мелатонин ишлаб чиқаришига тўсқинлик қилиши ҳисобланади. Мелатонин “уйқу гормони” бўлиб, организмга кечаси дам олиш кераклиги ҳақидаги сигналларни узатади.

Экранга кечқурун, айниқса, соат 20:00 дан кейин қараш мелатонин ишлаб чиқариш даражасини 22 фоизгача камайтириши мумкин. Бу эса боланинг уйқу сифати пасайиши, диққати сусайиши, ҳиссий барқарорлиги бузилиши ва унда кун давомида чарчоқ ҳиссининг ортишига сабаб бўлади. Мунтазам равишда етарлича ухлолмаслик эса болаларда стресс гормони ҳисобланмиш кортизол миқдорининг ошишига туртки бўлади, ушбу ҳолат ўз навбатида, когнитив (идрок, хотира, эътибор) жараёнларни секинлаштириб, ўқув фаолиятига салбий таъсир кўрсатади”, – дейди офталмолог.

Болалар кўпинча телефон ва планшетдаги кичик ёзув ёки тасвирларни кўриш учун қурилмага жуда яқинлашиб қарайди. Бу эса кўз мушакларининг ҳаддан ташқари зўриқишига олиб келади. Ётган ҳолатда ёки бошни ён томонга эгиб, узоқ вақт давомида экранга тикилиш нафақат кўз, балки бутун гавдага таъсир қилади, умуртқа поғонасининг табиий шаклини бузади. Вақт ўтиши билан танада қийшайиш, бўйин ёки бел соҳасида эгрилик, кифоз, лордоз ва сколиоз каби муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Қоронғи шароитда экранга қараш кўзнинг шикастланиш хавфни икки карра оширади. Чунки тунги пайтда кўз қорачиғи кенгаяди ва экран нури кўзга одатдагидан кўра кўпроқ тушади. Ёруғликнинг ҳаддан ташқари кўп кириши кўз рецепторларини зўриқтиради, қуритади, хиралаштиради, натижада миопия (яъни узоқни яхши кўрмаслик) ривожланади.

Соғлом кўзда тасвир тўғридан тўғри тўрпардага тушади. Миопияда эса кўз олмаси чўзилиб кетган бўлади. Оқибатда тасвир тўрпардадан олдин ҳосил бўлади ва одам узоқдаги нарсаларни хиралашган ҳолда кўради. Тадқиқотлар 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг ярми миопияга чалиниши мумкинлигини кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабаби эса гаджетлардан нотўғри ва узоқ вақт давомида фойдаланишдир. Миопия кучайиб кетса, уни жарроҳлик усули билан даволаш талаб этилади”, – дейди Жамшиддин Сагдиев.

Шифокотнинг тавсия қилишича, 2 ёшгача болага телефон бериш мутлақ мумкин эмас. Чунки бу даврда бола миясининг ривожланиши энг фаоллашган босқичда бўлади. Экран бу ривожланишни секинлаштиради. 2–5 ёшли болаларга кунига 1 соатгача таълимий контентларни томоша қилиши учун назорат остида бериш мумкин. 6–12 ёшдаги болаларнинг телефондан фойдаланиш вақти кунига 2 соатдан ортиқ бўлмаслиги зарур.

Экранли қурилмаларнинг кўзга зарарини камайтириш учун қуйидаги кўрсатмаларга амал қилиш лозим:

  • Қурилмани кўздан 35-40 см узоқликда сақлаш;
  • Тик ҳолатда, белни тўғри тутган ҳолда фойдаланиш;
  • Ҳар 20-30 дақиқада кўзга дам бериш, узоққа қараш ва кўз массажини қилиш;
  • Гаджетни ҳаракатсиз ҳолатда томоша қилиш.

Агар бола кўзини тез-тез пирпиратса, сиқиб қараса, ишқаласа ва кўзи ёшланса, уни офталмологга кўрсатиш лозим. Бу белгилар кўзда муаммо борлиги ҳақида сигнал беради.

Диёрахон Набижонова тайёрлади.

Мавзуга оид