Жаҳон | 13:50
3419
11 дақиқада ўқилади

Маоши ошаётган қирғизлар, тўхтатилган лайк жавобгарлиги ва «қора» туркман пахтаси

Қирғизистонда тиббиётчиларнинг маоши оширилиши эълон қилинди. Ҳукумат маошларни вақтинча нақд пул асосида тўлашга ҳам рухсат берган. Тожикистонда лайк босганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилинди. Туркманистон пахта теримига бюджет ходимлари ва болаларни жалб қилган. АҚШ «Толибон»нинг террорчи статусини қайта кўриб чиқмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қозоғистон МХХ давлатнинг 1,6 трлн тенгесини асраб қолди

Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати давлат бюджетининг 1,6 триллион тенгесини асраб қолгани ҳақида президентга баёнот берди. Tengrinews нашри эълон қилган хабарда келишича, йил бошидан бери 15 мансабдорлар коррупция билан қўлга тушган. Уларнинг умумий порахўрлиги 1,6 триллион тенгега етади, хавфсизлик хизмати бунинг олдини олган. Таққослашингиз учун бу қарийб 40 млрд 400 миллион сўм дегани. Президентга топширилган ҳисоботга кўра, 1,6 триллион тенгедан 220 миллиарди давлатга қайтарилган, қолганининг олди олинган. Бундан ташқари, Қозоғистон 5 ой давомида 3025 нафар хорижликларни давлатдан чиқариб юборган. Чегарадан қурол-яроғ, ўқ-дорилар, гиёҳвандлик воситалари ба бошқа тақиқланган нарсаларни олиб ўтишга 600 дан ортиқ уриниш ҳолатлари содир бўлган. Чегарадан 11 млрд тенгелик валюта, 16,6 млрд тенгелик товарларни ноқонуний олиб ўтишга чек қўйилган. Хавфсизлик хизмати давлат ахборот тизимларига 5 ой ичида 796 миллиондан ортиқ киберҳужумлар бўлганини, булар қайтарилганини ҳам эълон қилди. Хавфсизлик хизмати раиси Эрмек Сагимбаев, президент Тўқаев билан учрашаркан, терроризм ва экстремизмга алоқадор бўлган 212 нафар чет эл фуқароларининг Қозоғистонга киришга уринишларининг олди олингани, 1498 нафар хорижлик радикал шахсларнинг мамлакатга киришига чек қўйилгани, террорчилик ва экстремистик жиноятларни содир этгани учун қидирувда бўлган 12 нафар чет эл фуқароси ушланганини ҳам айтиб ўтган. Хавфсизлик хизмати йил бошидан буён 13 жиноий гуруҳни аниқлаган, уларнинг 142 нафар аъзоларини рўйхат қилиб, 40 нафарини қўлга туширган.

Қирғизистон ҳукумати маошларни нақд пулда тўлашга рухсат берди

Қирғизистон ҳукумати маошларни нақд пул шаклида тўлашга рухсат берди, аммо вақтинча. Вазирлар маҳкамаси иш берувчиларга қайси ҳолларда нақд пулда ҳам маош тўлаш мумкинлиги ҳақидаги низомни тасдиқлади. Агар иш жойида банк инфратузилмаси бўлмаса, ишчилар мавсумий дала ишларида ишласа, компания ҳисоблари текширувда бўлса маошлар нақд пул шаклида ҳам тўланишига рухcат этилади. Бундан ташқари, 2026 йилнинг 1 январигача уй-жой кооперативлари ходимларига тўлов, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ишчиларига тўлов ҳам нақд пул шаклида берилишига ижозат берилган. Шу билан бирга, иш берувчилар солиқларни тўлаш ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мажбуриятларини сақлаб қоладилар.

Қирғизистонда шунингдек тиббиёт ходимларининг маоши сезиларли ошиши кутилмоқда. Давлатда тиббиёт тизимининг энг катта муаммоларидан бири – ходимларнинг сариқ чақага ишлаётгани, маошларнинг пастлиги эди. Яқинда президентдан жиддий танбеҳ эшитиб, тармоқларда муҳокама мавзусига айланган вазир Эркин Чечейбоев Ўш вилоятига бораркан, тиббиёт тизимидагиларнинг маоши оширилишини маълум қилди. Айтилишича, тиббиёт ходимларининг, жумладан, маъмурий, бошқарув, кичик ва техник ёрдам ходимларининг 2025 йилда маошларини ошириш бўйича ишлар давом этяпти. Эркин Чечейбоев Ўш вилояти силга қарши кураш маркази ходимлари билан йиғилиш ўтказиб, гаплашган. Вазир марказнинг шу йили ёнғин оқибатида зарар кўрган маъмурий биносини ҳам бориб кўрган. Янги бино ваъда қилган.

Тожикистон лайк босганлик учун жазони бекор қилди

Тожикистон лайк босганлик учун жиноий жавобгарликни бекор қилди. Президент Эмомали Раҳмон ижтимоий тармоқларда лайк, репост ва бошқа рақамли реакциялар учун жиноий жавобгарликни бекор қилувчи ҳужжатни имзолаган.

2018 йилда Тожикистон Жиноят кодексининг 179-моддасига террорчилик фаолиятига оммавий чақириқлар ва терроризмни оқлаш, шу жумладан интернетдаги ҳаракатлар учун жазони назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганди. Экстремизм ва терроризмга оид материаллар остидаги лайклар, репостлар ва изоҳлар жиноий фаолиятга алоқадорлик далили сифатида баҳоланди. Ўзгартиришларга кўра, бундай ҳаракатлар 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин edi. Шунингдек, Жиноят кодексининг 307-моддаси (экстремизмга оммавий даъватлар) узоқ муддатга - 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутган. 2024 йил октябр ойида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон лайк ва репост учун жиноий иш қўзғатиш амалиётини очиқчасига қоралаб, бу ортиқча ва нотўғри эканини айтган эди. У лайк қўйиш ёки изоҳ қолдириш каби онлайн ҳаракатлар автоматик равишда жиноят сифатида кўрилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Бу эълон интернетда ўз фикрини билдирган ёки тасодифан дин ва мухолифат вакилларининг материаллари билан мулоқотга киришган фуқаролар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳолатлари кўпайиб бораётган бир пайтда эълон қилинди. 2024 йилда Бош прокурор ўринбосари Умед Каримзода 1500 дан ортиқ одам экстремистик мазмундаги лайк ва изоҳлар учун судлангани ҳақида хабар берди. Ҳуқуқшунослар қонунга киритилган ўзгартишларни қўллаб-қувватлаб, бу ҳуқуқий адолатни таъминлаш, фуқаролар эркинликларини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади.

“Бировни лайк учун жавобгарликка тортиш хавфли ва ҳуқуқий жирканч амалиётдир. Буни бошқа ҳолатлар билан биргаликда кўриб чиқиш керак. Масалан, одам экстремизмни қўллаб-қувватлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйганми? Ўз қилмишининг оқибатини тушундими?” - дейди Тожикистондаги адвокатлик фирмаси эгаси.

Бундан ташқари, адвокат Тожикистон Жиноят кодекси жазони енгиллаштирадиган ёки қилмишнинг жиноийлигини бартараф этса, қонуннинг орқага қайтиш кучига рухсат беришини эслатди. Бу шуни англатадики, янги тузатишлар нафақат келажакдаги ишларга, балки аллақачон чиқарилган ҳукмларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Туркманистон пахта теримига бюджет ташкилотлари ходимлари ва болаларни мажбуран жалб этган

Туркманистонда пахта терими ҳали-ҳануз мажбурий меҳнат асосида давом этаётгани маълум қилинди. 19 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббуси, Progress foundation ва Сotton campaign биргаликда шарҳ эълон қилган, унда 2024 йил учун кузатувлар, хулосалар кўринади.

Ҳуқуқ фаоллари Туркманистондаги мажбурий меҳнатни узоқ йиллардан буён кузатиб, уни йўқ қилиш тарафдори. Ҳукумат ҳам ҳаракат қила бошлади ва 2024 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти билан режалар тузиб олган. Лекин мамлакатда пахта йиғим-теримига ёш-у қари бирдек жалб қилиб келинади, айниқса бюджет ходимлари тинимсиз далага ҳайдалади.

Мажбурий меҳнатни йўқ қилишга асосий тўсиқ – бунинг тепасида ўтирган амалдорларнинг ўзи, дейди ҳуқуқ фаоллари. Шарҳни эълон қилишдан аввал ташкилот вакиллари ҳар бир вилоятда бўлган, теримчилар билан, фермерлар билан, далада юриб, пахта тераётган давлат ходимлари билан учрашган, гаплашган. 2024 йил учун хулосалар шуки, ҳар бир давлат ташкилоти ходимларини пахтага мажбурий жалб қилади, ўзи бормаса ўрнига пулини тўлаб, теримчи ёллаши керак. Вилоятларда шифокорлар ва ўқитувчилар ҳам пахтага мажбурий чиқарилади, мажбурланмаган ўқитувчилар ҳам бор, дейди кузатувчилар.

Мактаблар, болалар боғчалари, касалхоналар ва поликлиникаларнинг техник ходимлари, шунингдек, уй-жой коммунал соҳаси ва давлат идоралари ходимлари меҳнатга мажбурланиб келинмоқда.

2024 йилги ҳосил даврида болалар меҳнатидан ҳам фойдаланилган. Гарчи давлат болалар меҳнатини расман тақиқлаганди. Ҳукумат пахта терими ставкаларини оширган, бу эса ихтиёрий теримчиларни, жумладан, болаларни рағбатлантирган. Ҳукумат 2024 йилда пахтанинг харид нархини ҳам оширди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, давлат ягона етказиб берувчи ва харидор бўлган шароитда иш ҳақини ошириш ва ишлаб чиқариш ускуналари билан таъминлаш кутилган самарани бермайди. Давлат деҳқонларга ерни ижарага бериб, уларни уруғлик, ўғит ва техника билан таъминлайди, тозалаш кампаниясини ташкил қилади, квоталар белгилайди ва уларга мувофиқ хомашё сотиб олади. Ҳар бир босқичда туркман амалдорлари оддий одамларни ишга мажбурлайди, пул ундиради, уларни иш билан таъминлаганини рўкач қилиб, муносиб иш ҳақи бермайди, дейди ташкилот вакиллари.

Шу боис муаллифлар ислоҳотлар, биринчи навбатда, бозорнинг оддий иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлашади.

Туркманистон пахта етиштириш бўйича дунёда 14-ўринда туради ва уни импорт қилмайди. Туркман пахтасининг энг йирик харидорлари қаторида Туркия, Европа Иттифоқи мамлакатлари бор. Италия ва Покистонга тайёр маҳсулотлар ҳам етказиб берилади. Италия ва Германия компаниялари ўз навбатида Туркманистонга тўқимачилик ускуналарини етказиб бермоқда.

АҚШ «Толибон»нинг террорчи статусини қайта кўриб чиқади

АҚШ «Толибон»нинг халқаро террорчи статусини қайта кўриб чиқмоқда. Давлат котиби Марко Рубиога кўра, Вашингтон толибларни “хорижий террорчилик ташкилоти” сифатида таснифлашни қайта кўриб чиқади.

Рубионинг қўшимча қилишича, бу Афғонистонда ҳибсда бўлган америкаликларнинг озод қилиниши билан боғлиқ.

Бу мақом ҳозир яна қайта кўриб чиқилмоқда, чунки сиз билганингиздек, сўнгги бир неча ҳафта ичида ҳибсга олинган баъзи америкаликларни озод қилишда маълум муваффақиятларга эришдик, деди у Вакиллар палатасида бўлиб ўтган эшитувда.

Давлат котиби АҚШ террорчи ташкилотлар, жумладан, «Ал-Қоида»га қарши курашда «Толибон»дан кўпроқ ҳамкорликни кутишини айтди.

Уларни рўйхатга олиш масаласида бир қатор қарорлар қабул қилишимиз керак бўлади, ва бу қарорлар охир-оқибат Афғонистонга нисбатан келажакдаги сиёсатимиз қандай бўлиши ҳақидаги ёндашувга асосланади. Биз уларнинг кимлигини ва ўтган замонда нималар қилганини аниқ биламиз. Биз улардан «Ал-Қоида» ва мамлакатдаги бошқа қаршилик кўрсатувчи гуруҳлар билан курашда кўпроқ ҳамкорликни кутмоқдамиз. Бу президентнинг уларнинг ҳамкорлигини кенгайтириш учун қўлидаги мавжуд воситалардан биридир, деди у.

АҚШ ҳукумати март ойида Афғонистон билан мулоқот туфайли ўз фуқароси Жорж Глезманни озод қилди. У 2022 йил декабрь ойидан бери Афғонистон махсус хизматларида ҳибсда сақланган. Январ ойида Афғонистон маҳбуслар алмашинуви доирасида яна икки АҚШ фуқаросини озод қилганди.

Мавзуга оид