Шарқ санъатидан метафизикагача: “Оламлар орасидаги нур” кўргазмасида нималар намойиш этилмоқда?
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий ҳамкорлик доирасида Москва вилояти Истра шаҳарчасида жойлашган “Янги Қуддус” музейида қўшма кўргазма иш бошлади. Экспозициядан 40 нафар рассомнинг 160 дан ортиқ асари ўрин олган. Бу лойиҳа унутилган ёки эътибордан четда қолган санъат асарларини қайта намойиш этишга қаратилган бўлиб, “Янги Қуддус” ҳамда И.В. Савитский номидаги Нукус санъат музейи коллекцияларини бирлаштиради

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур кўргазмада 1920–1930 йилларда яратилган ўзбек ва рус модернистлари асарларини кўриш мумкин. Бу сўнгги йиллар ичида ўтказилаётган илк халқаро қўшма кўргазма бўлиб, совет даври мафкурасини ўзида акс эттирмаган ва қоғозга туширилганига бир асрдан ошган бўлса ҳам ҳали ҳеч қаерда намойиш этилмаган икки ноёб санъат тўпламини бирлаштиради. Экспозицияда рангтасвир ва график ишланмалардан иборат турли асарлар мавжуд, уларнинг орасида Александр Волков, Соломон Никритин, Александр Шевченко, Климент Редко каби машҳур ижодкорларнинг ишланмалари ҳам бор.
“Ушбу кўргазма маданий меросга ҳурматни ошириш ва одатий бадиий талқинларга янгича ёндашишга қаратилган музейлараро ҳамкорликнинг натижасидир. У санъат тарихининг унутилган ёки бузиб талқин қилинган саҳифаларини очиб беради. Шунингдек, 1920-1930 йилларга фақат авангард ва соцреализм тўқнашуви эмас, балки янги бадиий тил, ички эркинлик ва эстетик тажриба изланган давр сифатида қараш имконини беради”, – дейди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова.
Кўргазма 1920-1930 йилларда ижод қилган рассомларнинг изланишларини акс эттирувчи мавзулар асосида тартибланган. Ҳар бир бўлимда ўша даврдаги рассомлар қандай фикрда бўлгани ва қайси санъат йўналишларида ишлагани акс этган.
Масалан, “Янги Шарқ мўйқалам усталари” бўлимида Шарқ маданияти ва миллий модернизмга оид асарлар жойлаштирилган. Бу ерда Александр Волков, Николай Карахан ва Ўрол Тансиқбоев каби рассомларнинг ишларини кўриш мумкин. Улар тасвирлаган манзараларда Шарқ меъморчилиги, урф-одатлари, тарихий воқеалар ва оддий инсонларнинг ҳаёти мужассамлашган. Айниқса, Карахан ва Тансиқбоевнинг монументал ва декоратив санъат услубидаги ишлари орқали ўша давр ижтимоий руҳини, миллий уйғониш жараёнларини ҳис этиш мумкин. Ушбу бўлимдаги асарлар ўз даврига оид ижтимоий фикрлар ва маданий изланишлар ҳақида ҳам маълумотларни тасвирлайди.
“Замон сиймолари” бўлими эса ХХ асрнинг 20-30 йилларида яшаган одамларнинг образлари ва портретларига бағишланган. Унда рассомлар оддий инсонларнинг юз ифодаси, кийим-кечаги ва ҳаёт тарзини тасвирлаш орқали давр руҳини етказишга ҳаракат қилган. Асарларда ишчи, деҳқон, зиёлилар каби турли касб эгаларининг сиймолари тасвирланган. Ҳар бир портрет аввалги давр одамлари ҳаёти, уларнинг ички дунёси ва орзуларига назар ташлаш имконини беради, яъни суратлар ўтган аср бошларида янги жамият қуриш учун қандай қадамлар ташланганини ифодалайди.
“1920-1930 йиллар метафизикаси” бўлимида Климент Редко ва Соломон Никритин каби рассомларнинг фалсафий қарашлари акс этган. Улар инсон ва замон, саноат ва табиат, фазо ва ер ўртасидаги кучли қарама-қаршиликларни мато орқали ифодалашга ҳаракат қилган. Мазкур рассомларнинг асарларида геометрия, ранглар контрасти ва абстракт шакллар орқали ички зиддиятлар тасвирланган. Шунингдек, руҳ, мавжудлик, технологик тараққиёт, инсоният келажагига оид қарашлар мужассамлашган.
Редко ва Никритин санъатни фақатгина гўзаллик яратиш воситаси эмас, фикр юритиш, жамиятни англаш ва инсонни идрок этиш усули сифатида кўрган. Уларнинг картиналари орқали томошабин янги давр силсиласидаги руҳий изтироб ва умид уйғунлигига гувоҳ бўлади. Бу бўлим санъатнинг фалсафа билан қанчалик чамбарчас боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам кўрсатади.
“Янги дунёнинг кашф этилиши. Рангтасвирчилар устахонаси” бўлимида анъанавий рангтасвир, яъни классик санъат услубларини сақлаб қолишга ҳаракат қилган рассомларнинг асарлари жамланган. Бу бўлимга Александр Шевченко, Ростислав Барто ва Николай Витинг каби ижодкорларнинг ишлари жойланган. Уларнинг асарларида эски ва янги услублар уйғунлашиб, санъатнинг замон билан бирга ривожланаётгани тасвирланган. Ижодкорлар ранг ва композиция орқали саноат, шаҳар манзаралари, меҳнаткаш одамларнинг ҳаёти ва янги технологияларни тасвир оламига олиб кирган.
“Бир-биридан 2000 километрдан узоқ масофада жойлашган икки минтақани ва умумий тарих саҳифаларини боғлаган “Оламлар орасидаги нур” кўргазмасини бугунги кундаги энг залворли халқаро маданий лойиҳа деб бемалол айта оламан. Лойиҳа Россиядаги минтақавий мақомга эга, етакчи ва энг йирик маданий муассаса ҳисобланувчи “Янги Қуддус” музейида бўлиб ўтмоқда. Ушбу музей, Нукусдаги И.В.Савицкий музейи билан бир қаторда 1920–1930 йиллардаги поставангард санъат коллекцияларини сақлаб келади, сўнгги йилларда санъат ихлосмандлари орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўйлайманки, мазкур лойиҳа орқали санъат асарларини намойиш этиш билан бир қаторда тарихий меросни сақлашга эътибор ва маданиятлараро мулоқот янада кучаяди”, – дейди Москва вилояти маданият ва туризм вазири Василий Кузнецов.
Маълумот ўрнида, кўргазмага келганлар рассомларнинг овозли инсталляциялари орқали уларнинг фикрларини эшитиши, 1920-1930 йиллар совет бастакорларининг кам танилган асарларини тинглаши ҳам мумкин. Бундан ташқари, кўргазма доирасида илмий каталог нашр қилинади, эсдалик совғалари ва болалар ҳамда катталар учун мўлжалланган алоҳида маданий дастурлар ҳам ташкил этилади.
Кўргазма 2025 йил 30 май санасидан 8 ноябр санасига қадар давом этади.
Диёрахон Набижонова
Мавзуга оид

20:48 / 29.05.2025
Темирйўл музейида овқатланиш шохобчаси ва аттракционлар очилгани танқидларга сабаб бўлди

11:05 / 10.05.2025
Нидерландияда Иккинчи жаҳон уруши даврида қурбон бўлган ўзбеклар хотирасига бағишланган музей очилди

09:38 / 26.04.2025
Eco Expo Central Asia: Тошкентда илк бор экологик технологиялар кўргазмаси бўлиб ўтади

11:34 / 19.03.2025