Жаҳон | 12:56 / 29.05.2025
2458
3 дақиқада ўқилади

Суд Трамп киритган кўплаб божларни ноқонуний деб топди

АҚШ савдо суди президент Доналд Трамп томонидан киритилган тарифларнинг бир қисмини ноқонуний деб топди. Судяларга кўра, Трамп ўз ваколати доирасидан чиққан, чунки мамлакат конституциясига биноан, ташқи савдо масалалари Конгресс томонидан назорат қилинади. Суд қарори дунё бўйлаб молия бозорларида ижобий реакция берди.

Фото: Reuters

АҚШ Халқаро савдо суди президент Доналд Трамп томонидан дунёнинг аксарият мамлакатлари товарларига нисбатан киритилган “жавоб” божларни ноқонуний деб топди ва уларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйди.

Судялар ҳайъатига кўра, АҚШ конституциясида бошқа давлатлар билан савдо алоқаларини тартибга солиш соҳасидаги эксклюзив ваколат Конгрессга берилган. Трамп эса бу қоидани юридик манёвр билан айланиб ўтишга уринган бўлса-да, амалда ваколат доирасидан четга чиққан деб топилди.

New York Times суд қарорини Трамп сиёсати учун дастлабки, лекин жиддий зарба деб атади.

АҚШда ҳозирги президентдан олдин ҳеч қайси давлат раҳбари 1977 йилда қабул қилинган “Халқаро иқтисодий фавқулодда ваколатлар тўғрисида”ги қонунга асосланиб бошқа давлатларга бож жорий қилишга уринган эмас. Бу қонун аслида иқтисодий санкциялар ва эмбарголарни тартибга солишга қаратилган бўлиб, унда тарифлар ҳақида умуман сўз юритилмаган.

Лекин Трамп бу қонунни янгича талқин қилиб, апрел ойида ўнлаб давлатларга бож қўллашини эълон қилган ва кейин ўз қарорининг амал қилишини вақтинча тўхтатган эди. Шунингдек, у Канада ва Мексика орқали АҚШга фентанил гиёҳванд моддасининг кириб келишида бу давлатларни айблаб, шу асосда уларга ҳам бож жорий қилган эди.

Суд янги тарифларни бекор қилиш учун ҳукуматга 10 кун муҳлат берди. Трамп маъмурияти эса дарҳол Федерал апелляция судига шикоят киритишини маълум қилди.

“Фавқулодда вазиятни қандай ҳал қилишни сайланмаган судялар белгиламайди”, деди Оқ уй матбуот котиби Куш Десаи. Унинг сўзларига кўра, президент “бу инқирозни бартараф этиш учун ижро ҳокимиятининг барча воситаларидан фойдаланади”.

Бу қарор Трамп маъмуриятининг пўлат, алюминий, автомобиллар ва бошқа муҳим товарлар, жумладан фармацевтика ва ярим ўтказгичларга нисбатан бошқа қонунлар асосида жорий қилган божларига тааллуқли эмас.

Шундай бўлса-да, суднинг ушбу қарори Трамп маъмуриятининг глобал савдо битимларига эришиш ҳаракатларига жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Чунки президент бу музокараларда Конгресс розилигисиз ўзи мустақил тарзда исталган вақтда тариф жорий қилиш ҳуқуқига эга эканини кўрсатиб келаётган эди. Хитой, Канада, Европа Иттифоқи каби энг муҳим савдо ҳамкорлар билан музокаралар ҳануз давом этмоқда. Суд қарори энди бу келишувларга таъсир қилмасдан қолмайди.

Молия бозорлари суд қарорини кўтаринкилик билан қарши олди. Қарор эълон қилинганидан кейин, АҚШ долларининг курси евро, иена, франк каби валюталарга нисбатан мустаҳкамланди. Дунё бўйлаб фонд биржаларида кўтарилиш кузатилди. Шунингдек, нефт нархи ҳам оша бошлади.

Мавзуга оид