Жаҳон | 17:39 / 30.05.2025
2525
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда музликлар 600 гигатонна сув йўқотди – Имомали Раҳмон

У Тожикистон музликларини ўрганиш бўйича халқаро экспедиция ўтказишни таклиф қилди.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

2023 йилда музликларнинг эриши оқибатида йўқотилган тоза сув ҳажми рекорд даражадаги 600 гигатоннани ташкил этди, бу эса денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келди. Бу ҳақда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 30 май куни Душанбеда музликларни асраш бўйича биринчи халқаро конференцияда айтди.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, музликларнинг тез эриши сув ресурслари, иқлим барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишга таъсир этувчи энг кескин глобал муаммолардан бирига айланди.

Президент сўнгги ўн йилликда дунё тоғ музликларининг учдан бир қисми йўқолганини, Марказий Осиё музликларининг 60 фоиздан ортиғи жамланган Тожикистонда 14 минг музликдан 1300 га яқини аллақачон тиклаб бўлмас даражага келганини таъкидлади.

«Музликнинг ҳар бир йўқолган зарраси инсоният келажагига таҳдидни кучайтиришга қаратилган қадамдир», деб таъкидлади Раҳмон.

Давлат раҳбари қуйидаги ташаббусларни таклиф қилди:

- Тожикистон музликларини ўрганиш бўйича халқаро экспедиция ўтказиш;

- Криосфера тадқиқотлари учун ҳудудий лаборатория яратиш;

- Музликларни ҳимоя қилишнинг глобал стратегиясини амалга ошириш;

- Илмий маълумот алмашинувни ривожлантириш, шу жумладан сунъий йўлдош маълумотлари орқали;

- БМТ ҳузурида ташкил этилган Музликларни сақлаш халқаро жамғармасини қўллаб-қувватлаш.

Имомали Раҳмон Тожикистон ташаббуси билан 2025 йил Халқаро музликларни асраш йили, 21 март эса Бутунжаҳон музликлар куни деб эълон қилинганини эслатди. У Душанбедаги конференция криосферани ҳимоя қилиш бўйича янги халқаро жараённинг бошланғич нуқтаси бўлишига умид билдирди.

Анжуманда 80 та давлатдан 2500 нафардан ортиқ делегат иштирок этмоқда.

Мавзуга оид