Жаҳон | 16:07 / 30.05.2025
6788
9 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Ғазо бўйича сулҳи: Исроил қабул қилди, Ҳамас кўриб чиқмоқда. Тафсилотлар

Доналд Трамп ва унинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф ишлаб чиққан сулҳ режаси Ҳамасга юборилди. Ҳамас расмийси Бассем Наим ушбу сулҳ – халқнинг «уруш ва очарчиликни тўхтатиш» талабига жавоб бермаслигини айтди. Нетаняҳу эса Уиткоффнинг режаларини қабул қилди. Хўш, АҚШнинг сулҳ битимида қандай шартлар назарда тутилган?

Исроил-Ғазо чегараси яқинидаги Исроил танки. Фото: Амир Кохен / REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткоффнинг Ғазо бўйича сулҳ режаси Исроил томонидан маъқулланди. Ғазога ҳуманитар ёрдам киришини таъминлаш ва ҳудуддаги урушни тўхтатиш бўйича халқаро босим кучайиб бораётган пайтда ишлаб чиқилган таклиф 29 май куни Оқ уй томонидан Ҳамасга юборилган.

«Шуни тасдиқлайман: махсус вакил Уиткофф ва президент Ҳамасга сулҳ таклифини юборди, бу таклифни Исроил қўллаб-қувватлади. Таклиф Ҳамасга юборилишидан аввал Исроил томонидан имзоланган. Музокаралар давом этмоқда ва умид қиламизки, Ғазода сулҳ ўрнатилади, шунда биз барча гаровдагиларни уйига қайтара оламиз», деди Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит.

Каролин Левит / The New Republic

АҚШ Давлат департаменти вакили Темми Брюс эса Ҳамас Исроил томонидан қўллаб-қувватланган бу сулҳ режасини маъқуллайдими-йўқми, аниқ эмаслигини айтган. У «муайян умидлар борлигини» билдирган ва ушбу янги таклиф «катта салоҳиятга эга» эканини таъкидлаган.

Сулҳ нимадан иборат?

Исроилдаги манбанинг маълум қилишича, келишувнинг бошланғич босқичи 60 кунлик сулҳ ва БМТ назоратидаги гуманитар ёрдам оқимини ўз ичига олади.

Стив Уиткоффнинг янги таклифи тафсилотлари оммага ошкор қилинмаган. Бироқ Ҳамас расмийси ва исми ошкор этилмаслик шарти билан Миср расмийси айрим тафсилотларни мустақил тарзда тасдиқлаган. Reuters нашрига кўра, янги таклиф қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • 60 кунлик жанговар ҳаракатларни тўхтатиш;
  • доимий сулҳга олиб борувчи жиддий музокараларга кафолат;
  • Исроил гаровдагилар озод қилинганидан кейин урушни қайта бошламаслиги ҳақида кафолат;
  • Исроил армияси март ойидаги сулҳ пайтидаги позицияларига қайтиши;
  • Ҳамас бу 60 кунлик танаффус давомида 10 нафар тирик гаровдаги кишини ва бир нечта жасадларни озод қилади. Бунинг эвазига Исроил томонидан 1100 дан ортиқ фаластинлик маҳбуслар озод этилади;
  • бу муддат давомида ҳар куни юзлаб гуманитар ёрдам юк машиналари Ғазога киришига рухсат берилади.

Мутахассисларнинг айтишича, Исроил томонидан деярли уч ой давом этган блокада гарчи сўнгги кунларда бироз юмшатилган бўлса-да, Ғазодаги аҳолиниочлик ёқасига олиб келган.

Ғазодаги вайроналар орасига кирган инсонпарварлик ёрдами. Фото: REUTERS / Hussam Al-Masri

Аммо бу янги таклиф томонлар ўртасидаги энг асосий тўсиқни ҳал қила оладими, бу ҳали номаълум. Исроил Ҳамас қуролсизланмагунча ва таслим бўлмагунча ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш имкониятини сақлаб қолишни хоҳламоқда. Ҳамас эса вақтинчалик сулҳ доимий урушни тўхтатиш ва Исроилнинг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетиши билан якунланишига кафолат талаб қилмоқда.

Исроил ва Ҳамас нима дейди?

Ҳамас расмийлари эса Исроил томонидан маъқулланган ушбу лойиҳага совуққонлик билан муносабат билдирди, бироқ уни расмий жавоб беришдан аввал батафсил ўрганмоқчи эканликларини айтди. «Ционистик жавоб амалда ишғолни давом эттириш ва ўлдириш ҳамда очарчиликни сақлаб қолиш дегани», деди Ҳамаснинг юқори мартабали расмийси Бассем Наим Associated Press мухбири билан суҳбатда. Унинг айтишича «бу таклиф халқнинг уруш ва очарчиликни тўхтатиш каби талабларига жавоб бермайди».

Бассем Наим / Middle East Monitor

Шунга қарамай, у ташкилот ушбу таклифни «миллий масъулият билан ўрганиб чиқишини» таъкидлади. Хусусан, Ҳамас расмийси BBC мухбири билан суҳбатда бу таклиф гуруҳнинг асосий талабларини, жумладан, урушни тўхтатишни қаноатлантирмаслигини ва улар тегишли вақтда расмий жавоб беришини маълум қилган. Reutersʼга кўра, Ҳамас вакили гуруҳ жума ёки шанба куни расмий жавобини беришини айтган.

Исроил ҳукумати ҳозирча бу борада расман изоҳ бермаган. Аммо бош вазир Бинямин Нетаняҳу пайшанба куни гаровдагиларнинг оилаларига Уиткофф режасини қабул қилганини айтган.

«Биз Уиткоффнинг кечқурун тақдим этилган янги режасини қабул қилишга розимиз. Ҳамас ҳали жавоб бергани йўқ. Биз Ҳамаснинг сўнгги гаровдагини озод қилишига ишонмаймиз ва барча гаровдагилар қўлимизга ўтмагунча Ғазодан чиқмаймиз», дея Нетаняҳудан иқтибос келтирди Channel 12 телеканали.

Бинямин Нетаняҳу / Исроил ҳукумати матбуот хизмати

Нетаняҳу матбуот хизмати кейинроқ баёнот чиқариб, телеканал мухбирларидан бирини учрашув хонасига яширин равишда аудио ёзиш мосламаси олиб киришга ҳаракат қилганликда айблади. Бироқ АҚШнинг таклифи қабул қилингани ҳақидаги хабарни инкор этмади.

Улар нима хоҳлайди?

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу урушни тугатишдан аввал барча гаровдагилар озод қилиниши, Ҳамас эса йўқ қилиниши ёки қуролсизлантирилиб, сургун қилиниши кераклигини айтган. Шунингдек, у Исроил Ғазони муддатсиз назорат қилишини ва аҳолисининг катта қисми кўчиб кетишини рағбатлантиришини билдирган.

Айни вақтда фаластинликлар ва халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми бу режаларни рад этган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ғазо аҳолисини мажбуран кўчириш халқаро ҳуқуқни бузади.

Ҳамас эса қолган гаровдагиларни фақат шартли равишда озод қилишга тайёр: кўпроқ фаластинлик маҳбуслар озод этилиши, доимий сулҳ ўрнатилиши ва Исроил Ғазодан тўлиқ чиқиб кетиши эвазига. Ҳамас шунингдек, ҳокимиятни мустақил фаластинлик сиёсий қўмитага топширишга тайёрлигини билдирган.

Ғазодаги тепаликда турган Ҳамас аскарлари. Фото: Getty Images

Асосий зиддият: Исроил вақтинчалик сулҳ асосида гаровдагиларни озод қилишни хоҳласа, Ҳамас доимий сулҳ эвазига ҳаракат қилмоқда. Бу фарқ АҚШ, Миср ва Қатар воситачилигидаги музокараларда бир ярим йилдан бери тўсиқ бўлиб келмоқда ва ҳануз ҳал этилмаган.

Исроиллик сиёсий шарҳловчи Акива Элдар Al-Jazeeraʼга берган интервюсида Нетаняҳу Ҳамас бу режани қабул қилолмаслигини билган ҳолда уни илгари сураётгани ҳақидаги фаразни айтган.

«Бу ҳолат ғалати – одатда биринчи бўлиб таклифни қабул қиладиган Ҳамас бўларди. Нетаняҳу, эҳтимол, Ҳамас бу режани қабул қилолмаслигини билган ҳолда уни илгари сурмоқда, шунда уларни “ёмонлар” сифатида кўрсатиб, урушни давом эттира олади. Бу илгари ҳам бўлган. Нетаняҳу айбни улар зиммасига юклаган», – деган Элдар.

Исроилга халқаро босим ортмоқда

18 ойлик урушдан сўнг, ҳар қандай жанговар ҳаракатларнинг тўхтатилишига доир битим – халқаро ҳамжамият, жумладан, Исроилнинг иттифоқчилари томонидан босим ортиб бораётган бир пайтда юз бермоқда. Германия, Италия, Буюк Британия, Канада ва Франция сўнгги ҳафталарда Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини кенгайтиргани ва тинч аҳоли қурбонлари сони кўпайганини қаттиқ танқид қилиб, санкциялар билан огоҳлантирган эди.

Ҳатто Трампнинг ўзи ҳам лавозимга киришганида Бинямин Нетаняҳу билан яқин муносабатда бўлганига қарамай, сўнгги ҳафталарда Исроилни урушни тугатиш бўйича ҳаракат қилишга даъват қилмоқда.

«Биз улар билан гаплашмоқдамиз ва бу бутун ҳолатни иложи борича тезроқ тўхтатишни истаймиз», деган эди Трамп ўтган якшанба куни журналистларга.

Жорий йил январ ойида ҳам Исроил ва Ҳамас урушни тўлиқ тугатиш ва қолган гаровдагиларни озод этишга қаратилган кўп босқичли сулҳ режасига розилик берганди. Бироқ март ойи ўрталарида Исроил музокараларнинг кейинги босқичи тафсилотларида келишув бўлмагани сабаб сулҳни бекор қилиб, ҳарбий ҳаракатларни бошлади.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Ҳамасда 58 нафар гаровда олинган одам қолган, уларнинг 20 га яқини тирик бўлиши мумкин.

Saher Alghorra / The New York Times

Исроилнинг Ҳамас билан сўнгги йирик уруши 2023 йил 7 октябрдан бошланди. Ўшанда Ҳамас Исроилнинг жанубий ҳудудларига ҳужум уюштирди. Маҳаллий ОАВ 1200 киши ҳалок бўлгани ва 250 киши гаровга олинганини хабар беради. Шундан сўнг Исроил Ғазода бошлаган кенг кўламли уруш геноцидга айланиб кетди. Хусусан, Ғазо соғлиқни сақлаш органлари маълумотига кўра, охирги 1,5 йилда ҳарбий ҳаракатлар оқибатида 54 000 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. 120 мингдан ортиқ фаластинлик жароҳат олди. Ғазодаги деярли барча инфраструктура, фуқаролик объектлари вайрон қилинди.

БМТ маълумотларига кўра, Исроилнинг ер усти амалиётлари ва эвакуация буйруқлари натижасида 600 мингдан ортиқ одам яна кўчирилган. БМТ ҳомийлигидаги IPC ҳисоботи эса яқин ойларда 500 минг киши очликнинг ҳалокатли даражаларига юз тутиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Мавзуга оид