Жамият | 18:55 / 30.05.2025
1462
2 дақиқада ўқилади

Миграция агентлиги пул йиғиш акцияларини ўтказаётган фирибгарлардан огоҳлантирди

Ижтимоий тармоқларда хорижда вафот этган ўзбекистонликлар жасадларини ватанга олиб келиш учун турли акциялар ўтказилмоқда. Миграция агентлиги агар Ўзбекистон фуқароси хорижда вафот этса, унинг жасади Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан олиб келинишини эслатиб ўтди.

Фото: Freepik

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги хорижда вафот этган ватандошлар жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш учун турли пул йиғиш акциялари ўтказаётган фирибгарлардан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда хорижда ишлаб юрган ва вафот этган ватандошларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш учун блогерлар, турли шахслар пластик карта рақамларини чиқариб, пул йиғиш акцияларини ўтказаётгани кузатилмоқда.

Агентликка кўра, айрим ҳолатларда эски ёки нотўғри маълумотлар асосида одамларнинг ҳис-туйғуларидан фойдаланиб, фирибгарлик қилувчи шахслар кўпаймоқда. Уларнинг тарқатаётган маълумотлари орқали фуқаролар алданиб, пластик карталарга пул ўтказиб беряпти.

«Бу каби хабарларни кўрсангиз, ҳеч қандай пул ўтказманг. Бу вазиятда қонуний ва ишончли йўл — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигига мурожаат қилишдир», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, агар Ўзбекистон фуқароси хорижда вафот этган бўлса, Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан юртга олиб келинади.

Мурожаат учун (71) 202 33 55, 1282 рақамларига қўнғироқ қилиш ёки @huquqiy_yordam_uzbot Telegram ботига хабар йўллаш мумкин.

Мавзуга оид