Ўзбекистон | 13:48 / 30.05.2025
3136
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мавқейига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар айтилди

Хусусан, айрим соҳалардаги коррупция ҳолатлари, қонунларга риоя этишдаги муаммолар, матбуот эркинлигига оид камчиликлар мамлакатнинг рейтинглардаги мавқейига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.

Сенаторлар мамлакат халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этадиган устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги мавқейини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича муҳокама қилди.

Иқтисодиёт ва молия ҳамда Адлия вазирликлари мутасаддилари томонидан ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кўрсаткичлар бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Маърузада таъкидланганидек, 2024 йилда мамлакат учун устувор деб белгиланган 20 та халқаро рейтинг ва индекслардан 10 тасида Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари яхшиланди, 2 тасида ҳолат ўзгармасдан қолди, 2 таси бўйича эса натижалар ҳали эълон қилинмаган.

Ушбу натижалар давлат органлари, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларининг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги, аниқ индикаторлар асосида амалга оширилган ислоҳотлар самараси экани таъкидланди. Жумладан, “Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси”да Ўзбекистон 6 поғонага юқорилаб, 193 давлат орасида 63-ўринни эгаллади. Мамлакат “юқори”дан “жуда юқори” тоифага ўтган 17 давлат қаторига кирди.

“Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 48 поғонага сакраш ҳисобига 190 мамлакат ичида 91-ўрин, 82,5 балл кўрсаткич қайд этилди. Сўзга чиққанлар бундай кўрсаткич гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларнинг натижасидир.

Иқтисодий эркинлик индексида ҳам 6 поғонага ўсиш қайд этилди ёки Ўзбекистон 103-ўринни эгаллади. Шунга қарамасдан, Давлат бюджети ва давлат қарзига оид кўрсаткичлар ҳали ҳам изчил ислоҳотларни давом эттириш талаб этилмоқда.

Миллий маъруза таҳлиллари айрим рейтинг ва индексларда пасайиш ҳолатларини ҳам кўрсатди. Хусусан, айрим соҳалардаги коррупция ҳолатлари, қонунларга риоя этишдаги муаммолар, матбуот эркинлигига оид камчиликлар мамлакатнинг рейтинглардаги мавқейига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Олий Мажлис Сенати томонидан тегишли қарор қабул қилинди. Унда соҳалар бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш, масъул идоралар фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш, масъулиятни ошириш ҳамда рейтинг кўрсаткичларига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш бўйича истиқболга мўлжалланган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Мавзуга оид