Спорт | 16:34 / 31.05.2025
11354
19 дақиқада ўқилади

Финал олдидан: ким ва нега ғолиб чиқиши мумкин?

«ПСЖ» ва «Интер» ўртасидаги ЕЧЛ финалининг асосий интригалари ҳақида.

Фото: Getty images

Бугун, Тошкент вақти билан 31 май куни соат 23:55 да Мюнхендаги «Алянс Арена» ўйингоҳида «ПСЖ» ва «Интер» Чемпионлар Лигасининг навбатдаги ғолибини аниқлаш учун майдонда саф тортади.

Франция ва Италия тўқнашуви

Европанинг нуфузли турнирлари ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда кучли бешликдан Англия, Испания ҳамда «Бавария» туфайли Германия тилга олинади кўпинча. Италия ва Франция жамоалари одатда кейинги ўринларда саналади. Бу сафарги финал бу анъанага терс равишда айнан шу лигалар вакиллари ўртасида ўтиши ҳам ажойиб, футболда ҳеч нарсани олдиндан тахмин қилиб бўлмаслигини англатаётгандек гўё.

Ҳозирда молиявий муаммолар сабабли пасайиб қолган бўлишса-да, ўз вақтида Италия энг кучли лига бўлган ва «кичик жаҳон чемпионати» деб ҳам аталган. Шунинг учун нисбатан олганда италияликларда тарихан соврин кўпроқ – шу пайтгача 12 марта Италия клублари ЕЧЛ (аввал Чемпионлар кубоги) ғолибига айланишган. Финалда ютқазиш бўйича эса Италия яққол пешқадам – 17 марта.

«Интер» умумий жадвалда 7-жамоа саналади – миланликлар 3 марта ушбу турнир ғолибига айланган бўлишса, 3 марта финалда мағлубиятга учрашган. Янги форматга ўтилгач, Чемпионлар Лигасига айлангандан кейин «Интер» 2010 йилда ғалаба қозонган бўлса, 2023 йилда «Манчестер Сити»дан мағлубиятга учради.

Франция учун бу саккизинчи финал. Франция клублари ўз тарихида фақат бир марта Европада энг кучли деб топилган. 1993 йилда Марселнинг «Олимпик» клуби финалда Миланнинг шу номдаги бошқа жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Яъни, «ПСЖ» ғалаба қозонадиган бўлса, ўз тарихида илк бор Чемпионлар Лигаси кубоги эгасига айланади. Парижликлар бунга 2020 йилда ҳам уриниб кўрган, аммо ўшанда «Бавария»га мағлуб бўлинганди (0:1).

Мураббийлар

Албатта Луис Энрике ҳамкасбига нисбатан тажрибалироқ. Симоне «Лацио»да катта футболдаги илк мураббийлик қадамларини қўяётганда, Энрике «Барселона» билан Чемпионлар Лигасини ютганди. Симоне Италияда фақат бир марта, 2023/24 йиллар мавсумида чемпионликка эришган ва бир қатор ички кубоклар соҳиби бўлган, Луис Энрике эса Испания, Франция ва Италия чемпионатлари тажрибасига эга, ҳатто миллий жамоани ҳам бошқарган, Месси ва Мбаппе каби энг олий тоифадаги юлдузлар билан ишлаган. Ўз навбатида, агар бугунги жамоалар солиштирилганда, Индзагида устунлик кўришимиз мумкин. У тўрт йилдан бери айни жамоа, айни футболчиларни шуғуллантирмоқда ва таркиб бир хил услуб билан турли йўлларни, турли мағлубиятларни ҳам бошдан ўтказди. «ПСЖ» нисбатан янги жамоа, Энрике икки йил олдин ташриф буюрган бўлса-да, айнан шу кўринишдаги «ПСЖ» илк мавсумини ўтказмоқда.

Шахсий томондан ҳам ҳар иккисининг ўзига хос драмаси бор. Симоне Индзагининг футболчилик фаолияти акаси Филиппенинг сояси остида ўтди дейиш мумкин. Индзаги деганда, ҳамма барибир Филиппени тушунар, у Италияда ва Европада бир қатор совринлар, Чемпионлар Лигасидан тортиб, жаҳон чемпионатигача ютган бўлса, Симоненинг фаолияти анча камтар ўтган – «Лацио»да биргина чемпионлик билан кифояланган. Аммо мураббийликда Симоне анча уста чиқди. Чемпионлар Лигасини ютибгина Симоне ўз исмини футболга чуқурроқ ёзиши ва Индзаги деганда «қайси бири?» деган саволларга ўрин пайдо бўлиши мумкин.

... 2019 йилда Луис Энрикенинг 9 ёшли қизи Ксана оғир хасталик туфайли вафот этади. Ўша пайтда Испания миллий жамоасини бошқариб юрган мураббий шу сабаб билан жамоани тарк этган, ҳатто футболга қайтиши ҳам сўроқ остида қолганди. Кейинроқ у яна асосий жамоа бошқарувини қўлга олади, Европа чемпионатида қатнашди ҳам. Албатта, бўлиб ўтган фожиадан сўнг йирик турнирда ғалаба қозониш Энрике учун ўзгача маъно касб этса керак ва бу ғалабани қизи Ксанага бағишлаши тайин.

Дарвоқе, финални қайсидир маънода Римга ҳам боғлаш мумкин. Симоне Индзаги «Лацио» таркибида узоқ йиллар майдонга тўп сурган, беш йил бу жамоани бошқарган ҳам. Луис Энрике эса Римнинг қизил томонига тегишли – унинг футболдаги биринчи мураббийлик жамоаси 2011/12 йилги мавсумда «Рома» бўлганди.

Ким фаворит?

Яқинда «Мяч продакшн» портали ижодкорлари ҳар икки жамоанинг устунлик жиҳатлари ҳақида мулоҳаза юритиб, ғолиблик учун ҳар икки иштирокчида ҳам асослар етарли эканини санаб ўтишди. Қуйида ушбу мулоҳазаларни келтирамиз.

«ПСЖ» ғалабаси учун қандай омиллар бор?

Фото: Getty images

Жамоада ожиз нуқталар йўқ. Хавфли вазиятлар, тўп назорати ва аниқ паслар бўйича парижликлар турнирнинг энг яхшиларидан, урилган голлар сони бўйича фақат «Барселона»дан ортда. Ҳимоя чизиғи даражаси ҳам юқори: ўз дарвозаси олдида йўл қўйилган вазиятлар бўйича ҳатто ҳимоявий саналган «Интер»дан ҳам яхшироқ. Дарвозабон ўзининг энг яхши мавсумини ўтказмоқда. Соат механизмидек йўлга қўйилган Луис Энрике ғояларини ҳам ҳисобга олсак, ғирт футбол факторлари ва мантиқ бўйича «ПСЖ» яққол фаворит бўлиши керак.

Кўп қатламли ҳужум чизиғи. Дембеле футболчилик фаолиятидаги энг яхши формасида ва «Олтин тўп»га даъвогарлардан бири. Вингерлар тезкор, юқори техникага эга – ҳимоячилар томон юриши, узоқдан зарба ҳам бериши мумкин. Икки латерал – Мендеш ва Ҳакими тинимсиз равишда ҳужумни қўллаб-қувватлайди. Ҳар иккиси ҳам голлар уришади, олдинги чизиққа узатилган паслар бўйича турнирнинг кучли ўнлигига киришади. Яримҳимояни ҳисобга олмаганда ҳам бир вақтнинг ўзида «ПСЖ»нинг 5-6 нафар футболчиси рақиб дарвозасига хавф туғдиради.

Жисмоний кўрсаткичлар. «ПСЖ» таркиби анча ёш ва «Интер»нинг бутунлай акси. Захира ўриндиғи ҳам анча кенг, яъни алмаштиришлардан сўнг ҳам темп тушиб кетмайди. Ўртача олганда, ҳар ўйинда «ПСЖ» футболчилари «Интер»никига нисбатан ўртача 30 км кўпроқ югурар экан. Бундан ташқари, чемпионатда «ПСЖ» анча олдин ҳаммасини ҳал қилган ва икки ойдан бери айнан ЕЧЛ учун тайёрланмоқда. «Интер» эса мавсум охирида кўп куч сарфлаб юборди.

Рақиб устунликларини йўққа чиқариш. «ПСЖ» жароҳатлар гирдобидаги «Бавария» ёки ҳимояда бўш нуқталари мавжуд бўлган «Барселона» эмас. Парижликлар жуда текис, хатосиз, тартибли ҳимояланади. Жамоа ЕЧЛда тўпни олиб қўйиш, эгаллаш бўйича энг яхши кўрсаткичларга эга, жисмоний томондан кучли бўлган ҳимоячилар эса ҳар қандай қарши ҳужумларга дош бера олади. Марказдаги португалияликлар ҳам ҳимояда анча кучли, Витиня тўпни эгаллаш, Невеш эса рақибдан олиб қўйиш бўйича турнирдаги энг яхши футболчилар.

Натижа учун ўйнаш. Парижликлар нафақат рақибга босим қилиш, ўйинни ўлдиришни ҳам яхши ўзлаштирган. “Арсенал”га қарши яримфиналдаги каби ташаббусни бемалол рақибга топшириб ҳам қўйиши мумкин. Муҳими турли зарбаларни қабул қила олади – “Манчестер Сити”га қарши ўйинни эсланг, вақтида бурилиш ясаб, турнирни тарк этиш остонасидан қайтгандилар. Ёки Бирмиэмда “Астон Вилла”нинг камбэкидан сочилиб кетишмади. Яъни бу биз билган “ПСЖ” эмас, Луис Энрике шогирдлари турли сценарийларда ўзини яхши ҳис қила олади.

«Интер» ғалабаси учун қандай омиллар бор?

Фото: Getty images

Прессингдан чиқиш. Миланликлар учун «ПСЖ» услуби қулай. Индзаги рақибни прессингга чақириб, очиқ зоналар юзага келтириш ва улардан фойдаланишга уста. Худди шу шаклда улар «Бавария» ва «Барселона»ни кўп бор қопқонга туширишди ва бу жамоаларга жами 11 гол уришга муваффақ бўлишди. Мюнхенликлар билан ўйинда Зоммер тўпни оёғида сақлаб, кимдир келишини узоқ вақт кутганини эсланг. «Интер» бу турнирда энг кўп голни рақибга нисбатан камроқ тўпни назорат қилган ўйинларда урди.. Ҳаммаси тўғри ишлайди: яримҳимоячилар аниқ ўткир паслар узатади, ҳужумчилар усталик билан тўп учун курашиб, уни йўқотмайди.

Тажриба. «Интер» учун бу сўнгги уч йилдаги иккинчи финал. Ўша мураббий, деярли ўша футболчилар. Кучли бешлик жамоалари ичида энг тажрибали таркиб ҳисобланади. «ПСЖ» таркиби деярли янги, 2020 йилдаги финалдан фақат Маркинос қолган. Чемпионлар Лигаси ўзига хос турнир, бу ерда минг кучли бўлсангиз ҳам, бирданига чиқиб ютиб кетиш қийин. «Бавария» 2013 йилда чемпион бўлгунча икки финални бой берган, «Ливерпул» ва «Манчестер Сити» ҳам аламли мағлубиятлардан сўнг шоҳсупага чиқишган.

Реализация. «Интер» деярли ҳар икки аниқ зарбадан бирини голга айлантиради. «Бавария»га қарши 2.2 xG’дан 4, «Барселона»га эса 3.0 xG’дан 7 гол уришди. Бу ҳаммаси эмас, рақиблар ҳам «Интер»га қарши ўйинларда реализацияда оқсашади. Баъзида дарвоза устуни, баъзида Зоммернинг мўъжизавий сейвлари муқаррар голдан асраб қолади. Бундай омад ва чидамга қарши парижликларга осон бўлмаслиги тайин. Ахир «ПСЖ»нинг ўзи одатда яратилган вазиятлардан камроқ гол уради.

Индзагининг ўйин бошқаруви. «Интер» фахрийлари бор кучини ишлатгач, айни керакли паллада захирага олинади. Захирадан ўйинга қўшиладиган Фраттези эса ҳал қилувчи голни уради. Индзаги тактик юришлар орқали ўйинларда бурилиш ясашни билади. «Барселона»га қарши биринчи ўйинда ҳимояланиш пайтида футболчиларни кенгроқ жойлаштириб, қарши ҳужумларга замин ҳозирлаган бўлса, иккинчи ўйинда Аугустога ёрдамчи қилиб Торимийни туширди ва жамоа Ямални яхшироқ тўхтата бошлади. Симоне жуда мослашувчан, баъзи ўйинларда «Интер» тўлиқ ташаббус кўрсатади, баъзиларида эса иккинчи рақамда самарали ҳаракат қилади.

Жасорат. Чемпионлар Лигасидаги 14 ўйиннинг 13 тасида учрашувнинг энг яхшиси айнан «Интер» аъзоси бўлган. Аҳамиятли томони, саккиз фарқли футболчи. Майдонга тушиши сўроқ остида бўлган Лаутаро Мартинес «Барселона»га қарши чиқиб гол уради, ўнг қанот ҳимоячиси Думфрис гол ва узатмалар бўйича рекорд уриб ташлайди, оғир касалликни енгган Ачерби эса яримфиналнинг сўнгги сонияларида жамоасини қутқариб қолади. Пўлатдек бардошли йигитлар ҳақидаги суперқаҳрамонлар филмига ўхшайди ва бу яхшилик билан тугаши керакдек.

Финалгача йўл

«Интер» илк босқичдан бошлаб ўтказган 14 ўйинининг 10 тасини ўз фойдасига ҳал қилган. Уч ўйин дуранг ва фақат бир учрашувда миланликлар мағлубият аламини тотишган. Тўплар нисбати: 26-11

Гуруҳ босқичи: «Манчестер Сити» (сафарда) – 0:0, «Црвена Звезда» (уйда) – 4:0, «Янг Бойз» (сафарда) – 1:0, «Арсенал» (уйда) – 1:0, «Лейпциг» (уйда) – 1:0, «Байер» (сафарда) – 0:1, «Спарта» (сафарда) – 1:0, «Монако» (уйда) – 3:0.

1/8 финал. «Фейенорд» – 2:0, 2:1

1/4 финал. «Бавария» – 2:1, 2:2

1/2 финал. «Барселона» – 3:3, 4:3.

«ПСЖ» дастлабки босқичдан тўғридан тўғри нимчорак финалга чиқа олмагани учун 2 та кўпроқ ўйин ўтказган. 16 учрашув, 10 ғалаба, 1 дуранг, 5 мағлубият. Тўплар нисбати: 33-15

Гуруҳ босқичи: «Жирона» (уйда) – 1:0, «Арсенал» (сафарда) – 0:2, ПСВ (уйда) – 1:1, «Атлетико» (уйда) – 1:2, «Бавария» (сафарда) – 0:1, «Ред Булл» (сафарда) – 3:0, «Манчестер Сити» (уйда) – 4:2, «Штутгарт» (сафарда) – 4:1.

Плей-офф. «Брест»– 3:0, 7:0

1/8 финал. «Ливерпул» – 0:1, 1:0

1/4 финал. «Астон Вилла» – 3:1, 2:3

1/2 финал. «Арсенал» – 1:0, 2:1.

Ким қаҳрамон бўлади?

Ҳар икки жамоада ҳам етакчиликни қўлига олиши, финал қаҳрамони бўлишга лойиқ футболчилар кўп.

Усмон Дембеле. Усмон фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказяпти ва агар парижликлар ғалаба қозонадиган бўлса, у «Олтин тўп» учун курашда фаворитга айланиши шубҳасиз. Саволлар қолмаслиги учун эса у финалда ҳам ўзини кўрсатиши керак бўлади.

Дембеледаги ёрқинлик ва тилга тушганининг сабабларидан бири, худди жамоаси сингари у ҳам мавсумнинг иккинчи ярмидан, 2025 йилдан сермаҳсул ўйин кўрсата бошлади. Чемпионлар Лигаси доирасида унда 8 гол ва 4 ассист мавжуд бўлса, 8+3 айнан сўнгги турлар ва плей-офф босқичига тўғри келади. Айниқса, «Арсенал» ва «Ливерпул» дарвозаларига урилган сафардаги голлар Дембеленинг айнан қийин паллаларда керакли фарқни ўртага чиқара олишини исботлаяпти.

Лаутаро Мартинес. «Интер»нинг энг тажрибали ва етакчи ҳужумчиси. Сўнгги йиллардаги «Интер»ни Лаутаросиз тасаввур қилиб бўлмайди. Умуман, аргентиналик футболчиларнинг ушбу жамоадаги роли жуда катта, ҳатто тарихдаги энг яхши 10 тўпурарнинг 8 нафари аргентиналик экан. «Интер» дунё футболига аргентиналик мураббий Эланио Эрера билан кириб келгани ҳам бежиз эмас. Хуллас, «Интер»нинг ҳар қандай ғалабасини Лаутаро иштирокисиз тасаввур қилиш имконсиз. Агар «Интер» гол урса, албатта, Лаутаро унда қатнашади.

Жанлуижи Доннарумма. Доннарумма агар бир турнирнинг бирор ўйинида қаҳрамонлик кўрсатса, бу ўйин беиз кетмаслиги учун охиригача ўша даражада ўйнаш одати бор. Буни биз Италия ғолиб бўлган Европа чемпионатида ҳам кўргандик. Ливерпулдаги ўйин Жанлуижининг энг яхши ўйинларидан бири бўлганди, дарвозабон худди шундай ўйинни «Вилла» ва «Арсенал»га қарши баҳсларда ҳам давом эттирди. Бирмингҳэмдаги жавоб ўйинида Асенсионинг вазияти, «Арсенал»нинг Париждаги жавоб ўйинининг биринчи бўлимдаги босими айнан Доннарумманинг бехато ҳаракатлари эвазига бартараф этилди. Зоммердан фарқли равишда Жанлуижи нафақат ҳал қилувчи сейвлар амалга оширади, балки жарима майдони ичида қиролга айланиб, стандарт вазиятлар, рақибнинг юқори қаватдаги узатмаларига катта тўсиқ ҳам бўлади. Унинг атрофида тўпни хотиржам назорат қилиш имконсиз.

Хвича Кварацхелия. Хвича «Интер»га қарши энг кўп майдонга тушган футболчи. «ПСЖ»нинг мавсумдаги бурилишига сабаб бўлган трансфер. Унинг таркибга қўшилиши жамоа ўйинини бойитди, зеро гуржистонлик футболчи оддий вингер эмас, унда плеймейкерлик қобилияти Дуэ ёки Барколяга нисбатан кўпроқ. Хвича билан «ПСЖ» ҳужумлардаги бир хиллик йўқолди, рақиб энди хавфни қандай ва қай шаклда келишини билмасдан қийнала бошлади. Агар «Интер» ҳимоявийроқ тактика танлаб, жарима майдони атрофида кўпроқ футболчиларни жойлаштирадиган бўлса, Дембеленинг тезкор оёқларидан ҳам кўра, Хвичанинг мияси, узоқ масофадан берадиган зарбалари муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Дензел Думфрис. Мавсумда Европанинг энг сермаҳсул ҳимоячиларидан бири. Айниқса «Барселона»га қарши ўйинларда оддий қанот ҳимоячиси қай даражада ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкинлигини исботлади. Яримфиналнинг икки ўйинида у 2 гол ва уч ассист қайд этди. Бу йил «Барселона»га қарши ўйнаган футболчилар ичида фақат Мбаппеда (унда 4 ўйин) яхшироқ кўрсаткич қайд этилган, холос.

Думфриснинг фаоллиги нафақат «ПСЖ» ҳимоячиларига бошоғриқ бўлади, балки рақибнинг ҳужумларини ҳам эҳтиёткор қилиши мумкин. Думфриснинг «ПСЖ» чап қанотидаги Мендеш билан дуэллари эса финалнинг асосий қарама-қаршилигига айланиши турган гап.

Иқтибослар

Симоне Индзаги:

«Ҳар бир ўйин – алоҳида тарих. Ҳар бир деталга тўхталишга ҳаракат қилдик, бутун таркиб тайёр – бунақаси мавсум давомида ҳеч бўлмаганди. Жамоа муҳитида ишонч ҳукмрон.

Биз майдонга истак ва қатъийлик билан чиқишимиз керак. Биз финалгача жуда қийин йўлни босиб ўтдик. Шу ерда тўхтамоқчи эмасмиз ва йигитлар буни яхши тушуниб туришибди.

Чемпионлар Лигасини ютиш учун ҳамма нарса керак. Энг майда жиҳатларгача эътибор қаратяпмиз. Рақибимиз жуда кучли. Энрикени эса ҳам мутахассис, ҳам инсон сифатида қаттиқ ҳурмат қиламан».

Луис Энрике:

«Энг мураккаб вазифа аслида оддий. Агар жамоа ҳимояланса, ҳар бир чизиқда ҳудуд камаяди, лекин айнан шу фазада йигитларим жуда кучли. Муаммо нимада? «Интер»нинг ҳимоясида ҳам, ҳужумида ҳам индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар жамланган. Биргина гол билан ҳаммаси ҳал бўлиши мумкин. Энг муҳими финалга мослашиш керак. Нима бўлгандаям мен оптимистман».

Тахминий таркиблар:

«ПСЖ», 4-3-3: Доннарумма – Ҳакими, Маркинос, Пачо, Мендеш – Невеш, Руис, Витиня – Хвича, Дуэ, Дембеле.

«Интер», 3-5-2: Зоммер – Бастони, Ачерби, Павар – Димарко, Мхитарян, Чалхонўғли, Барелла, Думфрис – Мартинес, Тюрам.

Мавзуга оид