Жаҳон | 18:51 / 01.06.2025
8932
2 дақиқада ўқилади

АҚШда юк машинаси ағдарилиши оқибатида 250 млн асалари учиб кетди

​​​​​​​Ҳодиса жойида 20 дан ортиқ мутахассис асалариларни инига қайтариш бўйича иш олиб бормоқда. ЙТҲ содир бўлган автомобил йўли икки кунга тўлиқ ёпилди.

Фото: AP

АҚШда 250 миллионга яқин асаларини олиб кетаётган юк машинаси ағдарилиб кетди. Ҳодиса Линден шаҳри яқинидаги Вейдкамп автомобил йўлида содир бўлди, деб хабар бермоқда CBS News.

Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, юк машинаси ичида 32 тонна асалари уясини олиб кетаётган бўлган. Йўл-транспорт ҳодисасидан кейин ҳашаротлар бутун йўл бўйлаб сочилиб кетган. Ҳодиса жойига дарҳол асаларичилар етиб келган ва уларни ўз уяларига қайтариш ва она асалариларни қидиришга ёрдам берган.

Автомобил йўли камида икки кунга тўлиқ ёпилган — бу одамлар ва асаларилар хавфсизлиги учун зарур.

Авария оқибатларини бартараф этишга 20 дан ортиқ профессионал асаларичи жалб этилган. Расмийларнинг таъкидлашича, асаларилар аҳолига ҳеч қандай таҳдид уйғотмайди, аммо аллергияси бор одамларга эҳтиёт бўлиш тавсия қилинди.

«Айни вақтда ҳодиса жойидаги ишлар якунланди. Ағдарилиб кетган юк машинасидан омон қолган уялар чиқариб олинди, қайта тикланди ва фойдаланишга топширилди. Эрталабгача асалариларнинг аксарияти уяларига қайтиши керак», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид