Исроилнинг ёрдам тарқатиш жойларини ўққа тутиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 52 кишига етди
Фаластиндаги ёрдам тарқатиш марказлари яқинидаги ҳужумлар 27 майдан бери давом этмоқда.

Фото: Anadolu Agency
27 майдан буён Ғазо секторидаги гуманитар ёрдам тарқатиладиган ҳудудларни Исроил томонидан ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 52 нафарга етди, яна 340 киши яраланди.
Ғазо ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, зарбалар Исроил ва АҚШ ҳомийлигидаги «Ғазога ёрдам жамғармаси» деб номланган ташкилот томонидан ёрдам тарқатиш пунктлари жойлашган ҳудудларга берилган. Расмийларга кўра, бу марказлар яқинида ҳужумлар бир ҳафтадан бери давом этмоқда.
«Исроил кучлари очликдан азоб чекаётган уч нафар тинч аҳолини ўлдириб, яна 35 нафарини яралаб, янги жиноят содир этди», — дейилади баёнотда.
Яна бир ҳужум эксклав жанубидаги Рафаҳ шаҳри ҳудудида, ёрдам тарқатиш марказлари жойлашган ерда содир бўлди. Фаластин расмийлари ҳужумларни тинч аҳолига қарши 93 кунлик «очлик ва тизимли ҳужумлар» сиёсатининг бир қисми сифатида баҳолади. Сўнгги маълумотларга кўра, марказ 27 майдан иш бошлаганидан буён қурбонлар сони 52 нафарга, жами жароҳат олганлар сони 340 нафарга етган.
27 майдан бери Исроил армияси АҚШ ва Исроил ҳомийлигида фаолият юритувчи «Ғазо гуманитар ёрдам жамғармаси» деб аталадиган ташкилот доирасида ташкил этилган тарқатиш пунктларига ҳужум қилмоқда.
Шундай қилиб, ўтган якшанба куни Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида фаластинликлар ёрдам тарқатилишини кутаётган икки хил ҳудудга зарба берди. Ҳужумларда 32 киши ҳалок бўлди, 232 киши яраланди.
Исроил томони гуманитар ёрдам кутаётган тинч аҳолининг ўққа тутилиши ва ўнлаб одамлар ҳалок бўлганини рад этади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззарини аввалроқ «Ғазода ёрдам тарқатиш жараёни ўлим тузоғига айланганини» айтган эди.
«Ғазога инсонпарварлик ёрдами жамғармаси» деб номланган ташкилот жорий йилнинг феврал ойида Женевада нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган. Америка ва Исроил ОАВ хабарларига кўра, жамғарманинг ташкил этилиши ортида АҚШ ва Исроил расмийлари турибди.
Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги ва Ғазодаги Фаластин маъмурияти ташкилот Тел-Авив манфаатларини кўзлаб ишлаётганини ва унинг фаолияти БМТ ва бошқа мустақил гуманитар ташкилотларни минтақа аҳолисига ёрдам кўрсатиш жараёнидан сиқиб чиқаришга қаратилганини таъкидламоқда.
АҚШ жамғармани «мустақил» ташаббус сифатида кўрсатганига қарамай, унинг ижрочи директори Жейк Вуд расмий очилишдан бир кун олдин истеъфога чиқишини эълон қилди.
Вуд таклиф этилаётган ёрдам формати «инсонпарварлик тамойилларига зид» эканлигини билдирди ҳамда бетарафлик, инсонпарварлик ва мустақиллик каби қадриятларни «сиёсий манфаатлар учун қурбон қилиб бўлмайди», деди.
Мавзуга оид

15:00
Испания Исроил билан ракеталар етказиб бериш бўйича шартномани тўхтатди

14:25
Исроил армиясининг Ғазога ҳужумида бир кунда 97 киши ҳалок бўлди

15:14 / 04.06.2025
2024 йил можаро ҳудудларида яшаётган болалар учун «тарихдаги энг оғир йиллардан бири» бўлди

14:15 / 04.06.2025