Жаҳон | 22:17 / 03.06.2025
15043
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон собиқ президенти сиртдан 11,5 йилга ҳукм қилинди

Бишкек суди собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбаевни қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Суд ҳукми билан у барча давлат мукофотларидан ҳам маҳрум этилди.

Фото: ТАСС

Бишкекнинг Первомайск туман суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топди ва уни сиртдан 11,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Қайд этилишича, Атамбаев Чуй вилояти Қўй-Тош қишлоғида ер участкаларини ноқонуний йўл билан олганликда, Бишкек ИЭСини модернизация қилиш жараёнида коррупцияга йўл қўйганликда, шунингдек, 2019 йил 7–8 август кунлари Қой-Тош қишлоғида оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбдор деб топилган.

Бундан ташқари, собиқ президентнинг мол-мулки мусодара қилинади ва у барча давлат мукофотларидан маҳрум этилади.

Мазкур жиноят иши доирасида яна бир нечта юқори мартабали амалдор, жумладан, президент администрациясининг собиқ раҳбари Фарил Ниёзов ҳамда парламент собиқ депутати Ирина Карамушкина ҳам судланган. Уларнинг биринчиси 7 йил 8 ойга, собиқ депутат эса 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

17 апрел куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан «қонунга беписанд ўғри» деб аталмиш Азиз Батукаевнинг ноқонуний озодликка чиқарилиши билан боғлиқ иш бўйича суд ҳукми ўқилганди. Атамбаев Қирғизистон Жиноят кодексининг 319-моддаси (коррупция) бўйича айбдор деб топилган, бироқ даъво муддати ўтганлиги сабабли жазодан озод этилган эди.

Алмазбек Атамбаев 2011-2017 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган, ҳокимият Сооронбай Жеэнбековга ўтганидан кейин уларнинг муносабатлари ёмонлашган ва Атамбаев мухолифатга ўтган. 2019 йилда унинг дахлсизлиги олиб ташланган ва у бир қанча жиноятларда айбланди.

Атамбаев 2020 йил июнь ойида Батукаевни ноқонуний равишда озод қилишда айбдор деб топилиб, мулкини мусодара қилиш ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш билан 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. 2023 йил 13 февралда Қирғизистон Олий суди янги очилган ҳолатлар туфайли ҳукмни бекор қилган ва эртаси куни Атамбаевга хорижга чиқишга рухсат берилганди.

Мавзуга оид