Қрим кўпригига навбатдаги ҳужум уюштирилди
Телеграм-каналларда кўприк ҳудудидаги портлаш акс этган видео тарқалган. Украина Қрим кўприги устунларини миналаштирганини айтмоқда. Кўприкда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилган.

Фото: Видеодан кадр
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) Қрим кўприги таянчларини сув остида портлатиш бўйича «янги ноёб махсус операция» ўтказганини даъво қилмоқда.
Махсус хизмат баёнотида айтилишича, бир неча ой давом этган операция доирасида УХХ ходимлари 3 июн куни эрталаб соат 4:44 да Қрим кўприги устунларини миналаштирган ва тротил эквивалентида тахминан 1100 килограмм қувватга эга «биринчи портловчи қурилма»ни ишга туширган.
Портлаш натижасида кўприк таянчларининг сув ости қисмлари шикастланган. «Амалда кўприк авария ҳолатида», – дейилади пресс-релизда. Шу билан бирга, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ.
УХХдаги манба маълум қилишича, операцияни хизмат раҳбари Василий Малюк шахсан назорат қилган. «Худо учликни яхши кўради, УХХ эса ҳар доим ўйлаган нарсасини охирига етказади ва доим бетакрор бўлади. Аввалроқ 2022 ва 2023 йилларда Қрим кўпригига икки зарба бергандик. Бугун биз бу анъанани сув остида давом эттирдик», – деди у.
Кейинроқ Малюк бу амалиёт юзасидан маълумот берди.
«Қрим кўприги – мутлақо қонуний нишон. Душман уни ўз қўшинларини таъминлаш учун логистика артерияси сифатида ишлатмоқда. Қрим – бу Украина ва ҳар қандай босқинчилик ҳаракати қатъий жавоб олади», – деган у.
Кўприкдаги оператив вазиятни кузатиб борувчи телеграм-каналда Москва вақти билан эрталаб соат 6 атрофида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар пайдо бўлди, соат 9 га келиб чеклов бекор қилинди.
Mash телеграм-канали 3 июн куни эрталаб соат 6 атрофида кўприк устида Украина дрони уриб туширилгани, унинг қолдиқлари йўлга тушгани ҳақида ёзган эди. Бу вақтда кўприкдан Таман томондан машиналар ўтиб кетаётган бўлган, бироқ жабрланганлар бўлмаган. Манбанинг таъкидлашича, ҳеч қандай шикастланиш ҳам йўқ. Шундан сўнг, мутахассислар йўлни текшириб, дрон қолдиқларини олиб ташлагунча кўприк уч соатга ёпилган.
Соат 15:23 да эса кўприк бўйлаб ҳаракат яна тўхтатилган.
Россиядаги ҳарбийлашган телеграм-каналларда кўприк ҳудудида украинларнинг денгиз дронлари ҳужуми қайтарилгани ҳақида хабар берилган.
«Интерфакс» Севастопол бухтасида денгиздаги йўловчи транспорти ҳаракати ҳам вақтинча тўхтатилганини хабар қилган. Севастополнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Михаил Развожаев флот «турли қуроллардан фойдаланган ҳолда сув ости қўпорувчилик ҳаракатларига қарши машғулотлар ўтказаётгани»ни маълум қилган.
Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючков Украина қуролли кучлари «Қора денгизнинг Қрим соҳиллари акваториясида» фаоллашгани ҳақида хабар берган.
Унинг сўзларига кўра, бир вақтнинг ўзида ахборот ҳужуми ҳам амалга оширилмоқда. «Ахборот майдонига кўплаб ёлғонлар ташланмоқда. Биз ахборот гигиенасига риоя қиламиз, фақат расмий маълумотларга ишонамиз», – дея ёзган у телеграм-каналида.
2022 йил октябр ойида Қрим кўпригида портлаш содир бўлган, натижада кўприкнинг автомобил қисми тармоқларидан бири қисман қулаб тушганди, темирйўл қисмида эса цистернали состав ёниб кетган. Портлаш оқибатида беш киши ҳалок бўлган. 2023 йил август ойида Василий Малюк октябр ойида Қрим кўпригидаги портлашни УХХ «амалга оширган амалиётлардан бири» деб атади. «Биз дўзахнинг етти айланасини босиб ўтдик, шунча одамдан яширинча фойдаландик. Россияликлар 22 кишини „қамоққа олишди“. Уларнинг барчаси террорчилик ҳаракатида иштирок этганликда айбланмоқда. Ваҳоланки, аслида улар ўзлари учун одатий бўлган оддий иш билан шуғулланишарди. Булар оддий россиялик контрабандачилар эди», – деганди у.
2023 йил 17 июлга ўтар кечаси кўприкка денгиз дронлари ҳужум қилди. Кўприкда содир бўлган портлаш оқибатида автомобилда кетаётган эр-хотин ҳалок бўлган, уларнинг 14 ёшли қизи жароҳатланган. Кейинроқ УХХ ушбу операция тафсилотларини ошкор қилди ва ҳужум пайтидаги видеоёзувни CNN телеканалига тақдим этди. Малюкнинг сўзларига кўра, кўприкка зарба бериш учун 850 килограмм портловчи модда билан тўлдирилган Sea Baby сув усти дронидан фойдаланилган.
Украина томони бир неча бор Қрим кўпригини ноқонуний объект ва шунга мос равишда Киевнинг қонуний нишони деб атаган – кўприк Россия армияси томонидан қўшинларга таъминот етказиш йўлларидан бири сифатида ҳам ишлатилади.