Жаҳон | 23:16 / 05.06.2025
2451
2 дақиқада ўқилади

АҚШ қурол ишлаб чиқарувчилари Мексикага 10 млрд доллар товон тўламайдиган бўлди

Мексика Америка қуролсозлик компанияларини судга берган эди. Бунга улар ишлаб чиқараётган қуроллар наркокартеллар қўлига тушаётгани сабаб бўлган. Суд Мексика ҳукуматининг даъвосини рад этди.

Фото: AFP/Getty Images

АҚШ Олий суди Мексиканинг Америка қурол ишлаб чиқарувчи компанияларига нисбатан даъвосини рад этди, деб хабар беради The Hill.

Мексика ҳукумати Smith & Wesson, Barrett Firearms, Beretta, Colt, Glock ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, Interstate Arms улгуржи сотувчисидан уларнинг қуроллари мамлакатдаги жиноий гуруҳлар ва наркокартеллар қўлига тушаётгани учун 10 миллиард доллар миқдорида компенсация талаб қилган.

Судя Елена Каганнинг маълум қилишича, даъво 2005 йилги Қонуний қурол савдоси ҳимояси тўғрисидаги қонунга (PLCAA) мувофиқ кўриб чиқилмайди. Қонун ишлаб чиқарувчиларни ўз маҳсулотлари ноқонуний фойдаланилгани учун таъқиб қилинишдан ҳимоя қилади.

Мексика 2022 йил октябрда қуролсозлик компаниялари устидан шикоят киритиб, уларни мамлакатдаги оммавий қон тўкилишларида айблаган. Мексика ҳукумати қурол ишлаб чиқарувчилар атайлаб ўқотар қуролларни тарқатиш тўғрисидаги қонунни бузганини, улар бу қуроллар жиноятчилар қўлига тушаётганини билган бўлсада, бунинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмаганини таъкидлаб келади.

«Агар бу истисно деб қабул қилинса, у қоиданинг катта қисмини ютиб юборади. Биз Конгресс PLCAA қонунидан бунчалик кенг истисно чиқаришни кўзлаганига шубҳа қиламиз ва аслида у бундай қилмаган ҳам», — деб ёзади судья Каган.

 

Мавзуга оид